Фирибгарлар муаллифлик ҳуқуқи бузилганлиги ҳақидаги сохта даъволар билан Instagram фойдаланувчиларидан товон пули талаб қилмоқдалар
Фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, Meta фирибгарларни аниқлашда қийналаётгани сабабли улар пул йўқотмоқдалар ёки ҳисоб рақамлари блокланиши хавфи остида қолмоқдалар.

Фирибгарлар муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида сохта даъволар қилиш орқали Instagram фойдаланувчиларидан товон талаб қилмоқда
Instagram блогерлари сохта муаллифлик ҳуқуқи шикоятлари туфайли аккаунтлари блоклангани ёки ўчирилганидан кейин минглаб фунт стерлинг йўқотганликларини айтмоқдалар.
Товламачилар Meta компаниясига тегишли ижтимоий тармоқ платформасига сохта даъволар тақдим этишган, сўнгра такрорий шикоятлар аккаунтнинг блокланишига олиб келиши мумкинлигини билган ҳолда, уларни қайтариб олиш учун товон талаб қилишган.
1,5 миллион кузатувчиси бўлган Instagram фойдаланувчиларидан бири BBC’га ўз аккаунтини тиклаш учун фирибгарга 50 доллар (37 фунт стерлинг) тўлаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Meta’нинг апелляция жараёни ҳафталаб давом этарди ва бундан олдин унга бой берилган даромад сифатида минглаб долларга тушган эди.
«Биз бундан жабр кўрганлар учун бу қанчалик оғир бўлиши мумкинлигини тушунамиз ва тизимларимиз, биринчи навбатда, одамларни бундай ҳолатлардан ҳимоя қилиш учун яратилган», деди Meta вакили.
«Текширувимиздан сўнг биз зарар кўрган контентни тикладик ва аккаунтларни бундан кейинги шу каби уринишлардан ҳимоя қилиш учун қўшимча хавфсизлик чораларини жорий этдик».
Бироқ, BBC суҳбатлашган контент яратувчиларининг айтишича, Meta яққол сохта ҳолатларни аниқлашда заиф ва агар сиз ойлик тўлов тўламасангиз, унинг апелляция жараёни жуда секин жавоб беради.
Lost in Time History Instagram аккаунти ўзининг 1,5 миллиондан ортиқ кузатувчиси билан тарихий суратларни баҳам кўради.
Унинг асосчиси Олли (у фамилиясини айтмади) BBC’га жамоатчилик мулки бўлган ёки ҳуқуқ эгасидан рухсат олган суратларини жойлаштиришини айтди.
Шунга қарамай, у 2026 йилда ҳозиргача ўнлаб «яққол сохта» муаллифлик ҳуқуқи шикоятларини қабул қилган.
Meta шикоятлар тақдим этилганда уларнинг ҳақиқийлигини текширмайди, шунинг учун агар кимдир такроран нишонга олинса, унинг аккаунти вақтинчалик ўчирилиши мумкин.
Оллининг айтишича, унга кўпинча бир вақтнинг ўзида, битта электрон почта манзилидан бир нечта огоҳлантиришлар келади.
Шундан сўнг, у билан ўша шахс боғланиб, суҳбатни Telegram шахсий хабар алмашиш иловасига кўчиришни сўрайди.
«Улар даъвони қайтариб олиш учун маълум миқдорда пул талаб қилишади», деди у — одатда бир неча юз доллар.
BBC даъвогарларнинг пул талаб қилган ёки яна муаллифлик ҳуқуқи бўйича шикоят қилиш билан таҳдид қилган хабарларини кўрган.
Олли охир-оқибат Instagram томонидан вақтинчалик ёпиб қўйилган аккаунтини тиклаш учун товламачига криптовалютада 50 доллар тўлашга рози бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари товламачилик қурбонларига товон тўламасликни маслаҳат беришади, чунки бу жиноий тизимни қўллаб-қувватлайди.
Оллининг айтишича, у «охирги чора» сифатида пул тўлаган, чунки бу ҳафталаб вақт олиши мумкин бўлган Meta билан боғланишдан кўра тезроқ эди.
Аммо тўловни амалга оширганидан сўнг дарҳол унга яна муаллифлик ҳуқуқи бўйича шикоятлар келган.
«Энг ёмони ҳам шунда», деди у.
«Сизни шунча азобга қўйган одамга пул тўлашга мажбур бўласиз ва бу ҳолат дарҳол яна такрорланади».
Муаллифлик ҳуқуқи бўйича даъволар билан неча марта нишонга олингани сабабли, Оллининг аккаунти монетизациядан маҳрум қилинган, яъни у энди юқори кўрсаткичли постлар учун Instagram’дан пул ишлаб тополмайди.
«Суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича ҳеч қандай текширув ёки [Meta томонидан] бунинг суиистеъмоллик бўлиши мумкинлигини аниқлайдиган тизим йўқ», деди у.
Бошқа Instagram фойдаланувчилари ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар ҳақида хабар беришган.
