АҚШ Харг ороли яқинида Эрон танкерига учта ракета билан ҳужум қилди

АҚШ Харг ороли яқинида Эрон танкерига учта ракета билан зарба берди
АҚШ Қуролли кучлари 5-сентябр куни Форс кўрфазидаги Эроннинг асосий нефт экспорт маркази саналган Харг ороли яқинида Ислом Республикасига тегишли танкерга ракеталар учирди.
Тасним агентлигининг Харг оролидаги мухбири берган маълумотга кўра, танкерга оролнинг лангар ташлаш жойида АҚШнинг тўртта ракетаси келиб урилган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар қайд этилмаган. Танкер экипажи хавфсиз жойга эвакуация қилинган.
Ҳозирча Эрон расмийлари бу борада расмий баёнот бермади. АҚШ Марказий қўмондонлиги ҳам изоҳ сўровига жавоб қайтармади.
31-август куни АҚШ президенти Доналд Трамп ижтимоий тармоқда сунъий интеллект ёрдамида яратилган видео жойлади. У кадр остига Харг ороли “вайрон бўлмоқда” деб ёзиб қолдирди. Эрон расмийлари эса оролга ҳужум қилинса, кескин жавоб берилишини маълум қилган.
Эрон ОПЕС ташкилотида учинчи йирик нефт ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади. Уруш бошланишидан олдин мамлакат хом нефтининг 90 фоизи Харг ороли орқали экспорт қилинар эди. Апрел ойи ўрталарида АҚШ Эрон нефт экспортини блокада қилишни бошлади. Шундан сўнг нефт этказиб бериш жараёни тўхтаб қолди.
Трамп 11-июн куни Харг оролини эгаллаб олмоқчи эканини айтган эди. Аммо у кейинчалик ҳарбий операция вақтинча бекор қилинганини билдирди. 17-июн куни Вашингтон ва Теҳрон урушни тугатишга қаратилган муваққат битим имзолади.
АҚШнинг Харг оролига ҳужуми Эроннинг нефт саноати ва иқтисодиётига кучли зарба ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиёти АҚШ денгиз блокадаси сабабли оғир аҳволда қолмоқда. Қўшма Штатлар бу блокадани Эрон Ҳормуз бўғозини амалда ёпиб қўйгач, жорий қилган. Урушгача ушбу муҳим сув йўли орқали дунё нефтининг бешдан бир қисми ташиларди.
АҚШ сўнгги маротаба 2-сентябрга ўтар кечаси Эронга кенг кўламли ҳужум қилганди. Оқибатда 18 киши ҳалок бўлиб, 108 киши яраланган. Қизил Ярим Ой жамияти эса Ҳормуз бўғози яқинидаги тўй маросимига берилган зарба оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани ва 67 киши жароҳатланганини билдирган.

