Дилором Каримова ўзбек театри тарихидаги фожиалар ҳақида китоб ёзди. “Режиссёр” тақдимотидан репортаж
Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова ъРежиссёръ номли китобини тақдим этди. Асарда ўзбек театр санъатининг йирик намояндаларидан бири Тошхўжа Хўжаевнинг фожиали тақдири ва Ҳамза театри жамоасининг иккига бўлиниши каби оғриқли мавзулар қаламга олинган. Тақдимотдан Газета репортажи.

Дилором Каримова ўзбек театри тарихидаги фожеалар ҳақида китоб ёзди. “Режиссёр” тақдимотидан репортаж
30-октабр куни Тошкентдаги Ренессанс кино уйида Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримованинг ўзбек театри тарихидаги оғриқли воқеалар ва саҳна ортидаги зиддиятларга бағишланган “Режиссёр” номли мемуар асари тақдимоти бўлиб ўтди. Китобда таниқли режиссёр Тошхўжа Хўжаевнинг фожеали тақдири, театрдан четлаштирилиши, шунингдек, Ҳамза номидаги театр жамоасининг иккига бўлиниши каби воқеалар қаламга олинган.
“Режиссёр” мемуарида Тошхўжа Хўжаевнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, ўзбек театр санъати ривожига қўшган ҳиссаси, Ҳамза номидаги театрдаги интригалар сабаб бош режиссёрлик лавозимидан четлатилиши ва бир вақтлар ўзи камолга етказган шогирдлари томонидан унутилиши ҳақида ҳикоя қилинади. Китобнинг иккинчи қисмига киритилган “Театр” эссесида эса 1980-йиллар охирида театр жамоасининг иккига бўлиниши ва бу жараённинг оқибатлари, жумладан, режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг тақдири ёритилган.
Тошхўжа Хўжаев — илк ўзбек профессионал режиссёрларидан бири, актёр ва педагог. У 1922-йил 1-сентабрда Тошкентда туғилган. 1941-йилда Тошкент балет билим юртини тамомлаб, Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрида балет артисти сифатида иш бошлаган. Кейинчалик режиссёрликка қизиқиб, Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факултетида таҳсил олган ва 1951-йилда институтни тамомлаган.
У 1950-йилда, 28 ёшида Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрида мустақил режиссёрлик фаолиятини бошлаган. Дастлаб Жан Батист Молернинг “Скапеннинг найранглари” комедиясини саҳналаштирган. Кейинчалик “Оила”, “Ҳикмат”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана”, “Юрак сирлари” ва “Чин муҳаббат” каби спектакллар устида ишлаган.
Режиссёр ижодида Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини саҳнага мослаштириб, спектакл яратгани алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, Александр Штейннинг “Шахсий иш”, Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор”, Уйғуннинг “Ҳуррият”, “Йўлчи юлдуз” ва Чингиз Айтматовнинг “Сарвиқомат дилбарим” асарларини саҳналаштирган. Муқимий номидаги мусиқали драма театри ва Тошкентдаги рус академик драма театрида ҳам спектакллар қўйган.
Режиссёрлик билан бирга актёрлик фаолиятини ҳам олиб борган. “Абу Райҳон Беруний”, “Ойгул”, “Одамлар орасида ёлғиз” каби филмларда роллар ижро этган. 1957−1970-йилларда Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида педагог бўлиб ишлаган, 1965−1971-йилларда Ҳамза номидаги театрнинг бош режиссёри вазифасини бажарган. 1970−1975-йилларда эса “Ўзбекфилм” киностудиясида актёрлар студиясига раҳбарлик қилган.
Уни яқинлари, шогирдлари ва театр жамоасидагилар “Тўла ака” деб аташган.
У рус театр санъаткори Константин Станиславскийнинг “Актёрнинг ўз устида ишлаши” асарини ўзбек тилига таржима қилган. Санъат соҳасидаги хизматлари учун 1959-йилда “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони, 1966-йилда Абдулла Тўқай номидаги Давлат мукофоти, 1970-йилда эса Республика Давлат мукофоти билан тақдирланган.
