Фарғонада ҳомиладор аёлнинг ўлимига сабабчи бўлиб, фожиа изини яшириш учун сохта СОВИД-19 ҳужжати тайёрлатган шифокорнинг озодлиги чекланди

Фарғонада ҳомиладор аёлнинг ўлимига сабаб бўлиб, фожиа изини беркитиш учун сохта СОВИД-19 ҳужжати тайёрлатган шифокорнинг озодлиги чеклаб қўйилди
Фарғона вилояти Бувайда туманида ҳомиладор аёл вафот этгани ортидан икки шифокорга суд ҳукми чиқарилди.
Маълум бўлишича, 62 ёшли акушер-гинеколог Х.Ў. Бувайда тумани тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимида фаолият юритган. 2025-йил 22-ноябр куни соат 10:30 лар атрофида бўлимга 40–41 ҳафталик ҳомиладор М.Н. мурожаат қилган. Суд ҳужжатларига кўра, шифокор беморнинг тиббий картаси, аввалги касалликлари ва ҳомиланинг ҳолатини етарли даражада ўрганмаган.
Х.Ў. аёлга туғуруқни сунъий чақирувчи “Гландин-Э” препаратини қўллаган ва бунинг эвазига унинг турмуш ўртоғидан 150 минг сўм олган. Бир неча соат ўтиб, аёлнинг қоғоноқ суви кетган ва аҳволи кескин ёмонлашган. Қон босими пасайиб, нафас олиши қийинлашган, юзи кўкара бошлаган. Бемор жонлантириш бўлимига ўтказилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, ўша куни аёл ҳам, унинг ҳомиласи ҳам вафот этган.
Суд-тиббий экспертизаси аёл қоғоноқ суви эмболияси оқибатида юзага келган ДВС синдроми ва кўп аъзолар етишмовчилигидан ҳаётдан кўз юмганини аниқлаган. Экспертиза хулосасида бемор етарлича текширилмагани, туғуруқ жараёни тўлиқ кузатилмагани ва малакали ёрдам кўрсатиш кечиктирилгани қайд этилган. Шунингдек, ёрдам ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилганида она ҳамда ҳомиланинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти истисно этилмаслиги билдирилган.
Шундан кейин Х.Ў. айбини яшириш мақсадида хусусий диагностика маркази таъсисчиси ва лаборант-шифокор Б.О. билан тил бириктирган. У марҳумада СОВИД-19 аниқлангани ҳақида қалбаки хулоса тайёрлатиб, ҳужжатни беморнинг касаллик тарихига қўшган.
“Марҳума СОВИД-19ъдан вафот этгандек кўрсатиш учун қон намунаси бўлмаса-да, ижобий хулоса олдим. Лекин “Гландин-Э” шамчасини қўлламаганман, тўғрироғи, қўллашга улгурмаганман”, деган судланувчи.
Бироқ гувоҳлардан бири шифокорнинг препаратни қўллаганини бевосита кўрганини билдирган. Б.О. ҳам судда айбига иқрор бўлиб, марҳумадан қон намунаси олинмагани сабабли аввал хулоса тайёрлашдан бош тортганини айтган.
“Қони бўлмаса, текширув хулосасини бера олмаслигимни айтдим. Х.Ў. СОВИДъга ижобий хулоса ясаб беравер, қолган масала бўлса, ўзим жавоб бераманъ, деди”, деган у.
Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди Х.Ў.ни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 3-қисми (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва қалбаки ҳужжатдан фойдаланиш) билан айбли деб топган. Унга 3 йил 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, бир йил акушер-гинекология бўлимида ишлаши тақиқланган. Б.О. Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилган. Унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда бир йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

