Дунё бўйлаб журналистлар ўлими икки йилда 20 фоизга ошди — УНЕССО
Бу кўрсаткич 2024–2025-йилларда қайд этилди. Қурбонларнинг аксарияти дронлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.

Дунё бўйлаб журналистлар ўлими икки йил ичида 20 фоизга кўпайди — УНЕССО
2024–2025-йилларда дунё бўйича жами 189 нафар журналист ўз касбий фаолияти туфайли ҳаётдан кўз юмди. Бу кўрсаткич 2022–2023-йилларга қараганда 20 фоизга юқори.
Бу ҳақдаги маълумотлар УНЕССО бош директорининг журналистлар хавфсизлиги ва жиноятларнинг жазосиз қолиши бўйича ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, қайд этилган ўлим ҳолатларининг 127 таси ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларда юз берган. Уларнинг 40 фоизи учувчисиз учиш аппаратлари — дронлар зарбаси оқибатида ҳалок бўлган.
Энг кўп журналист Фаластинда вафот этган: 62 киши. Кейинги ўринларда Мексика (17 киши) ва Судан (14 киши) қайд этилган. Шунингдек, Украинадаги уруш давомида кўрсатилган даврда 12 нафар ОАВ ходими ҳам ҳаётдан кўз юмган.
“Маҳаллий ва халқаро ҳарбий мухбирлар катта хавф остида ишламоқда. Улар отишмалар ўртасида қолмоқда. Шунингдек, уларга ҳатто фронт чизиғидан узоқда ҳам қасддан ҳужум қилинмоқда. Можаро зоналаридаги тўртта мамлакатда журналистлар гуруҳлари вақтинча тайёрланган таҳририятлар ва иш жойларида ҳалок бўлди. Уларнинг умумий сони 36 кишини ташкил этди. Битта ҳолатда эса биргина ҳужум оқибатида тўққиз нафар журналист ўлдирилди”, дейилади ҳисоботда.
Сўнгги 20 йил ичида УНЕССО 1600 нафар журналистнинг ўлимини қайд этган. Бироқ бу ҳолатларнинг атиги 14 фоизи бўйича тергов ўтказилган. Шу билан бирга, қуролли низолар бўлмаган мамлакатларда якунланмаган терговлар улуши камайган. Бу кўрсаткич 2012-йилдаги 94 фоиздан 2026-йилда 77 фоизга тушган.
“Шунга қарамай, матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Чунки матбуот низоли ва низосиз ҳудудларда ҳамон жиддий хавф остида қолмоқда. Журналистлар эса бунинг учун оғир бадал тўлашда давом этмоқда”, деб таъкидлади УНЕССО бош директори Холид ал-Инаний.

