Чикагода юзлаб одамлар ёлғиз марафончини қўллаб-қувватладилар
Итан Вудхед ёлғиз саёҳат қилган эди ва югураётганида юзлаб одамлар уни қўллаб-қувватлаб ҳайқираётганини кўриб, ҳайратда қолди.

Чикагода юзлаб одамлар ёлғиз марафончини қўллаб-қувватладилар
Гернсилик марафончи Итан Вудҳеднинг айтишича, Чикагода юзлаб нотаниш одамларнинг масофа бўйлаб уни қўллаб-қувватлагани "ҳайратланарли ва жуда ўзгача таассурот" бўлган.
Марафонда қатнашиш учун 4 000 миль (6 437 км) йўл босган югурувчи жуда кўп нотаниш одамлар кўчаларга чиқиб, уни қўллаб-қувватлашганини ва қўлларида унинг исми ёзилган қўлбола плакатларни ушлаб туришганини кўриб, ҳайратда қолди ва "нима дейишни ҳам билмай қолди".
24 ёшли Итан Вудҳед Гернсидаги уйидан Чикагога ёлғиз ўзи сафар қилган ва пойгани йўл бўйида бирор бир дўсти ёки оила аъзосининг қўллаб-қувватлависиз якунлашни кутган эди.
Унинг хабарисиз, амакиси Фил Вудҳед Facebook'да пост жойлаштириб, Чикагодаги одамлардан жияни ёнларидан ўтиб кетаётганда уни олқишлар билан ҳайратда қолдиришларини сўраган.
Ушбу пост минглаб лайклар, юзлаб шарҳлар ва репостлар йиғди ҳамда нотаниш одамлар уни қўллаб-қувватлаш учун кўчага чиқдилар.
Вудҳед шундай деди: "Мени бирор киши билишини кутмагандим, бу ерга ёлғиз ўзим келгандим, лекин одамлар исмимни айтиб ҳайқиришди, конфеттилар отишди, қўлбола баннерлар кўтаришди, бундан нима дейишни ҳам билмай қолдим".
У марафонни икки соат, 31 дақиқа ва 31 сонияда якунлади.
У пойга эрталабида телефонини текшириб, далда берувчи шарҳларни кўрмагунича ушбу пост мавжудлигини билмаган эди.
У шундай деди: "Бу жуда катта далда бўлди. Марафон осон нарса эмас, шунинг учун бундай қўллаб-қувватлаш масофани анча енгил ўтишга ёрдам беради.
"Йўл четида мени танимайдиган ва буни қилишга мажбур бўлмаган шунча одамни кўриб, жуда тўлқинланиб кетдим.
"Мен бундан завқландим, ҳаво бўсалари ва "юқоридан қўл бериш"ларни йўлладим, шунчаки тўхтаб, уларни бағримга босгим келди".
Унинг амакиси Фил ўзини жиянининг энг ашаддий ишқибозларидан бири эканини айтди.
У шундай деди: "Ичимда нимадир уни ҳеч ким қўллаб-қувватламаслиги ғоясига қаршилик қилди, шунинг учун марафондаги одамлардан уни олқишлаб қўйишни сўрасам чи деб ўйладим".
Марафон бошлангунига қадар у нотаниш одамлардан "уни ўша ерда қўллаб-қувватлашларини айтган юзлаб хабарлар" олганини айтди.
"Одамлар жуда бўлинган бир дунёда, инсонлар ҳали ҳам ўзлари учун ҳеч қандай манфаатсиз бир-бирларига яхшилик қилишга тайёр эканини кўриш жуда ажойиб эмасми", дея қўшимча қилди у.

