Дунё

Чехияда 80 йил олдин ўлган Чехословакия собиқ ташқи ишлар вазирининг жасади қазиб олинди

**Чехияда 80 йил аввал вафот этган собиқ Чехословакия ташқи ишлар вазирининг жасади эксгумация қилинди**

Чехия полицияси 2-сентябр куни собиқ Чехословакия ташқи ишлар вазири Ян Масарикнинг қолдиқларини қазиб олиш ишларини бошлаганини маълум қилди. Бу ҳаракатдан мақсад унинг қарийб 80 йил олдинги сирли ўлими билан боғлиқ тахминларга ойдинлик киритишдир.

Полициянинг Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида айтилишича, Прагадаги Олшани қабристонига дафн этилган жасад қолдиқлари энг замонавий суд-тиббиёт усуллари ёрдамида текширилиши режалаштирилган.

"Бугунги ҳаракатларимиз Ян Масарикнинг ўлимига олиб келган ҳолатларни аниқлаштиришга бизни яқинлаштиради деб ишонамиз", дейилади баёнотда.

**Собиқ дипломат билан нима содир бўлган эди?**

Масарик 1948-йил 10-март куни ўлик ҳолда топилган. Унинг жасади Ташқи ишлар вазирлиги ҳовлисида, ўзининг ювиниш хонаси деразаси остида аниқланган. Унинг Совуқ уруш авж олган бир пайтдаги сирли ўлими ўн йиллар давомида турли тахминларга сабаб бўлган.

Ўша пайтда Ички ишлар вазирлиги у ўз жонига қасд қилган деб даъво қилган. Бошқалар эса унинг йиқилиб тушишини бахциз ҳодиса деб ҳисоблаган ёки уни совет агентлари ўлдирган деб ишонишган.

**Ян Масарик ким бўлган?**

Масарик 1886-йил 14-сентябрда Прагада туғилган. У Чехословакиянинг биринчи президенти Томаш Гариг Масарикнинг ўғли эди.

У 1940-йилдан 1948-йилгача мамлакатнинг бош дипломати бўлиб ишлаган. Аввал Иккинчи жаҳон уруши пайтида қувғиндаги ҳукуматда, кейин эса урушдан кейинги коалицион ҳукуматда хизмат қилган.

1948-йил февралдаги Чехословакия коммунистик тўнтаришидан кейин у истеъфога чиқишдан бош тортди ва ташқи ишлар вазири лавозимида қолди.

Унинг ўлими бўйича иш 1989-йилдаги "Бахмал инқилоби"да коммунизм қулагандан бери бир неча бор қайта кўриб чиқилган. Кейинчалик мамлакат Чехия ва Словакияга бўлиниб кетган.

Аввалроқ Россия совет аскарлари жасадлари қазиб олингани ортидан Литва элчисини чақиртиргани ҳақида хабар берилганди. Москва буни ваҳшийлик ва ҳарбий қабрларни таҳқирлаш деб қоралаган. Эксгумация "Советлаштиришдан воз кечиш тўғрисидаги" қонун билан боғлиқ бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.