Никоҳ шартномаси тузишда давлат божи ундириш бекор қилиниши мумкин

Никоҳ шартномаси тузилганда давлат божи олиш бекор қилиниши мумкин
Ўзбекистонда расмий никоҳни қайд этиш учун давлат божи ундириш бекор қилиниши эҳтимоли бор. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова 11-сентябр куни Сенат мажлисида маълум қилди.
Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, оилавий муносабатларни тартибга солишни такомиллаштиришга оид қонун лойиҳаси тайёрланган. Ҳужжат ҳозирда Президент администрациясига киритилган. Қонун доирасида бир қатор ўзгаришлар билан бирга никоҳни қайд этишда қулайлик яратиш ҳам кўзда тутилмоқда.
“Никоҳ шартномаси тузилганда, никоҳланувчиларни никоҳ қайд этилгани учун давлат божи тўлашдан озод этиш таклиф қилинмоқда. Бундан мақсад — никоҳ шартномаси тузишни тарғиб қилишдан иборат”, деди бош вазир ўринбосари.
Амалдаги қонунчиликка кўра, никоҳни қайд этганлик учун олинадиган давлат божи базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизига, яъни 88 минг сўмга тенг.
Сўнгги йилларда мамлакатда никоҳлар сони сезиларли камайиб бормоқда. Масалан, 2026-йил январ-июн ойларида 92,3 мингта никоҳ қайд этилган. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу даврида 95,3 мингта, 2024-йилнинг биринчи ярмида эса 97,4 мингта бўлган. Статистика қўмитаси таҳлилларига кўра, 2022-йил январ-июн ойларида тузилган никоҳлар сони қарийб 108,9 мингта эди.
Дилноза Каттахонова вояга етмаганлар никоҳи, ҳомиладорлиги ва туғруғи ҳолатлари юзасидан ички ишлар органларини хабардор этишга доир ҳукумат қарори лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилганини айтди.
“Яқин кунларда қонун кучга кириши кутилмоқда. Бундай ҳолат ҳақида хабар бериш мажбурияти юкланган мансабдор шахс ёки ходим томонидан ички ишлар органларига хабар берилмагани учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди. Сенат тавсияси асосида профилактика уч босқичли тизимга ўтказилади. Яъни, маҳаллада хавф гуруҳидаги оила аниқланиб, ота-она билан манзилли ишланади. Туманда мактаб, маҳалла, соғлиқни сақлаш, бандлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари иштирокида идоралараро иш ташкил этилади. Оилага психолог, юрист ва ижтимоий ёрдам ходим ёрдами кўрсатилади. Ҳудудларда эса ҳар бир туман ва маҳалла бўйича эрта никоҳ хавфи индекси жорий қилиниб, ягона мониторинг ташкил этилади”, деди қўмита раиси.
Дилноза Каттахонованинг таъкидлашича, бу масалада ёшлар етакчилари, профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар фаоллари мактабларда профилактик суҳбатлар ўтказишни бошлайди.
Бундан олдин никоҳ ёшига етмаганларга фақат иккита узрли сабаб билан оила қуришга рухсат берилиши хабар қилинганди. Ўз навбатида эрта никоҳ қурганлар, уларнинг ота-оналари ва никоҳ ўқиган диний соҳа вакилларига нисбатан жазо чораларини кучайтириш белгиланмоқда.

