“Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг”. Мақсуд Шайхзоданинг шеърларидан тест
“Тошкентнома” достони, “Жалолиддин Мангуберди” ва “Мирзо Улуғбек” каби тарихий драмалар муаллифи Мақсуд Шайхзода бундан 118 йил аввал — кузда туғилган. Шу муносабат билан Газета Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбобининг шеърлари асосида тест тайёрлади.

“Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг”. Мақсуд Шайхзода шеърларидан тест
Мақсуд Маъсум ўғли Шайхзода 1908-йил 25-октабрда, янги тақвим бўйича эса 7-ноябрда, Озарбайжоннинг Оқтош (Ағдаш) шаҳрида дунёга келган. Мактабни тугатгач, у Бокудаги педагогика билим юртида таҳсил олган. 1925-йилдан эътиборан муаллимлик қилган, Доғистоннинг Дарбанд шаҳридаги мактабда ҳамда Бўйноқдаги таълим ва тарбия техникумида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1928-йилда “Миллий фирқа” ташкилотига аъзо бўлиб, мусовотчилар ҳаракатида фаол қатнашгани учун ҳибсга олиниб, Тошкентга сургун қилинган.
Ўрта Осиё университетида, ҳозирги Миллий университетда таълим олган ижодкор “Шарқ ҳақиқати”, “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”), “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) ва “Гулистон” журналида фаолият юритган. Кейинчалик Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлаган, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида дарс берган.
1920-йилларда матбуотда илк шеърлари босилган атоқли шоир, айниқса, 1930-йилларда сермаҳсул ижод қилган. 1933-йилда унинг биринчи “Лойиқ соқчи” номли шеърий тўплами, сўнг “Ундошларим” ва “Учинчи китоб”и нашр этилган. 1934−1938-йилларда “Жумҳурият”, “Янги девон” ҳамда “Сайлов қўшиқлари” чоп қилинган. 1940-йилларда эса “Кураш нечун?”, “Жанг ва қўшиқ”, “Кўнгил дейдики…” ва “Ўн беш йилнинг дафтари”, шунингдек, “Замон торлари”, “Олқишларим” номли китоблари босмадан чиққан. 1960-йилларда “Йиллар ва йўллар”, “Ше'рлар” каби тўпламлари тақдим этилган.
Драматург Навоий ижоди асосида илмий тадқиқотлар олиб борган, “Тошкентнома” достони, “Жалолиддин Мангуберди” ва “Мирзо Улуғбек” тарихий драмаларини ёзган. 1964-йилда унинг ссенарийси асосида “Улуғбек юлдузи” филми суратга олинган. Уилям Шекспир, Шота Руставели ва Нозим Ҳикмат сингари кўплаб ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирган.
1952-йилда 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ижодкор Сталин вафотидан кейин 1955-йилда озод этилган. У 1967-йилда — қамоқхонада орттирган касаллиги оқибатида вафот этган.

