Лайфстайл

“Қизимга худди мендек турмуш ўртоқ учрасин”. Имрон оилавий қадриятлари ва ғийбатчи дўстлари ҳақида

“Қизимга худди ўзимга ўхшаган турмуш ўртоқ учрасин”. Имрон оилавий қадриятлари ва ғийбатчи дўстлари ҳақида

Хонанда Имрон “Миллий” телеканалининг “Аёл қалби” кўрсатувига берган интервюсида ҳаётида дуч келган қийинчиликлар, ғийбатга бўлган муносабати ҳамда оилавий қадриятлари ҳақида сўзлаб берди.

“Одамлар мени йўқ жойдан чиқиб, машҳур бўлди, дейди”

— Мени кузатмайдиган, кўп нарсадан хабари йўқ одамлар мен ҳақимда “биргина хит қўшиғи билан йўқ жойдан чиқиб келди”, дейишади. Бундай гап-сўзлар бўлиши табиий ҳол. Қийинчилик пайти аслида бизга ҳам осон бўлмаган. Консерваторияни битиргандан кейин ҳам етти-саккиз йил юрдик. 2005-йилдан то 2018-йилнинг охиригача тинимсиз муаллифлик қўшиқларини тайёрладим. Бунда менга дадам ва акаларим ёрдам беришган. Чунки Тошкентда талаба бўлиб, битта муаллифлик таронасини чиқариш ҳам осон эмасди. Жой тополмай, кўчада қолган пайтларим ҳам бўлган. Бу қийинчиликларни ўзим билганим маъқул. Ҳаммага бу ҳақда бонг уриб, кўзёш қилишдан фойда йўқ, деб кўп айтаман, дейди хонанда.

“Қийинчиликка дуч келинганда, буни оила аъзоларига — онаси ва рафиқасига айтиш керак”

— Инсон ҳаётида қийинчиликка дуч келса, вазиятни яқинларга айтиб, ҳеч бўлмаса бир қисмини маълум қилиш керак. Кўпчилик бу ҳақда онасига айтмасликни афзал кўради. “Онангга айтма, уни қийнаб қўясан, азоб чекади”, дейишади. Нимага энди? Худога ҳаммаси осон-ку. Қайтага, онангиз аҳволингизни билса, сиз учун янада кўпроқ дуо қилади. Аёлингизга айцангиз, у ҳам дуо қилади. Мен, аксинча, бу ҳақда уларга билдириш тарафдориман. Қандайдир қийинчилик билан юзлашсам, буни дадамга ҳам айтгим келади. Инсон барибир яқинларига ҳол-аҳволи, вазияти ҳақида гапириб туриши керак.

“Бировни муҳокама қиладиганлар билан муроса қилолмайман”

— Бир куни бир воқеа бўлди. Олти-етти киши даврада гаплашиб ўтиргандик. Даврамиздагилардан бири хайрлашиб, туриб кетди. Мен кузатиб турибман, қолган беш киши кетган одамни ғийбат қилишга тушди. Бошида буни шунчаки одатий ҳол бўлса керак, деб ўйладим. Бироздан сўнг яна бир киши даврани тарк этди. Уни ҳам муҳокама қилишга ўтишди. Шунда уларга: “хафа бўлманглару, мен ҳозир туриб кетишга ҳам ҳижолат бўлиб, қўрқиб турибман. Агар шундай қиладиган бўлсанглар, йиғилиб нима қиласизлар?”, дедим. Мана шунақа бировнинг ортидан гапириб, ғийбат қиладиганлар билан муроса қилолмайман. Бундай ишларга асло рози эмасман. Ким бўлибсанки, бировни ғийбат қиласан, дейди у.

“Қизимнинг турмуш ўртоғи мендай бўлишини хоҳлайман”

— Энди менинг ҳам қизим бор. Эртага, вақти келиб уни кимгадир узатиш ҳақида ўйлайман. Худди шундай аёлим ҳам кимнингдир қизи. Баъзан кеч бўлишига қарамай, аёлимга бирор иш буюрсам, оғринмасдан, ортиғи билан бажариб қўяди. Бунинг учун унга раҳмат aytaman.Yana бир нарса бор, кўпчилик мендан “қизингиз учун ўзингизга ўхшаган куёв хоҳлармидингиз?”, деб сўрайди. Бу саволга кўпчилик “йўқ”, деб жавоб беради. Мен эса хоҳлайман, дейман.

“Яқинларини яхши кўришини амалда кўрсатиш, уни айтишдан кўра яхшироқ”

— Эркак киши яқинларига нисбатан “сизни яхши кўраман”, деб айта олмаслиги мумкин. Бу одат менда ҳам бор. Яқинларимни, оила аъзоларимни яхши кўришимни амалда кўрсатишга ҳаракат қиламан. “Яхши кўраман”, деб айтиш ҳам яхши, албатта. Аммо, назаримда, буни амалда исботлаш гапдан кўра анча баланд туради. Аёлларга маслаҳатим: агар турмуш ўртоғингиз ёки фарзандларингиз сизга ниманидир илиниб, вақт ажратаётган бўлса, билингки, улар яхши кўришини амалда кўрсатишмоқда. Буни тўғри тушуниб, шукр қилинглар ва рози бўлинглар, — дейди хонанда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.