Бироқ режиссёр ҳаётининг сўнгги йиллари Ҳамза театридаги зиддиятлар ва унинг бош режиссёрлик лавозимидан четлаштирилиши билан боғлиқ бўлган. Тошхўжа Хўжаев 1975-йил 22-май куни Тошкентда вафот этган.
Эркин Аъзам китобни ўзбек маданий ҳаётидаги ўзига хос асарлардан бири сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, театр арбоблари ҳақида ёзилган кўплаб китоблардан фарқли равишда, “Режиссёр”да қуруқ маълумотлар эмас, балки муаллифнинг шахсий кечинмалари, дарди ва муносабати акс этган. Ёзувчи театрга бағишланган қисмларни бир неча бор ўқиганини айтиб, улардаги ижодий муҳитни Михаил Булгаковнинг “Театр романи” асарида тасвирланган воқеаларга қиёслади.
“Бу китобда эҳтирос бор, куйинчак юракнинг кечинмалари, шахсият бор. Яхши ёзувчининг бошқалардан фарқи ҳам шунда. Шунинг учун менга жуда маъқул бўлди. Театрга бағишланган қисмини ўқиб, Дилором опанинг фикрларидан ҳайратландим, ҳатто қайта ўқиб чиқдим”, — дейди Эркин Аъзам.
Унинг фикрича, Дилором Каримова миллий театрдаги мураккаб муносабатлар ва саҳна ортидаги зиддиятларни шу муҳитни ичидан билган инсон сифатида ёритган. Ёзувчи муаллифнинг воқеаларга бирёқлама ёндашмагани, ҳатто мухолиф сифатида кўрилган ижодкорларнинг ҳам театрга бағишлаган умри ва меҳнатини эътироф этганини алоҳида қайд этди.
“Бир актёрнинг ҳаёти ҳақида мен ҳам ёза оламан. Лекин уни ичдан билиб, дарди билан бирга ёниб, ўша театрдаги асосий фожеалар ва фитналарнинг иштирокчиси бўлиб ёзиш — бошқа гап. Дилором опа „Пўртана“ ва „Режиссёр“ асарларида театримизнинг аччиқ ҳаёти ва фожеаларини шафқацизлик билан кўрсата олган”, — дейди у.
Эркин Аъзам китобда тасвирланган воқеаларни фақат театр ҳаёти билан боғлиқ муаммо эмас, балки жамиятдаги ҳасад, ғараз ва бефарқлик каби иллатларнинг кўриниши сифатида баҳолади. Унинг айтишича, ижодий рақобат баъзан санъаткорнинг муносиб деб билган ролидан маҳрум қилиниши, меҳнати қадрланмаслиги ва турли фитналарга дучор бўлишига олиб келади. Бундай вазиятларда жамоатчилик эса кўпинча ноҳақликка қарши чиқиш ўрнига, воқеаларни четдан кузатиш билан чекланади.
“Икки режиссёр ноҳақлик туфайли кўз ёш билан кетяпти, шарманда бўляпти, лекин жамоатчилик томошабин бўлиб турибди. Ҳеч ким „Йўқ, ундай эмас“, деб айта олмайди. Бу, афсуски, фақат театр ҳаётига эмас, умуман ижтимоий ҳаётимизга ҳам хос. Ҳасад — миллатимизни қийнайдиган фожеалардан бири”, — дейди халқ ёзувчиси.
У Тошхўжа Хўжаев билан шахсан таниш бўлмагани, бироқ Баҳодир Йўлдошев билан суҳбатлари давомида унинг устози ҳақида доимо ҳурмат ва миннатдорлик билан гапирганини эслади.
“Мен у режиссёрни кўрмаганман. Аммо Баҳодир Йўлдошев билан суҳбатлашганман, дўст бўлганман. У ҳар гапида устози Тошхўжа Хўжаевни эсларди. Демак, уни миннатдорлик билан ёдга олар экан, қадрлар экан. Шунинг учун айтаманки, адолат йўлида, ҳалоллик билан қилинган меҳнат ва шу меҳнатни қилган инсон унутилмайди”, — дейди Эркин Аъзам.
