Фермерлар, кластерлар ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари эълон қилинди
Бу ташқи бозорда пахтага бўлган талабнинг камайиши ва экспорт қилишдаги логистика харажатларининг ошиши билан боғлиқ.

Фермерлар, кластерлар ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари эълон қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Йиғилиш давомида фермерлар, кластерлар ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари эълон қилинди.
Пахтани биржада сотган фермерга, шунингдек, уни сотиб олган кластерга ҳар бир тонна учун 500 минг сўмдан субсидия ажратилади. Ўз ерларида пахта етиштирган кластерлар эса гектарига 1,5 миллион сўмдан субсидия олади.
Мутасаддиларга тайёр маҳсулот экспорт қилувчиларнинг чет эл валютасидаги кредитлари бўйича 5 фоиздан, миллий валютадаги кредитлари бўйича эса 14 фоиздан ошган фоиз қисмини уч йил давомида компенсация қилиш бўйича ҳисоб-китобларни тайёрлаш топширилди.
Бундан ташқари, маркетплейслар орқали сотилган маҳсулот қийматининг 3 фоизини қайтариш масаласи бўйича таклифлар тайёрланади.

