Эрон Макка келишувига қўшилишга таклиф олди

Эрон Макка келишувига қўшилиш таклифини олди. Ҳозирда Теҳрон ушбу таклифни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Эрон парламенти ахборот агентлиги раҳбари Маҳди Раҳимий Ал Маядеен телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
Раҳимийнинг сўзларига кўра, минтақа давлатларининг ягона "хавфсизлик соябони"ни яратишга интилиши Эрон учун "ғалаба" ҳисобланади, чунки Эрон бунга узоқ вақтдан бери чақириб келган.
Бироқ, ҳозирча Эроннинг Макка келишувига қўшилишга рози бўлгани ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек, таклифни айнан қайси давлат ва қачон юборгани, шунингдек, Эроннинг эҳтимолий аъзолиги қандай шартларни назарда тутиши ҳам очиқланмаган. Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ҳукуматлари ҳам Эронни келишувга қўшилишга таклиф қилгани ҳақидаги хабарни расман тасдиқламаган.
**Макка келишуви нима?**
Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон раҳбарлари 7-август куни Маккада жамоавий мудофаа тўғрисидаги келишувни имзолаган эди. Келишувга кўра, уч давлатдан бирига уюштирилган қуролли ҳужум қолган икки давлатга ҳам қилинган ҳужум сифатида баҳоланади. Шу тариқа томонлар ўзаро мудофаа мажбуриятини олган.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан келишувдаги ушбу механизмни НАТО шартномасининг 5-моддасига қиёслаган. Бироқ у келишув Эрон ёки бошқа бирор давлатга қарши қаратилмаганини таъкидлаган. Айни пайтда келишувга бошқа давлатларнинг ҳам қўшилиши мумкинлиги айтилган. Миср ҳам эҳтимолий номзод сифатида тилга олинганди.
9-август куни Яман ҳусийлари Саудия Арабистонининг Жизан шаҳридаги Сауди Арамсо компаниясига қарашли нефтни қайта ишлаш заводига дрон орқали ҳужум қилганди. Ҳужум Саудия Арабистони Туркия ва Покистон билан мудофаа келишувини имзолаганидан икки кун ўтиб содир бўлган эди.

