“Демократияга рахна солувчи амалдорларнинг аксарияти Конституция бўйича етарли билимга эга эмас” — Бобур Бекмуродов

“Демократияга рахна солувчи амалдорларнинг аксарияти Конституция бўйича етарли билимга эга эмас” — Бобур Бекмуродов
Ўзбекистонда давлат хизматчилари Конституция бўйича имтиҳондан ўтказилиши керак.
Жорий йил 21-август куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон 2030” стратегиясининг ярим йиллик ижроси юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир якунидаги суҳбатда Бобур Бекмуродов мамлакатда Конституция қанчалик ишлаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди. Депутатнинг фикрича, сўнгги йилларда республикада эркинлик руҳи ва фуқаролик ҳудуди кенгайган. Оммавий ахборот воситалари сонининг икки баробарга ошгани бунга мисол бўла олади. Бироқ бош қомусни билмайдиган амалдорлар ҳам бор ва улар демократияга рахна солмоқда.
Кўплаб мустақил оммавий ахборот воситалари ташкил этилгани, эркин фикр ва сўз пайдо бўлганини айтиш керак. Шу билан бирга, таҳлил қилинса, демократияга рахна солаётган амалдорларнинг аксарияти Конституция бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга эмас. Шунинг учун биз доим “Юксалиш” ҳаракатида давлат хизматчилари, аввало, давлат хизматига киришидан олдин Конституция бўйича аттестациядан, имтиҳондан ўтказилиши керак, деб айтиб келамиз. Чунки яқинда ободонлаштириш бўйича муҳокамалар бўлди. Уларнинг негизида нима турибди? Конституцияни, мулк дахлсизлиги ва инсон ҳуқуқларининг элементар қоидаларини билмаслик оқибатида мана шундай кейслар юз беряпти, деди парламент вакили.
Бобур Бекмуродов Конституцияни билмаслик ва унга амал қилиш билан боғлиқ муаммолар ҳуқуқ-тартибот органларида ҳам кўп учрашини таъкидлади.
“Ҳуқуқ-тартибот органлари инсон ҳуқуқлари чегараларини ҳеч бўлмаганда Конституцияда белгиланган даражада албатта билиши керак. Мана шу жараёнларда таҳлил қилиб айтадиган бўлсак, муаммо кўпроқ ўқувсизлик, яъни конституцион билимларнинг етишмаслиги натижасида рўй беряпти”, деди депутат.
Бобур Бекмуродов мамлакатда демократик жараёнлар тизимли равишда давом этаётганини таъкидлади. Бу борада парламентнинг роли ортиб бораётганига урғу берди. Жамоат ташкилотларининг қонун ва қарорларни қабул қилишдаги иштироки ошаётганини айтиб ўтди.
“Оммавий ахборот воситаларининг эркин фикр ва эркин танқид билан мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссаси билан кўришимиз мумкинки, демократик ислоҳотлар тизимли равишда олиб бориляпти”, дейди “Юксалиш” ҳаракати раҳбари.
Депутат фикрича, Конституция ижроси билан боғлиқ жараёнга қанча баҳо қўйилса ҳам кам бўлаверади. Яъни аниқ бир баҳо айтиш нотўғри.
“Биз зўр бўлиб кетяпмиз, ҳамма қонунларимиз ишлаяпти деб эйфорияга ҳам берилишимиз керак эмас. Шу билан биргаликда амалга ошган ва босиб ўтган йўлимизни ҳам унутишимиз керак эмас деб ҳисоблайман”, деди у.
Бобур Бекмуродов ҳокимлар, вазирлик ва бошқа тузилмалар масъулларидан Конституцияни қанчалик билиши бўйича сўров ўтказиш мумкинлигини айтди.
“Бу яхши фикр, яхши ғоя. Албатта, буни ўтказсак бўлади. Мансабдорлардан, айниқса жойлардаги мансабдорлардан аноним кўринишда конституцион билимларни бир текшириб, ўрганиб кўрсак бўлади”, деди депутат.
Маълумот учун, 2023-йил 1-майдан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси кучга кирди. Бош қомус референдум асосида 65 фоизга янгиланган. Унгача 1992-йилдан буён Конституцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Янгиланиш натижасида бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошган.

