Фарғонада бувисини ўлдириб, уйига ўт қўйган йигит 17 йилга қамалди

Фарғонада бувисини ўлдириб, уйига ўт қўйган йигит 17 йилга қамалди
Фарғона вилояти Бағдод туманида 20 ёшли йигит ўз бувисини ўлдириб, жиноят изларини беркитиш мақсадида унинг жасади бўлган хонадонга ўт қўйди. Бу жиноятни содир этишда унинг тенгдоши ҳам шерик бўлган. Суд қарорига кўра, йигит 17 йилга, шериги эса 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Маълум бўлишича, марҳума Бағдод туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида ёлғиз яшаган. У одамларга фоиз эвазига пул бериб келгани ва хонадонида маблағи борлигини набираси яхши билган. Аввал ҳам ўғрилик жинояти учун икки марта судланган набира навбатдаги жиноятни айнан шу пулни қўлга киритиш учун режалаштирган.
Жиноятдан икки кун олдин у Тошкентда ишлаб юрган танишига қўнғироқ қилиб, Бағдодда пул ишлаб олиш мумкинлигини айтган. Шериги туманга қайтиб келгач, улар тунги соат 23:00 ларда жиноий режани муҳокама қилган. Эртаси куни соат 15:00 ларда марҳуманинг яшаш манзилига бориб, вазиятни ўрганишган, бироқ кўчада одамлар кўплиги сабаб режани амалга оширмай ортга қайтишган.
Орадан бир кун ўтиб, улар яна хонадонга келган. Бу сафар атрофда ҳеч ким бўлмаган ва бувининг ҳам уйда йўқлигидан фойдаланиб, хонадонга кириб, пул ҳамда қимматбаҳо буюмларни қидира бошлаган. Шу пайт марҳума уйига қайтиб келиб, уларга қаршилик кўрсатган.
Шундан сўнг набираси ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан бувисининг кўкрак қисмига зарба берган. Аёл оғир тан жароҳати олиб, ҳушидан кетган. Шундан кейин жиноятчилар хонадондан тилла занжир ва зирак, автомобил монитори ҳамда 2 миллион сўм пулни олиб чиқиб кетган.
Кейин набира жиноят изларини яшириш мақсадида яна хонадонга қайтган. У соат 16:00 лар атрофида ёқилғи қуйиш шохобчасидан 10 литр бензин олиб, уни уй яқинига яширган. Соат 23:00 ларда бензинни олиб хонадонга кириб, уйнинг турли жойларига ва бувисининг жасадига сепган ҳамда ўт қўйган. Шундан сўнг эшикни қулфлаб, воқеа жойидан кетган.
Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судида кўриб чиқилган иш бўйича биринчи судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисмининг “п” банди, 169-моддаси иккинчи қисмининг “г” банди ва 173-моддаси иккинчи қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Иккинчи судланувчи эса Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисмининг “п” банди ва 169-моддаси иккинчи қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

