АҚШ Жанубий Корея билан яна бир ҳарбий машғулотни бекор қилди

АҚШ Жанубий Корея билан яна бир ҳарбий машғулотни бекор қилди. Бу ҳақда Сеул денгиз пиёдалари корпуси 24-август куни маълум қилди.
Сентябр ойига режалаштирилган ушбу қўшма ҳарбий-денгиз амалиётининг бекор қилинишига Вашингтон Эрондаги уруш туфайли америкалик ҳарбийларни жалб қилиш имконияти чекланганини сабаб қилиб кўрсатди. АҚШ Денгиз пиёдалари корпуси июн ойида Жанубий Корея расмийларига Сангёнг деб номланувчи бу машғулот учун қўшинлар етишмаслигини расман билдирган эди.
Икки иттифоқчи ҳарбий машғулотларни кейинчалик қайта тиклаш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Бироқ Жанубий Корея Денгиз пиёдалари корпуси вакили машғулотлар бекор қилинишининг ўрнини қоплаш бўйича аниқ чоралар ҳақида маълумот бермади.
АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган ҳафта бошқа бир йиллик қўшма машғулотни режадагидан бир неча кун олдин тўхтатишни буюрган эди. Трамп буни харажатлар ҳамда Сеулнинг Эрондаги урушда қатнашишни истамагани билан изоҳлаган.
Трамп ўзининг Трутҳ Сосиал платформасида Улчи Фреедом Шиелд машғулотлари Шимолий Кореяга нисбатан нотўғри ва душманона сигнал берганини ёзган. У ўзи президент бўлган даврда Шимолий Корея хавф солмагани ва ҳурмат кўрсатганини таъкидлаган.
Бироқ Трамп машғулотларни қисқартирганидан кўп ўтмай, Пхенян 10 та қисқа масофага учувчи баллистик ракета учирди ҳамда ҳар йили ўтказиладиган ушбу машғулотларни қоралаб расмий баёнот берди. Шимолий Корея бундай қўшма машғулотларни мунтазам равишда босқин машқлари деб атаб келади.

