Экополиция Чирчиқдаги оқава сувларни тозалаш иншоотларида кенг кўламли қоидабузарликларни аниқлади

Экополиция Чирчиқдаги оқова сувларни тозалаш иншоотларида жиддий қонунбузарликларни аниқлади
Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ дарёсига қизил рангга бўялган сув оқизилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Шу муносабат билан Экология қўмитасининг Экополиция ходимлари Бизнес-омбудсман билан келишилган ҳолда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган "Тошкент вилояти сув таъминоти" АЖнинг Чирчиқ шаҳар оқова сувларни тозалаш иншоотида ўн кунлик текширув ўтказди.
Текширув шуни кўрсатдики, фақат биологик тозалаш учун мўлжалланган объект ифлосланишнинг рухсат этилган меъёрларидан ортиқ бўлган бўёқ моддаларига эга тўқимачилик корхоналари ва кимё саноати корхоналарининг оқова сувларини қабул қилган. Аэрация ва чўкмаларни чўктириш тизимидаги носозликлар туфайли тозалашнинг умумий самарадорлиги 27,7 фоизгача пасайиб кетган, ваҳоланки, қоидаларга кўра, бундай моддаларни олдиндан тозаламасдан коммунал канализацияга оқизиш қатъиян ман этилади.
Шунингдек, Бўстонлиқ туманидаги Ғазалкент шаҳарчасининг оқова сувлари умуман тозалаш иншоотига тушмагани ва тўғридан-тўғри Чирчиқ дарёсига оқизиб юборилгани аниқланди.
Текширув натижаларига кўра, корхонага тозаланмаган оқова сувларни оқизганлик, 2025 йилнинг III чораги — 2026 йилнинг II чораги учун экологик тўловлар бўйича ҳисоботларни тақдим этмаганлик, шунингдек, мажбурий бўлган фон мониторинги станцияси мавжуд эмаслиги учун компенсация тўловлари ҳисобланди.
Тозалаш иншооти раҳбари текширувнинг якуний далолатномасини имзолашдан бош тортди. Яғилган барча материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди, шунингдек, компенсация тўловларини мажбурий ундириш бўйича иқтисодий судга даъво аризаси тайёрланмоқда.