Малика Иброҳимова китобда театр тарихига оид воқеалар бевосита уларнинг гувоҳи бўлган инсон нуқтаи назаридан ёритилганини муҳим деб ҳисоблашини айтди.
“Ўтмишимиздаги кўплаб улуғ одамлар ҳақида тарих ё нотўғри ёзилган, ё умуман ёзилмаган, баъзан эса атайлаб йўқотилган. Лекин ўзинг кўрган, ўзинг дуч келган, ўзинг билган одам ҳақида ёзиш, менимча, ҳаққоний тарихдир. Дилором опанинг китобларида энг таъсир қилган жиҳат — шу инсоннинг руҳи шод бўлгани”, — дейди Малика Иброҳимова.
Актриса театрнинг ташқи кўриниши билан унинг ички муҳити ўртасида катта фарқ борлигини таъкидлади. Унинг айтишича, саҳнадаги гўзал манзара ортида мураккаб муносабатлар ва санъаткорлар бошидан кечирадиган турли синовлар яширин.
“Режиссёр” китобини ўзбек театри тарихини ўрганишда муҳим манба бўла оладиган асар сифатида баҳолади. Унинг фикрича, муаллиф театр ҳаётининг нафақат ижодий ютуқлари, балки оғриқли ва фожеали воқеаларини ҳам очиқ ёритган.
“Ўзбек хотиранавислигида кўпинча юз-хотир кучли бўлгани учун воқеалар охиригача ёзилмай қолади. Дилором опа эса бу тўсиқдан ўта олган. Унда аёл қалби билан бирга эркак ақли ҳам бор. Тафаккури қўрқмас, жасоратли. Ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни очиқ ёза олади. Бу ҳаммада ҳам учрайвермайдиган фазилат”, — дейди Сувон Мели.
Унинг айтишича, Каримова дастлаб Тошхўжа Хўжаев ҳақида мақола ёзган. Бироқ Сувон Мели унга режиссёрнинг ҳаёти ва фаолиятини кенгроқ қамраб олган асар яратишни таклиф қилган. Китоб устида ишлаш жараёнида эса Тошхўжа Хўжаевнинг бош режиссёрлик лавозимидан четлаштирилиши сабабларига ўз талқинини билдирган.
Профессорнинг фикрича, режиссёрнинг театрдан четлаштирилиши оддий маъмурий қарор эмас, балки марказдан туриб амалга оширилган сиёсий босим натижаси бўлган. У буни Тошхўжа Хўжаевнинг спектакллари орқали миллий маънавиятни юксалтиришга интилиши билан боғлайди.
“Тошхўжа Хўжаевнинг 1960-йиллардаги спектакллари ўзбек маънавий ҳаётини юксалтирган эди. Кремл миллий юксалишдан қўрқарди. Шунинг учун режиссёрни тўхтатиш, йўлдан олиб ташлаш бўйича операция ишлаб чиқилган, деб ўйлайман. Гинзбург ва бошқалар эса шу жараёнда восита бўлган”, — дейди Сувон Мели.
У китобни бўлажак актёр ва режиссёрлар учун ҳам муҳим қўлланма деб ҳисоблашини айтиб, уни Санъат ва маданият институтида дарслик сифатида ўқитишни таклиф қилди. Шунингдек, асар асосида драматик асар яратиш ва театр ҳаётидаги воқеаларни саҳнада акс эттириш ғоясини илгари сурди.
“Умид қиламанки, ўзбек театри яна Тошхўжа Хўжаевлар даражасига чиқади. Бу асар асосида драма ҳам ёзиш мумкин. Актёрлар ҳамманинг ҳаётини ўйнагунича, ўз ҳаётини ҳам театрда кўрсацин”, — дейди профессор.
Дилором Каримова китобнинг яратилишига Тошхўжа Хўжаев ҳақидаги хотиралари, у билан боғлиқ кечинмалари ва театрда кечган воқеалар таъсир қилганини айтди. Унинг таъкидлашича, асар бир инсоннинг ҳаёти, меҳнати ва бошидан кечирган фожеасини кейинги авлодга етказиш истагидан туғилган.
