Эрта никоҳ ва никоҳни қайд этмасдан диний маросим ўтказганлик учун жазо кучайтирилди
Ўзбекистонда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузганлик (шу жумладан, никоҳ расман рўйхатдан ўтказилмасдан диний маросимни амалга оширганлик) учун жарималар оширилди. Бу кеча президент томонидан имзоланган қонунда назарда тутилган.

Эрта никоҳ ва никоҳни қайд этмасдан диний маросим ўтказганлик учун жазо кучайтирилди
Ўзбекистонда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ҳамда никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Янги нормалар шу санадан эътиборан кучга кирди.
Эндиликда никоҳ ёшига етмаган шахс билан амалда никоҳ муносабатларига киришиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, илгари бу БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача эди.
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёки уйлантириш эндиликда БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Илгари санкция БҲМнинг 7 бараваридан 15 бараваригачани ташкил этарди.
Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузиш бўйича диний маросимни амалга оширганлик учун жарима БҲМнинг 30−50 бараваригача оширилди. Бунгача у БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача эди.
Баҳорда президент молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантиришни назарда тутувчи фармонни имзолаган эди. 2027 йилдан бошлаб иккала томон ҳам камида 21 ёшга тўлганда биринчи марта никоҳга кирган ёш оилаларга давлат томонидан қўшимча имтиёзлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.
Бундан ташқари, қонунчиликда никоҳ ёшини камайтириш учун аниқ, тугал асосларни мустаҳкамлаб қўйиш режалаштирилган эди. Ҳозирда ҳокимлар узурли сабаблар мавжуд бўлганда, мустасно ҳолларда — ҳомиладорлик, бола туғилиши ва вояга етмаган шахс тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда никоҳ ёшини 18 ёшдан 17 ёшгача камайтиришга ҳақлидир.
Статистикага кўра, Ўзбекистонда никоҳларнинг 40 фоизи 18−19 ёшдаги шахслар ўртасида тузилади.
1 сентябрга қадар никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи бундай фактлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин.

