Маҳаллий

“Вазирлик ва идоралар ҳисоботи билан жойлардаги реал ҳолат ўртасида фарқ бор” — Бобур Бекмуродов

“Вазирлик ва идоралар ҳисоботлари билан жойлардаги ҳақиқий вазият ўртасида тафовут мавжуд” — Бобур Бекмуродов

Депутат, “Юксалиш” ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродовнинг 21-август куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, давлат ташкилотларининг “Ўзбекистон 2030” стратегиясининг амалга оширилиши бўйича баъзи ҳисоботлари ҳудудлардаги реал ҳолатдан фарқ қилмоқда.

“Дарё” мухбирининг хабар беришича, мулоқотда стратегиянинг 2026-йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалари муҳокама қилинган. Бобур Бекмуродов ўз нутқида ҳужжат ижроси доимий равишда кузатиб борилаётганини таъкидлаган.

“Юксалиш” ҳаракати жамоатчилик сўровларини ўтказиб бормоқда. Чунки вазифалар жуда яхши бажарилди, деб ҳисобот берилган бўлиши мумкин. Лекин бу одамларга қандай таъсир қилди? Ҳақиқатдан ҳам бу ўзгариш ёки эришилган натижа одамларнинг фикрини ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлдими, йўқми? Буни ўрганиб борамиз. Албатта, стратегиянинг бажарилишида кўп ижобий ўзгаришларни кўриб турибмиз. Бироқ жамоатчилик нуқтайи назаридан айрим камчиликлар ҳақида ҳам гапириб ўтмоқчиман”, деди депутат.

Бобур Бекмуродовнинг фикрича, асосий муаммо реал ҳолат билан ҳисобот ўртасидаги тафовутлар билан боғлиқ.

“Вазирлик ва идораларнинг расмий ҳисоботи билан жойлардаги реал ўзгариш ўртасида фарқ бор. Биз буни парламент ва ҳукуматга доимий равишда тақдим этиб борамиз. Яна бир муаммо — вазирлик ва идоралар томонидан жамоатчиликка етарли даражада ахборот, ҳисобот берилмаётганлигида. Обьектив сабабларга кўра қайсидир вазифанинг ижро муддатлари ўзгариши мумкин. Шундай пайтда вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ўз вақтида жамоатчиликка хабар бермайди. Натижада биз вазифа ўтган йилнинг фалон ойида бажарилиши керак эди, ҳалигача бажарилмади деган мазмундаги хабарларни ўқиймиз. Яъни жамоатчиликка ҳисобдорлик ва ахборот бериш масаласида ҳукумат, вазирлик ва идоралар изчилроқ ишлаши керак”, деди “Юксалиш” ҳаракати раиси.

Бобур Бекмуродов ҳудудлардаги мактаб кутубхоналаридаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди.

“Айрим шундай ҳудудлардаги мактабларда бир нафар ўқувчига биттадан ҳам китоб тўғри келмаяпти. Ваҳоланки, дунё стандартларида бир ўқувчига камида тўрттадан саккизтагача тўғри келиши керак. Лекин бизда мана шундай оғир ҳолатдаги туманлар, ҳудудлар бор. Масалан, Вобкент туманида мактаб кутубхонасида ҳатто чироқ йўқ. Мавжуд компютерлар бошқа мақсадларга бериб юборилган. Мисол учун, кутубхонага эмас, мактаб раҳбарияти учун бериб юборилган. Бунга ўхшаган мисоллар жуда ҳам кўп”, деди депутат.

Бундан олдинги матбуот анжуманида адлия вазири “Ўзбекистон 2030” стратегиясининг ижроси қаттиқ назорат қилинишини айтганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.