Дангасалик эмас: диққат ва мотивация пасайишининг 5 сабаби

**Дангасаликдан бошқа сабаблар: Диққат ва Мотивация Пасайишининг 5 Омили**
Агар ўқишга эътибор қаратиш, ишлашга ўзингизни мажбурлаш ёки одамлар билан мулоқот қилиш аввалгидан анча қийинлашган бўлса, бу ҳар доим ҳам дангасаликдан эмас. Бундай ҳолат оддий чарчоқдан ташқари, камқонлик, хавотир, уйқудаги муаммолар ёки бошқа жисмоний ва руҳий ҳолатлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Шунинг учун асосий вазифа – ўзингизни аввалги ҳаёт тарзига зўрлаб қайтариш эмас, балки бунинг сабабини аниқлаш ва зарур бўлса, шифокорга мурожаат қилишдир.
**1. Ўзингиздан аввалгидек фаолликни талаб қилманг**
Агар илгари иш, ўқиш ва мулоқотга осонлик билан улгурган бўлсангиз-у, ҳозир буларнинг барчаси кўпроқ куч талаб қилаётган бўлса, буни дарҳол дангасалик деб қабул қилманг. Чарчаган ёки ўзини ёмон ҳис қилаётган одамнинг жисмоний ва ақлий имкониятлари вақтинча пасайиши мумкин. Шу сабабли ўзингизни зўрлаб самарали ишлашга мажбурлаш ҳолатни янада оғирлаштиради.
**2. Юкламани камайтиринг ва дам олишга вақт ажратинг**
Узоқ вақт давомида юқори юклама билан ишлаш ва етарлича дам олмаслик кучли чарчоққа олиб келиши мумкин. Бунда қуйидаги ҳолатлар кузатилади:
* Диққат ва иш унумдорлигининг пасайиши;
* Бир вазифадан бошқасига ўтиш қийинлашиши;
* Жаҳлдорлик ва ҳиссий ҳолдан тойиш;
* Одамлар билан мулоқот қилиш истагининг камайиши;
* Уйқунинг бузилиши;
* Доимий чарчоқ ҳисси.
Шунинг учун ўқиш ёки ишдаги юкламангизни қайта кўриб чиқинг. Кераксиз вазифаларни камайтириш ёки бошқаларга топшириш мумкин. Ишда бўлсангиз, раҳбарингиз билан вазифалар ва муддатлар ҳақида очиқ гаплашиш ҳам фойдали.
**3. Кундалик ҳаётдаги оддий эҳтиёжларга эътибор беринг**
Баъзан иш қобилиятининг пасайишига жуда оддий, аммо эътибордан четда қоладиган омиллар сабаб бўлади: уйқу етишмаслиги, нотўғри овқатланиш ёки камҳаракатлилик. Агар кунига 4–5 соат ухласангиз, вақтида овқатланмасангиз ва телефондан бошингизни кўтармасангиз, ўзингизни ёмон ҳис қилишингизга айнан ҳаёт тарзингиз сабаб бўлиши мумкин.
Қуйидаги одатларни йўлга қўйишга ҳаракат қилинг:
* **Етарлича ухланг.** Кунига камида 7 соат ухлашга ҳаракат қилинг. Ҳар куни бир вақтда ухлаш ва уйғониш фойдали.
* **Мунтазам ва тўғри овқатланинг.** Рационда сабзавот ва мевалар ярми, бутун донли маҳсулотлар чорак қисми, оқсилга бой маҳсулотлар эса яна чорак қисмини ташкил қилиши мумкин.
* **Кўпроқ ҳаракат қилинг.** Ҳафтасига камида 150 дақиқа ўртача жисмоний фаоллик — масалан, пиёда юриш, велосипед ҳайдаш ёки фаол ўйинлар — фойдали. Ёки 75 дақиқа юқори интенсивликдаги машқлар билан шуғулланиш мумкин.
Бу маслаҳатлар оддийдек туюлиши мумкин, аммо уларни кундалик ҳаётга киритиш ҳар доим ҳам осон эмас. Шунинг учун ўзгаришларни аста-секин бошлаган маъқул.
**4. Ҳолатингиз яхшиланмаса, шифокорга мурожаат қилинг**
Агар чарчоқ, диққат ва мотивациянинг пасайиши ёки илгари ёқтирган машғулотларга қизиқишнинг йўқолиши узоқ давом эца, иш, ўқиш ёки кундалик ҳаётга халақит берса, буни фақат чарчоқ билан изоҳлаб қўйманг. Бундай вазиятда шифокорга мурожаат қилиш керак. Аввал терапевт кўригидан ўтиш мумкин.
Фақат аломатларга қараб уларнинг сабабини аниқлаш ҳар доим ҳам осон эмас. Чарчоқ, уйқу бузилиши, диққатнинг пасайиши, кайфиятдаги ўзгаришлар турли жисмоний ва руҳий ҳолатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳолат ўз-ўзидан яхшиланиб қолишини кутиб, шифокорга мурожаат қилишни кечиктирмаган маъқул.
Шифокор шикоятларингизни тинглайди, улар қачондан бошланганини аниқлайди, умумий ҳолатингизни баҳолайди ва керак бўлса, қўшимча текширувлар ёки бошқа мутахассис кўригини тавсия қилади.
**5. Фақат шифокор тавсия қилган таҳлилларни топширинг**
Таҳлил ва текширувлар ташхис қўйишнинг мустақил усули эмас. Улар шифокорга айрим касалликларни аниқлаш ёки истисно қилишда ёрдам беради. Шифокор тавсиясисиз ўзингизча кўплаб таҳлиллар топшириш эса аксинча, муаммога олиб келиши мумкин.
Биринчидан, ўз-ўзини ташхислаш шифокорга мурожаат қилишни кечиктиради. Одам таҳлил натижаларини нотўғри талқин қилиб, ўзида маълум бир касаллик бор деб ўйлаши ва нотўғри даволанишни бошлаши мумкин.
Иккинчидан, кераксиз текширувлар ортиқча ташхис ва даволанишга олиб келиши мумкин. Кўплаб таҳлилларни сабабсиз топшириш натижасида зарарсиз бўлиши мумкин бўлган кичик оғишлар аниқланади. Бу эса одамни хавотирга солиб, яна бошқа текширувлардан ўтишга ундаши мумкин.
Бундан ташқари, таҳлил натижаларини алоҳида кўриб баҳолаб бўлмайди. Шифокор уларни беморнинг шикоятлари, кўрик натижалари, қабул қилаётган дорилари ва ҳаёт тарзи билан биргаликда баҳолайди. Таҳлилдаги кўрсаткичнинг меъёрдан бироз четга чиқиши ҳам ҳар доим касаллик борлигини англатмайди.
Шунинг учун чарчоқ, уйқусизлик ёки кайфият тушиши сабабини аниқлаш учун лабораторияга бориб, ўзингизча ўнлаб таҳлиллар топширишга шошилманг.
Энг тўғри кетма-кетлик: аввал шифокорга мурожаат қилиш → кўрикдан ўтиш → керакли таҳлилларни топшириш → сабабни аниқлаш → зарур бўлса, даволаниш.

