Уй ва тўй учун эмас: одамлар энди бир неча ой ишламаслик учун пул йиғмоқда

**Уй ва тўй учун эмас: одамлар энди бир неча ой ишламаслик учун пул йиғмоқда**
Бугунги кунда меҳнат бозори тобора шиддатли тус олмоқда. Иш юкининг ортиши, доимий босим, иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги чегараларнинг хиралашиши ҳамда яшаш харажатларининг ошиши кўплаб инсонларни руҳий ва жисмоний жиҳатдан толиқтирмоқда.
Шу сабабли айрим ходимлар ноодатий молиявий стратегияни қўлламоқда. Улар "Куйиш жамғармаси" (бурн оут фунд) деб номланувчи алоҳида маблағни шакллантирмоқда. Келинг, буни тушунарлироқ қилиб "касбий чарчоқ жамғармаси" деб атаймиз. Бусинесс Инсидер нашри ҳозирда трендга айланаётган мазкур ҳолатга эътибор қаратди.
**Касбий чарчоқ жамғармаси нима?**
Касбий чарчоқ жамғармаси — инсон иши натижасида чарчоқ, кучли стресс ёки ҳаддан ташқари ҳолдан тойиш сабабли вақтинча ишламасликка қарор қилса, шу даврдаги харажатларини қоплаш учун йиғиладиган пулдир.
Яъни бу маблағ ишдан айрилиб қолиш ҳолатига эмас, балки ўз хоҳиши билан бир муддат танаффус олишга молиявий имкон яратиш учун мўлжалланган.
"Касбий толиқиш фонди — бу, аслида, танаффусга чиқиш заруратини олдиндан билган ҳолда амалга оширадиган мақсадли жамғармангиздир", деди Роскланд Труст компаниясининг молиявий таълим ва ривожланиш стратегияси бўйича мутахассиси Жули Бекҳем Бусинесс Инсидер нашрига берган интервюсида.
Масалан, ходим бир неча йил давомида ҳар ой маошидан маълум миқдорни ажратиб боради. Агар бир кун келиб "энди дам олишим керак" деган хулосага келса, бир неча ойлик харажатларини айнан шу жамғарма ҳисобидан қоплаши мумкин.
**Нега бундай эҳтиёж пайдо бўлди?**
Бир қатор сўровномалар касбий чарчоқ ҳолати кенг тарқалганини кўрсатмоқда. Руҳий касалликлар бўйича миллий алянс ҳамда Ипсос Воркпласе Ментал Ҳеалтҳ компанияси томонидан шу йилнинг январ-феврал ойларида ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган компанияларнинг 2153 нафар доимий ищиси ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, уларнинг 53 фоизи ўз иши туфайли профессионал чарчоқни ҳис қилган. Бу барча даражадаги ходимларга таъсир қилади; сўнгги пайтларда бир қатор таниқли раҳбарлар ва технология компаниялари асосчилари соғлиғидаги муаммолар ва касбий чарчоқни ишдан кетиш сабаби сифатида кўрсатди.
Илгари иш вақти тугаши билан ходимнинг иш куни ҳам якунланган. Ҳозир эса смартфон, мессенжер ва электрон почта сабабли одам иш билан деярли доимий алоқада бўлиб қолмоқда.
Дам олиш кунлари ҳам хабарлар, топшириқлар ва қўнғироқлар келиши мумкин. Айрим касбларда эса ходимдан доимий равишда юқори натижа кўрсатиш талаб қилинади.
Бунинг устига, озиқ-овқат, уй-жой, транспорт ва бошқа кундалик харажатларнинг ошиши сабабли ишни ташлаб, бир неча ой дам олиш кўпчилик учун катта молиявий хавф ҳисобланади. Касбий чарчоқ жамғармаси айнан шу муаммони ҳал қилишга қаратилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бундай чарчоқни тиббий ҳолат деб таснифламаса-да, уни иш жойидаги сурункали стресс натижасида юзага келадиган "касбий ҳодиса" деб тан олади.
**Бу оддий жамғармадан нимаси билан фарқ қилади?**
Аслида касбий чарчоқ жамғармаси фавқулодда вазиятлар учун мўлжалланган жамғармага жуда ўхшайди. Фарқи — унинг мақсадида.
Фавқулодда жамғарма одатда ишдан айрилиш, кутилмаган харажатлар ёки бошқа муаммолар учун сақланади.
Касбий чарчоқ жамғармаси эса инсоннинг "мен ҳозир ишлашни давом эттира олмайман, менга танаффус керак" деган қарорини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.
**Бунинг учун қанча пул керак?**
"Касбий чарчоққа қарши фонд учун ягона миқдор мавжуд эмас", деди Сиетлда жойлашган Зетлмаиер Веалтҳ Манагемент ширкатининг молиявий маслаҳатчиси ва асосчиси Жон Зетлмаер Бусинесс Инсидер нашрига.
Бироқ бундай жамғарма яратмоқчи бўлган одам аввало бир ойда қанча маблағ сарфлашини ҳисоблаб чиқиши керак. Кейин ушбу суммани камида бир неча ойга кўпайтириб, мақсад сифатида белгилайди.
Масалан, ойига 5 миллион сўм сарфлайдиган инсон уч ойлик танаффус учун камида 15 миллион сўмлик захира яратишни мақсад қилиши лозим.
Муҳими, бу пул бошқа мақсадларда ишлатилмайди. Унинг вазифаси — инсон ўзини ёмон ҳис қилган пайтда "агар бир неча ой ишламасам, қандай яшайман?" деган хавотирдан халос қилиш.
**"Бир кун келиб менга ҳам керак бўлиши мумкин"**
Касбий чарчоқ жамғармаси аслида замонавий меҳнат ҳаётидаги янги муаммони кўрсатади.
Одамлар авваллари пулни асосан уй-жой, тўй, фарзандлар таълими ёки қарилик учун йиғган. Энди эса айримлар ўзининг дам олиш ва тикланиш ҳуқуқини ҳам молиявий режалаштирмоқда.
Чунки баъзида инсоннинг энг катта эҳтиёжи янги уй ёки қимматбаҳо буюм эмас, балки бир неча ой ҳеч қаерга шошилмасдан, иш ҳақида ўйламасдан яшаш бўлиши мумкин.
Шу маънода касбий чарчоқ жамғармаси шунчаки пул йиғиш эмас. Бу — "агар чарчаб кецам, ўзимга ёрдам бера оламан" деган молиявий хавфсизлик ёстиғидир.