«Meta бутун жараён давомида ёрдам бермади ва улар блогерлар учун шу ерда эканликларини даъво қилишса-да, гаплашиш ва қўллаб-қувватлаш учун пул тўлашга мажбур қилишди», деди Morbid Kuriosity аккаунтини бошқарадиган Абин Том Себастьян.
Meta Instagram’да Verified (тасдиқланган) бўлиш учун ойига 9,99 фунт стерлинг тўлов ундиради, бу фойдаланувчиларга жонли чат орқали қўллаб-қувватлаш хизматидан 24/7 фойдаланиш имконини беради.
«Мен қайтариб бўлмайдиган ва муҳим бренд шартномаларини йўқотдим, улар афсуски бошқа блогер билан ҳамкорлик қилишни бошлашди ва Meta томонидан бу ҳолат бошқа такрорланмаслиги ҳақида ҳеч қандай кафолат ёки қўллаб-қувватлаш бўлмади», деди Себастьян.
Instagram’нинг таъкидлашича, фақат муаллифлик ҳуқуқи эгалари ёки ваколатли вакил муаллифлик ҳуқуқи бузилиши ҳақида хабар бериши мумкин ва у жабрланган фойдаланувчиларга тўғридан-тўғри ҳуқуқ эгалари билан боғланишни маслаҳат беради.
BBC Олли ва бошқа аккаунт эгаларининг мисоллари билан Meta’га мурожаат қилганидан сўнг, Meta уларнинг аккаунтларига қўшимча ҳимоя чораларини қўшганини ва бу келажакда шу каби муаммоларнинг олдини олишини айтди.
У одамлар ва корхоналарни алдаш ёки фирибгарлик қилишга қаратилган алдамчи хатти-ҳаракатларга қарши курашганини билдирди.
BBC муаллифлик ҳуқуқи эгаси бўлмаса ҳам, Instagram фойдаланувчиларига қарши муаллифлик ҳуқуқи бўйича шикоятлар юборадиган уч киши билан суҳбатлашди.
Уларнинг учаласи ҳам Ҳиндистонда ёки қўшни давлатларда жойлашган кўринади.
Улар аккаунтларни товон олиш учун гаровда ушлаб туришганини инкор этишмоқда — аксинча, муаллифлик ҳуқуқи эгалари номидан қонуний даъволар тақдим этишларини айтишмоқда.
Бироқ BBC улардан бирининг шикоятни қайтариб олиш учун 900 доллар (668 фунт стерлинг) сўраган хабарларини кўрган.
Улар бу хизмат учун тўлов эканлигини ва барча пулларни ўзларида сақлаб қолишларини тасдиқлашди.
Қолган икки киши умуман пул ишлаб топганликларини инкор этишди.
Бирининг айтишича, уларга нишонга олиш ва даъвони текшириш учун аккаунтлар юборилади.
«Агар мен улар бошқа бировнинг контентидан фойдаланаётганини аниқласам, ҳамманинг манфаати учун муаллифлик ҳуқуқи бўйича шикоятлар юбораман», деди у.
Иккинчиси эса уларга аккаунт эгаси ёки бошқа вакил орқали аккаунтлар ёки постлар юборилишини айтди.
Мижозлар номидан муаллифлик ҳуқуқи бўйича шикоятлар юбориш учун пул оладиган қонуний агентликлар ҳақиқатан ҳам мавжуд.
Аммо Олли — илгари тасодифан муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган материалларни жойлаштирганда улар билан тўқнаш келган — улар билан ишлаш одатда осон ва «фарқни осонгина сезиш мумкин»лигини айтади.
«Улар миллионлаб кузатувчиларга эга бўлган нуфузли компаниялар, шунинг учун бу жуда фарқ қилади», деди у.
Муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ бундай фирибгарликлар янгилик эмас, бу жиноятнинг бир тури интернетнинг дастлабки даврларига бориб тақалади, дейди Сассекс университетининг интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича маърузачиси ва рақамли муаллифлик ҳуқуқи бўйича эксперт Андрес Гуадамуз.
Илгари бу веб-сайт эгаларига юбориладиган электрон хатлар ёки мактублар бўлиб, унда интернетда ишлатилган фотосуратларга муаллифлик ҳуқуқи уларга тегишли эканлиги даъво қилинар ва суд жараёнидан қочиш учун пул сўралар эди.
Аммо яқинда бу тактиканинг кучайиши сунъий интеллект (СИ) туфайли буни кенгроқ миқёсда амалга ошириш осонлашгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
«Бу рақамлар ўйини», деди Гуадамуз BBC’га.
«Энди деярли ҳар ким буларнинг барчасини қандайдир тарзда автоматлаштирадиган [СИ]ни ишга тушириши мумкин», деди у.
Миллиардлаб фойдаланувчиларга эга платформалар учун бундай товламачиликни назорат қилиш ва ҳақиқий муаллифлик ҳуқуқи даъволарини сохталаридан ажратиш ҳам қийинроқ.
«Тизим деярли муаллифлик ҳуқуқи бўйича шикоят қилган шахснинг даъвоси қонуний деган тахмин билан яратилган», деди у.

