Эл Нино сабаб Перунинг 893 та туманида фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Эл Нино туфайли Перу 893 та туманида фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Перу ҳукумати Эл Нино ҳодисаси сабабли юзага келиши мумкин бўлган кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари хавфи туфайли мамлакатнинг 23 та ҳудудидаги 893 та туманида 1-сентябрдан бошлаб фавқулодда ҳолат режимини жорий этди.
Маълум қилинишича, фавқулодда ҳолат режими 60 кун давомида амал қилади. Давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимият органларига кучли ёғингарчиликлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган кўчкилар, тошқинлар ва сув босиш хавфининг олдини олиш учун зудлик билан чоралар кўриш мажбурияти юклатилди.
Расмийлар маҳаллий инфратузилмани мустаҳкамлаш, эвакуация йўналишларини тайёрлаш ҳамда жуда юқори хавф зонасига киритилган ҳудудларда гуманитар ёрдам захираларини яратишга чақирди. Перу президенти Кейко Фуҳимори таҳдид миқёси маҳаллий ва ҳудудий ҳокимият органларининг имкониятларидан ортиқ эканини таъкидлади.
Прогнозларга кўра, 2026-йил сентябридан 2027-йил январигача бўлган даврда Перу ҳудудида Эл Нино ҳодисаси катта эҳтимол билан ўта юқори даражага етиши кутилмоқда.
Перунинг ушбу ҳодисани ўрганиш қўмитаси ҳисоботига кўра, яқин ойларда Эл Нинўнинг ўта кучли бўлиши эҳтимоли тахминан 70 фоизни ташкил этмоқда.
Эл Нино – Тинч океанининг экватор қисмидаги сув ҳароратининг меъёрдан ортиқ исиб кетишига олиб келадиган табиий ҳодиса бўлиб, у бутун дунё бўйлаб об-ҳаво шароитларига таъсир кўрсатади.
Аввалроқ Эл Нино сўнгги 40 йилда кескин кучайгани аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Галапагос оролларидаги маржонлар таҳлили Тинч океанининг шарқий қисмида Эл Нино билан боғлиқ ҳарорат тебранишлари саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан 36,5 фоизга ошганини кўрсатган.

