Дуал таълимда энг яхши ОТМ ва корхоналарга 3 млрд сўмгача берилади
2027/2028-ўқув йили якунидан дуал таълим самарадорлиги рейтинги юритилади. Энг юқори натижа кўрсатган учтадан ОТМ ва

Дуал таълимда энг яхши ОТМ ва корхоналарга 3 млрд сўмгача берилади
Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда 2027/2028-ўқув йили якунидан бошлаб дуал таълим шакли бўйича ОТМ ва буюртмачи корхоналарнинг самарадорлик рейтинги юритилади.
Рейтингда дуал таълим билан қамраб олинган талабалар улуши, уларнинг ўртача иш ҳақи ҳамда ўртача ўзлаштириш кўрсаткичига устувор аҳамият берилади.
Энг юқори натижа қайд этган учта олий таълим ташкилоти ва корхона рейтингдаги ўрнига қараб рағбатлантирилади. Биринчи ўрин учун 3 млрд сўм, иккинчи ўрин учун 2 млрд сўм ва учинчи ўрин учун 1 млрд сўм ажратилади.
2027-йил 1-январдан бошлаб муҳандислик, ишлаб чиқариш ва ишлов бериш, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги таълим соҳаларида дуал таълим олаётган ҳар бир талаба учун корхона томонидан тўланган иш ҳақи харажатларининг 50 фоизи ўқув йили якунида субсидия сифатида қопланади.
Шунингдек, дуал таълимга қабул қилинган талабалар сонига мутаносиб равишда корхоналарга «Тадбиркорлик субьектларининг барқарорлик рейтинги» платформасида қўшимча баллар берилади.
Корхоналар томонидан ОТМ ҳудудида дуал таълим учун амалиёт базасини ташкил этиш мақсадида олиб келинадиган жиҳозлар, ускуналар ва лаборатория жиҳозларига нисбатан божхона божи ставкаси 2030-йил 1-январга қадар 1 фоиз этиб белгиланади.
Дуал таълим дастури бўйича амалий машғулотлар учун корхоналар харид қилган ўқув ускуналари ва жиҳозларига уч йил муддатга тезлаштирилган амортизация қўллаш ҳуқуқи берилади.
Дуал таълимни самарали ташкил этган ОТМ ва корхоналарни аниқлаш учун танлов ўтказиш ҳам назарда тутилган. Унда талабалар қамрови, уларга тўланадиган иш ҳақи, ўзлаштириш даражаси ва битирувчиларнинг бандлиги асосий мезонлар сифатида баҳоланади.

