Иқтисодиёт

Андижонда мева-сабзавотни қайта ишлашга 100 млрд сўм йўналтирилади

Андижонда мева-сабзавотни қайта ишлашга 100 млрд сўм ажратилади

Президент Андижон вилоятида ўтаётган йиғилишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик йўналишларида йирик комплексларни кўпайтириш бўйича вазифалар белгилаб берди.

Улуғнорда пахтадан озуқа экинларига ўтказилган 5 минг гектар ер камида 10 минг бош қорамол боқиш имконини беради. Дала четидаги ерлардан самарали фойдаланиш орқали ҳам чорвачиликни кенгайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Йил охиригача ана шундай майдонларнинг камида 200 гектарида чорва боқиш учун шароит яратиш, шунингдек, Улуғнор ва Бўстонда йирик чорвачилик комплекслари лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди.

Балиқчида ишга туширилган 20 млн долларлик товуқ гўшти комплекси тажрибаси асосида Жалақудуқда 4 та, Хўжаободда 3 та шундай комплекс лойиҳасини бошлаш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Улуғнордаги 1,2 минг гектар майдонда Балиқчи тумани тажрибаси асосида балиқчилик кластери ташкил этилади.

Жалақудуқ, Марҳамат, Асака ва Андижон туманларидаги адир ерларини иқтисодий айланмага жалб этиш бўйича янги чоралар белгиланди.

Алоҳида “Агростар” компанияси ташкил этилиб, баҳоргача 4-5 минг гектар майдонга сув чиқариш ва шафтоли, гилос, ўрик, олхўри каби саноатлашган боғларни барпо этиш бошланади. Боғлар уч йил парваришланиб, аҳолига тайёр ҳолатда таклиф қилинади.

Бу мақсадлар учун 30 млн доллар, адирларга сув чиқариш учун эса 200 млрд сўм ажратилади.

Вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг ҳозирча 16 фоизи қайта ишланаётгани қайд этилди. Кичик ускуналарни аҳолига лизингга бериш ва туман брендларини яратиш орқали бу кўрсаткични 30 фоизга, экспортни эса 500 млн долларга етказиш мумкинлиги айтилди.

Мева-сабзавотчиликда “гектардан — максимал қиймат” тамойилига ўтилади. Кичик қайта ишлаш ускуналарини лизингга бериш учун 100 млрд сўм йўналтирилади.

Балиқчида 5 гектарда ташкил этилган иссиқхона лойиҳаси республика бўйлаб оммалаштирилади. Бунинг учун 300 млрд сўм, жумладан, Андижонга 50 млрд сўм ажратилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.