Каримова китобнинг бутун мазмунини Тўла Хўжаев ҳақида эшитган икки гап билан ифодалаш мумкин, деб ҳисоблайди. Устознинг шогирдларидан бири айтган хотирага кўра, режиссёр бир куни: “Қачондир шундай бир режиссёр ўтган эди, кимдир мени эслармикан”, деб хўрсиниб, кўз ёши тўккан.
“Бу инсон қачон йиғлайди? Фақат бизга ачинадиган пайтида. Назаримда, мана шу икки гап Тўла аканинг бутун тақдири ва китобнинг моҳиятини очиб беради”, — дейди Дилором Каримова.
Унинг таъкидлашича, Тошхўжа Хўжаевнинг режиссёрлик маҳорати, аввало, актёрнинг ички дунёси ва руҳиятини саҳнада ярата олишида намоён бўлган. Каримова унинг “Мен руҳият режиссёриман”, деган гапини эслади.
“Инсоннинг руҳиятини яратиш энг оғир жараён. Сўз ёдлаш, ҳаракат қилиш, саҳнада у ёқдан бу ёққа юриш осон. Аммо бошқа бир инсоннинг ички дунёсига кириш, унинг фикри билан фикрлаш, дардини ҳис қилиш ва руҳиятини яратиш учун Тўла акадек режиссёр керак эди. У ана шундай режиссёр бўлган”, — дейди халқ артисти.
Дилором Каримова айнан Тошхўжа Хўжаевнинг спектаклларини кўриб, театр санъатига кириб келганини айтди. У режиссёр билан бир саҳнада ишлаш имконига эга бўлмаган, аммо театрдаги воқеалар ҳақидаги суҳбатлар, хусусан, Сувон Мели билан мулоқотлари асарнинг яратилишига туртки берган.
“Мен бу асарни ёзишим керак эди, деб ўйлайман. Афсуски, Тўла аканинг қўлида бирорта ҳам рол ижро этмаганман. Аммо театрдаги воқеалар ҳақидаги суҳбатларимиз, бир маънодаги дардлашувларимиз, Сувон Мели билан мулоқотларимиз натижасида ушбу асар яратилди”, — дейди у.
Муаллиф китобни ёзишдан мақсад обрў ёки моддий манфаат орттириш эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, инсон ҳаёти давомида тўплаган хотиралари, кечинмалари ва бошидан ўтказган воқеаларини кейинги авлод билан бўлишишни истайди.
“Китоб маълум бир ҳаётни яшаб ўтганингдан кейин ёзилади. Бу ҳаётда воқеалар, хотиралар, инсонлар ва улар қолдирган излар бўлади. Уларни кейинги авлодга етказгинг, шу ҳақда айтиб қолгинг келади. Бу китоб ўзингни қийнаб турган азоблар, хотиралар ва дардлар билан ўқувчиларга дардлашиш, уларни бошқаларга ҳам улашиш истагидан туғилади”, — дейди Каримова.
Дилором Каримова “Режиссёр” китобида Тошхўжа Хўжаев ҳақидаги хотиралар билан бирга театр тарихига оид “Театр” эссесини ҳам жамлаган. Унинг айтишича, театрдаги воқеалар режиссёрнинг фожеасидан кейин содир бўлгани учун бу икки мавзуни бир нашрда беришни маъқул топган. Театр эссеси аввал “Севгим менинг, андуҳим менинг” китобидан ўрин олган.
“Режиссёр” — Тўла Хўжаев ҳақидаги хотиралар ва у киши тўғрисидаги эссе. Бу китобга театр эссесини ҳам киритдим. Чунки икки мавзу бир-бири билан боғлиқ: театрдаги воқеалар Тўла аканинг фожеасидан кейин содир бўлган. Шунинг учун уларни бир китобда жамлашни ўринли деб билдим", — дейди у.
Каримова асарни, айниқса, театр ва маданият соҳасида таҳсил олаётган ёшлар ўқишини исташини айтди. Унинг таъкидлашича, китобда бировга ақл ўргатиш эмас, балки бир инсоннинг бошидан кечирганлари, дардлари ва фожеаси ҳикоя қилинади.

