Давлат Янги Тошкентдаги йирик лойиҳаларнинг "яшил" сертификатлаштириш харажатларини қоплаб беради

Давлат Янги Тошкентдаги йирик лойиҳаларнинг «яшил» сертификатлаштириш харажатларини ўз зиммасига олади
Янги Тошкентда турар жой бўлмаган объектлар қурилишига 50 миллион доллардан ортиқ сармоя киритадиган инвесторларга бир қатор имтиёзлар берилади. Хусусан, давлат «яшил қурилиш» сертификатларини расмийлаштириш учун ҳақ тўлайди, шунингдек, ҳар бир инвесторга шахсий менеджерни бириктиради.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг барпо этилаётган шаҳарга ташрифи чоғида маълум бўлди.
Ушбу сертификатлар биноларнинг экологик стандартларга мувофиқлигини тасдиқлайди. Бундан ташқари, Янги Тошкентда лойиҳаларни амалга оширишда инвесторлар харид қилинган ер майдонининг 30 фоизини ўзлари кўкаламзорлаштиришлари шарт бўлмайди. Бош режага кўра, давлат шаҳар бутун ҳудудининг 30 фоизи кўкаламзорлаштирилишини таъминлайди.
Қўллаб-қувватлашнинг яна бир чораси лойиҳаларни иш бошланганидан то объект фойдаланишга топширилгунга қадар кузатиб бориш бўлади. Қиймати 50 миллион доллардан ортиқ бўлган ҳар бир лойиҳага масъул менеджер бириктирилиб, у инвесторга юзага келадиган масалаларни ҳал қилишда ёрдам беради.
Қўллаб-қувватлаш шартлари инвестиция шартномасида мустаҳкамлаб қўйилади. Қиймати 50 миллион доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар учун «бир лойиҳа — бир шартнома» тамойили амал қилади. Келишувда инвесторнинг мажбуриятлари ва хавф-хатарлари, шунингдек, унга бериладиган имтиёзлар рўйхати кўрсатилади.
Бундан ташқари, Янги Тошкентда меҳмонхоналар, савдо марказлари, туризм ва ижтимоий соҳа объектлари қурилишини рағбатлантириш учун бизнес учун инфратузилма тўловлари камайтирилади.

