“Чуқур” юлдузлари ҳозир қаерда? Машҳур актёрларнинг янги роллари

“Чуқур” юлдузлари ҳозир қаерда? Машҳур актёрларнинг янги роллари
“Чуқур” сериали бутун Чуқур маҳалласини бошқариб турувчи нуфузли Кочовали оиласи ҳақида ҳикоя қилади. Жиноят оламида бу обрўли хонадон учун энг муҳим қоидалардан бири — гиёҳванд моддаларни тарқатмаслик. Аммо бу тартибга кўнмаганлар ҳам топилиб, маҳаллани эгаллашга қарор қилади. Шу пайтда Кочовали оиласининг кенжа ўғли Ямач узоқ йиллик айрилиқдан кейин Париждан қайтади. У билан бирга севгилиси Сена ҳам келади. Бироқ жиноий уруш ёқасида турган Чуқурда улар бахтли оила бўла олармикан?
Сериал аллақачон сифатли турк киносининг чинакам классикасига айланган. Ижодкорлар томошабинлар севган драма, мелодрама ва криминал жанрларини бир-бирига маҳорат билан уйғунлаштира олган.
Арас Булут Ийнемли “Чуқур” сериалида бош қаҳрамон Ямач образини гавдалантирган.
Сериал премьераси пайтида актёр турк томошабинларига аллақачон таниш эди. У бунгача “Бебаҳо вақт”, “Муҳташам юз йил”, “Марал” каби филмларда суратга тушган. “Чуқур” премьерасидан бир неча йил ўтиб, Ийнемлининг ўзига хос ташриф қоғозига айланган “7-бўлмадаги мўжиза” драматик филми экранларга чиқди.
Арас Булут бу филмда бола ақлига эга катта ёшли Мемо ролини ижро этган. У кичкина қизи Ова ва бувиси Фотима билан яшайди, чўпонлик қилади. Мемо Овани масхара қилган юқори мартабали ҳарбийлардан бирининг қизи ўлимига гувоҳ бўлиб қолади. Шундан кейин уни қамоққа юборишади ва у ерда камерадошлари уни бундай шафқациз жинояти учун дўппослашади. Аммо вақт ўтиб, улар Мемонинг бу ишга алоқаси йўқлигини, унинг ниҳоятда меҳрибон ва содда инсон эканини англаб етишади. Судя уни ўлим жазосига ҳукм қилади, камерадошлари эса Мемога қизи билан кўришишга ёрдам беришга қарор қилишади. Ўша ҳарбий эса бош қаҳрамонни йўқ қилиш учун ҳар нарсага тайёр.
Нежип Мемили Идрис ва Султоннинг тўнғич ўғли Жумали ролини ижро этган.
“Чуқур” сериалида актёр бош ролни ўйнамаган, умуман олганда ҳам Мемили кўплаб бош роллари билан мақтана олмайди. Аммо у ўзининг харизмаси ва кўп қиррали, чуқур ижроси билан ҳар қандай асарни ёрқин тўлдира олади.
“Ашраф ва Рўё”да ҳам Нежипнинг роли асосий эмас. У бош қаҳрамоннинг содиқ дўсти ва “Етимлар” жиноий ташкилоти аъзоси Гурдал Бозоқ образини яратган. Сериал узоқ йиллар давомида ҳаёти азоб-уқубат ва қўрқувлар ичида ўтган Ашраф исмли йигит ҳақида ҳикоя қилади. У гўзал бир қизни севиб қолиб, уни Рўё деб атайди. Аммо тақдир тақозоси билан, даҳшатли бир воқеадан сўнг, Ашраф Тек узоқ йиллар давомида ўз муҳаббатидан айрилиб қолади. Бугунги кунда у нуфузли ва обрўли мафиоз бўлиб, қалбида фақат Рўё билан қайта учрашиш умиди билан яшайди. Бироқ Ашраф тасодифан Нисан билан танишгач, унинг одатий ҳаёти ўзгариб кетади.
Эркан Колчак Кўстендил “Чуқур” сериалида Идрис Кочовали ва Меҳрибоннинг ўғли, Чуқурда қасос ва ҳокимиятга ташналик йўлини танлаган Вартолу образини яратди.
