Фарғонада автомобил бошқарган 5-синф ўқувчисининг отасига чора кўрилди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони ўрганиш давомида Сўх туманида 5-синф ўқувчиси отасига тегишли Траскер автомобилини бошқаргани аниқланди. Вояга етмаганнинг отасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг икки моддаси бўйича баённома расмийлаштирилди.

Фарғонада автомобил бошқарган 5-синф ўқувчисининг отасига нисбатан чора кўрилди
Фарғона вилоятининг Сўх туманида 5-синф ўқувчиси отасига тегишли Траскер автомобилини бошқаргани маълум бўлди.
Билдирилишича, ижтимоий тармоқларда вояга етмаган шахс автомобил бошқараётгани акс этган видео тарқалган. Ҳолат ўрганилганда, транспорт воситасини Сўх туманидаги 11-сонли умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси бошқаргани аниқланган. Траскер унинг отасига тегишли бўлган. Транспорт воситаси отаси иштирокида жарима майдончасига қўйилган.
Мазкур ҳолат бўйича вояга етмаганнинг отасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) ҳамда 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган.
135-модданинг 2-қисмига кўра, БҲМнинг 5 баравари, 47-модда бўйича эса БҲМнинг 1−5 баравари миқдорида жарима белгиланган.
Шунингдек, боланинг отаси билан профилактик суҳбат ҳам ўтказилган.
ЙҲХБ ота-оналарни вояга етмаган фарзандларига автомобил бошқаришига йўл қўймасликка чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда автомобилни бошқаришни вояга етмаган шахсга топширганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Агар бу оғир оқибатларга олиб келган бўлса, жавобгарлик жиноий бўлади.
ИИВ маълумотларига кўра, 2025-йилда Ўзбекистонда автомобилни 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларга бошқариш учун топшириш ҳолатлари қарийб 2500 марта қайд этилган. Бу каби ҳодисалар оқибатида 44 киши ҳалок бўлган, 101 киши жароҳат олган.

