Эрон Жанубий Кореяни Ҳормуз бўғозидаги жараёнларга аралашмасликка чақирди

**Эрон Жанубий Кореяни Ҳормуз бўғозидаги жараёнларга аралашмасликка чақирди**
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Жанубий Кореяни Ҳормуз бўғозидаги АҚШ операцияларига қўшилмаслик ва у ерга ҳарбийларни юбормаслик ҳақида огоҳлантирди. Теҳрон бундай қадам жиддий оқибатларга олиб келишини билдирди.
Ўтган ҳафта Сеул стратегик аҳамиятга эга Ҳормуз бўғозида АҚШ хавфсизлик саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшиш масаласини кўриб чиқаётганини билдирган эди. Теҳрон 28-феврал куни АҚШга қарши уруш бошланганидан бери бу бўғозни асосан ўз назоратида ушлаб турибди.
Жанубий Корея ўз ҳарбий тайёргарлигига зарар етмаган тақдирдагина бу қадамни кўриб чиқишини билдирган. Бироқ ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.
7-сентябр куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий Жанубий Кореяни АҚШнинг “босими ва қўрқитишлари”га таслим бўлмаслик ҳақида огоҳлантирди.
“Форс кўрфази ёки Ҳормуз бўғозига бошқа мамлакатларнинг ҳарбийлар юбориши ёки операцияларда қатнашиши тажовузкор томонни тўғридан тўғри қўллаб-қувватлаш деб баҳоланади. Бу жиддий оқибатларга олиб келади”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Апрел ойида сулҳ тузилиб, шиддатли бомбардимонлар тўхтагган бўлса-да, Эрон ва АҚШ Ҳормуз бўғози ҳамда унинг атрофида бир-бирига зарба беришда давом этмоқда.
Ҳар икки томон Ҳормуз бўғозини назорат қилиш учун курашаётгани сабабли музокаралар боши берк кўчага кириб қолган. Одатда бу сув йўлидан жаҳон нефт ва суюлтирилган табиий газ экспортининг бешдан бир қисми ўтарди. Уруш бошланганидан бери бу муҳим сув йўлидаги ҳаракат деярли тўхтаб қолган. Бу эса жаҳон энергия бозорларига салбий таъсир кўрсатди.
Айни пайтда Эрон бўғоздан ўтаётган кемалардан рухсат сўрашни талаб қилмоқда. Вашингтон ва минтақадаги бир қанча давлатлар бундай тартибга қарши чиқмоқда. Эрон эса чекловсиз кемалар қатнови тизимига қайтилмаслигини таъкидламоқда.