Бундай ёқимтой, самимий нигоҳли йигитнинг разил одамлар ролини бунчалик ишонарли ижро этиши кишини ҳайратга солади. Эркан Колчак яқинда ана шундай қаҳрамонлардан бирини “Меросхўр” сериалида ўйнади: унинг Яҳё Каптани яна бир қасоскор антиқаҳрамон бўлиб, сериал кўп жиҳатдан “Чуқур”га ўхшайди. Бу ерда Карслилар оиласи ва унинг кекса сардори шаҳар автовокзали ҳамда жиноий тармоқни назорат қилади. Яҳё отасининг қотиллиги учун қасос олишни ва автовокзал устидан назоратни қўлга киритишни ўз бурчи деб биларди.
Риза Кожаоғлу Идрис Кочовали томонидан тарбияланган аутизмли снайпер Аличо ролини ижро этди.
Биз бу актёр иштирокидаги иккита сериал — “Кара амаки” ва “Ичкарида” ҳақида сўз юритамиз. Иккаласи ҳам “Чуқур”дан олдин чиққан бўлса-да, Ризанинг энг яхши ишлари қаторига киради. “Кара амаки” сериалида Кожаоғлу Моҳирнинг мураккаб севги можароларига ўралашиб қолган дўсти Ясин ролини ўйнаган. Асосий қаҳрамон Моҳирнинг ўзи бўлиб, у уйланиш арафасида турганида, кутилмаганда отасини қотилликда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилишади. “Ичкарида” сериалида эса Риза совуққон қотил Довутга айланади. Сериал икки полиция академияси курсдоши ҳақида ҳикоя қилади, улар бир-бирининг ака-ука эканини билмайди. Академияда уларнинг мақсадлари турлича: Мерт — кўча тўдасининг тарбияланувчиси, Сарп эса жиноятчиликка қарши ашаддий куращи.
Мустафо Кирантепе Вартолунинг қадрдон дўсти ва унинг ўнг қўли Медет ролини ижро этган.
“Чуқур” қаҳрамонидан фарқли равишда, Мустафо “Уч қуруш” сериалида ҳаддан ташқари диндор Русен образини гавдалантирган. Бу ҳам криминал картина бўлиб, унинг бош қаҳрамони — жиноятчиликка қарши муросасиз ва ўжар куращи Эфе исмли йигит. У эркакларни ўлдириб, уларнинг танасида учта танга шаклидаги белги қолдирадиган серияли қотил изига тушади. Тергов уни криминал авторитет Картал ҳукмронлик қиладиган маҳаллага олиб келади. Бу ерда полициячиларни ёқтиришмайди, бироқ Эфе ва Картал жиноятчини топиш учун ҳамкорлик қилишга мажбур бўлади.
Эржан Кесал “Чуқур” мафияси асосчиси ва етакчиси, Ямачнинг отаси Идрис ролини ижро этган.
Актёрнинг филмографияси ранг-баранг персонажларга бой. “Алеф”да унга Киняс исмли шифокорнинг кичик роли насиб этган. Картина биргаликда бир қатор қотилликларни тергов қилаётган бир-биридан тубдан фарқ қилувчи детективлар ҳақида ҳикоя қилади. Жиноятчи воқеа жойида сўфийларнинг қадимий эътиқод рамзи шаклидаги белги қолдиради. Мистикага, ҳатто мифологияга йўғрилган бундай криминал детектив турк киноси оламида ғоят машҳур ва ўзига хос жанрга айланган. “Меросхўр”да Кесал Қарсли уруғи бошлиғи, ҳокимиятни севувчи Зулфиқор образини яратган.
Ўгур Йилдиран Метиннинг укаси ҳамда “Чуқур”даги энг содиқ ва ишончли одамлардан бири бўлган Камол ролини ижро этди.
Бу келишган актёрнинг филмографиясида ҳозирча роллар унчалик кўп эмас, бош роли эса биттагина — айнан “Чуқур” сериалида. Бироқ ушбу криминал драмадан кейин Ўгурнинг янги қирраларини очиб берган лойиҳалар пайдо бўлди. Масалан, унинг “Бешафқат”даги Курт роли — мафия бошларининг қотили ва танқўриқчиси, ишончли ва ўз ишининг устаси. Сериал армиядан қайтган Дўған исмли йигит ҳақида ҳикоя қилади. У гўёки мутлақо бошқа, зим-зиё ва умидсизликка тўла дунёга тушиб қолади ва бу муҳитга анча ишонч билан мослашади. Сирли ўтмишга эга яна бир персонаж — “Эл Турко” сериалидаги Жаллод. Ўгур бир нечта эпизодда кўриниш бериб, ўз иштироки билан бир жумбоқ изини қолдирган.

