Лайфстайл

«Чиқинди ташийди деб менсишмайди...» - ярим асрлик ҳайдовчининг меҳнати ва бахт сири

Ҳар тонг тоза кўчалардан ўтиб кетарканмиз, бунинг ортида кимларнинг заҳмати борлигини кўпинча хаёлимизга келтирмаймиз. Шаҳар ҳали уйқуда бўлган пайтда ишга отланадиган ана шундай инсонлардан бири - ярим асрга яқин умрини рулда ўтказган чиқинди ташувчи ҳайдовчи. Унинг меҳнати кўзга кўринмаслиги мумкин, аммо ҳар куни минглаб одамлар ҳис қиладиган тозалик ортида қаҳрамонимизнинг машаққати бор.

«Чиқинди ташийди деб менсишмайди...» - ярим асрлик ҳайдовчининг меҳнати ва бахт сири

Ҳаёти давомида у одамларнинг турли муносабатларига дуч келди: баъзилар унинг меҳнатини қадрласа, бошқалар уни «чиқинди ташийди» деб менсимади. Аммо унинг ўзи учун бахтнинг мезони бошқача – ҳалол меҳнат, оиласи ва ҳар куни ишига рози бўлиб қайтиш.

Бугунги қаҳрамонимиз – 69 ёшли Муҳаммадолим ака, «Махсустранс» корхонасида 16 йилдан бери чиқинди ташувчи машина ҳайдовчиси бўлиб ишлайди ва 50 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга. Унинг ҳаёти фақатгина машаққатли меҳнатдан иборат эмас. Унинг ортида тоғдек тургувчи аёли, 15 нафар набираси ва тозаликка бағишланган умри бор. Биз қаҳрамонимизнинг иш жараёни ва шинам хонадонида бўлиб, ҳаёт ҳикматларига қулоқ тутдик.

«Ҳозир одамлар асабий, бир хиллари ишимизни менсимайди»

Муҳаммадолим аканинг иш куни тонг саҳар соат 08:00 да бошланади. Шаҳар бўйлаб йиғилган чиқиндиларни махсус полигонларга ташиш унинг кундалик вазифаси. Бир кунда машинасида 70-80 километр масофа босиб ўтади. 50 йилдан бери рул чамбарагини ушлаб келаётган бу инсон одамларнинг йиллар давомида қандай ўзгариб бораётганини ўз кўзи билан кўрган.

«Олдин одамлар бир-бирини ҳурмат қилган. Каттароқ одам ўтирган бўлса «ассалому алайкум» деб ўтган. Ҳозиргиларнинг баъзилари салом бермай ўтиб кетади. Автобус бекатларида ёшлар савлат тўкиб ўтиради, қариялар эса тик оёқда туради. Одамлар ҳозир негадир асабийроқ.

Касбимизни кимдир ҳурмат қилади, лекин кўпчилик чиқинди машинанинг ичида юрибсан деб менсимайди. Олдингиздан қўлини силтаб, ҳаракатлари билан писанд қилмай ўтиб кетишадиганлар бор. Баъзида мажбурий тўхтаб ишлаётганимизда, сигнал чалиб бақириб беришади. Лекин биз шукроналик билан меҳнат қиляпмиз, чунки тозалик бор жойда файз ва барака бўлади», - дейди қаҳрамонимиз.

Чиқиндилар орасидан топилган хазина ва кутилмаган топилдиқлар

Касбнинг ўзига яраша машаққати ва ҳайратланарли томонлари бор. Муҳаммадолим ака фаолияти давомида чиқиндилар орасидан қимматбаҳо буюмлар ҳам топиб олганини яширмайди.

«Бир марта чиқинди ташлаётганда тиқиллаган овоз келди. Қарасам, узук. Бошида мис бўлса керак деб ўйлаб, уйга олиб бордим, набираларим ўйнаб юришди. Кейин билсам, кўзи бор тилла узук экан. Тошкентдаги савдо марказида текширтирганимда, тилла эканини тасдиқлашди ва ўша пайтдаги пулга 400 минг сўмга сотганман. Бу жуда катта пул эди. Яна бир марта чиқиндилар орасидан узилиб кетган тилла занжир ҳам топиб олганман».

Албатта, бундай ҳолатлар ҳар куни ҳам бўлавермайди, лекин бу ҳалол меҳнат қилаётган инсонга берилган Аллоҳнинг кичик сийловларидек гўё.

45 йиллик бахт сири: «эркак кишининг чўнтагини ковламанг»

Чиқиндихона полигонидаги ишини якунлаган қаҳрамонимиз билан унинг хонадони жойлашган Зангиота туманига йўл олдик. 15 йил олдин қурилган, файзли ва озода ҳовлида бизни турмуш ўртоғи Зулхумор опа кутиб олди. Ҳовлидаги турли қушлар ва беданаларнинг сайраши бу оиладаги хотиржамликдан дарак берарди. 45 йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб келаётган Зулхумор опа бахтли оиланинг сирини битта сўз билан изоҳлади:

«Хўп бўлади!»

«Бахтли оиланинг сири нимада дейсизми? Хўжайинни ҳурмат қилиб, нима десалар «хўп бўлади» дейишда. Эркак кишига бошқа ҳеч нарса керак эмас: вақтида овқати, чойи, кийимлари тайёр бўлса, уй озода турса бўлди. Бувим ўргатган эдилар: «ҳеч қачон эркак кишининг пулини сўрама, чўнтагига қарама. Шунда сенда барака ва ҳурмат бўлади». Мен шу пайтгача хўжайинимнинг чўнтагини ковламаганман. Қийинчилик пайтлар ҳам бўлган, болаларга тузукроқ овқат қилиб беролмаган кунларимизни ҳам кўрдик. Аммо барчаси сабр билан ўтиб кетди».

Ичидан нур таралаётган инсон

Суҳбат давомида Муҳаммадолим аканинг юз-кўзларидан, қилаётган ишидан қанчалик мамнун эканини сезиш қийин эмасди.

«Бу ёшда энергияни қаердан оласиз дейишади. Энергияни ичимдан, ўзимдан оламан! Ёшим 70 га яқинлашяпти, лекин орзуларим ҳали ҳам бор. Набираларим катта бўлиб, шуларнинг тўйини кўриш насиб қилсин», - дейди жилмайиб.

Унинг уйидаги озодалик ишдаги масъулияти билан ҳамоҳанг. Зулхумор опанинг таъкидлашича, Муҳаммадолим ака азалдан тозаликни яхши кўради. Ҳовлида битта чўп ёца ҳам эътиборсиз ўтмайди.

Хулоса ўрнида...

Биз кўпинча кўчаларимиз тозалигини табиий ҳолдек қабул қиламиз. Бироқ бунинг ортида Муҳаммадолим ака каби ёмғир-у қорда, жазирама иссиқда хизмат қилаётган, баъзан бизнинг ноўрин муомаламизга ҳам сабр билан жавоб қайтараётган меҳнаткашлар турибди. Улар шунчаки чиқинди ташимайди, улар шаҳарнинг нафас олишига ёрдам беради. Уларнинг машаққатли меҳнати эвазига кўчаларимиз кўркам, уйларимиз файзли. Азизлар, шундай инсонларнинг меҳнатини қадрлайлик!

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.