Дунё

Доғистонда икки аёл Россия мадҳияси янграганда ўрнидан турмагани учун жаримага тортилди

Аёллар олдида ёш боласи борлиги ҳамда тоби қочганини сабаб қилиб кўрсатган бўлса-да, суд уларнинг даъволарини инобатга олмади.

Доғистонда Россия мадҳияси янграган пайтда ўрнидан турмагани учун икки аёлга жарима белгиланди

Доғистоннинг Каспийск шаҳрида суд 1-сентябр куни бўлиб ўтган байрам тадбирида Россия мадҳияси ижро этилаётганида ўрнидан турмаган икки аёлнинг ҳар бирига 2500 рубл (372 944 сўм) миқдорида жарима солди.

Маълум қилинишича, иккала аёлга ҳам Россия Давлат рамзларидан фойдаланиш тартибини бузиш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Доғистон Олий суди матбуот хизмати воқеа Республика таълим марказида Билимлар кунига бағишланган тадбир чоғида юз берганини таъкидлади. Мадҳия янграган пайтда аёллар ўтирган жойида қолган.

Суд мажлисида улар ўзларига қўйилган айбларни тан олмади. Аёллардан бири қучоғида ёш боласи бўлгани учун, иккинчиси эса соғлиғи ёмонлиги сабабли ўрнидан тура олмаганини айтди. Бироқ суд бу важларни қабул қилмади ва уларни айбдор деб топди. Жазоланган аёлларнинг қарор устидан шикоят қилиши-қилмаслиги ҳозирча номаълум.

Кавказда бундай ҳолатлар биринчи эмас

Шимолий Кавказ республикаларида мадҳияга ҳурмацизлик қилган фуқаролар тез-тез жаримага тортилади. Масалан, 2024-йил июл ойида Налчикдаги мактаб битирувида мадҳия янграганида ўрнидан турмаган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан баённома тузилган. Натижада Кабардино-Балкариянинг 8 нафар аҳолисига 3 минг рублдан жарима қўлланган. Улардан бири “Рушйдро” компанияси ходими бўлиб, корхона ундан оммавий узр сўрашни талаб қилган.

Бундан ташқари, 2025-йил апрел ойида Кабардино-Балкария ва Қорачой-Черкесияда спорт мусобақаларида мадҳияга ҳурмацизлик қилган 8 киши жаримага тортилган. Кейинчалик Черкесск шаҳрида стадионда мадҳия янграганида ўрнидан турмаган 20 ёшли йигит ҳам жазоланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.