Сиёсат

Чад Халқаро жиноий суддан чиқишини маълум қилди

**Чад Халқаро Жиноий Суддан Чиқишини Эълон Қилди**

Чад Ташқи ишлар вазирлиги 27-июл куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибига Халқаро жиноий суд (ХЖС) аъзолигидан чиқиш ниятида эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда Деуцче Велле хабар берди.

Бу қарор билан Чад бир йил ичида ХЖСдан чиққан тўртинчи франсуз тилида сўзлашувчи Африка давлатига айланди. Аввалроқ, 2025-йил сентябр ойида Буркина-Фасо, Мали ва Нигер хунталари ҳам суд билан келишилган ҳолда аъзоликни тарк этган эди.

2002-йилдан бери фаолият юритиб келаётган ХЖС ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айбланган шахсларни жавобгарликка тортиш билан шуғулланади.

**Ҳукуматнинг Изоҳи**

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қарор ХЖСнинг 2002-йилдан бошланган фаолияти ва унинг самарасиз иш жараёни ҳар томонлама ўрганиб чиқилгач қабул қилинганини билдирди. Вазирлик баёнотига кўра, суд холис иш олиб бормаяпти ва ҳар бир минтақага ҳар хил муносабатда бўлмоқда.

Ташкил этилганидан бери очилган 13 та тергов ишидан 9 таси Африка давлатларига тегишли. Қолган 4 таси эса бошқа минтақаларга оид бўлиб, улар бўйича ҳозирча ҳеч қандай амалий силжиш йўқ.

Шунингдек, суд терговлари натижасида ҳибсга олинган 7 кишидан фақат бир нафари Африка қитъасидан ташқаридаги ҳудудга тегишли. Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолат ХЖС эътибори доимий равишда “умуман Жанубий яримшар ва хусусан Африка қитъасига” қаратилганини кўрсатади, деб таъкидлади. Чад, шунингдек, Африка Иттифоқининг бошқа аъзоларини ҳам намуна олишга чақирди.

“Чаднинг ушбу қатъий қарори жабрланганларга нисбатан адолатни таъминлашдек ахлоқий бурчдан воз кечишни англатмайди. Аксинча, бу миллий суд тизимлари ва Африка адлия механизмлари ушбу вазифани шараф билан бажаришга тўлиқ қодир эканига бўлган ишончни акс эттиради”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Иброҳим Адам Маҳамат имзолаган баёнотда.

**АҚШнинг Роли**

Ўтган ҳафта мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ХЖС масаласини кўтарган эди. Чад вазири ва АҚШнинг Африка бўйича вакили Френк Гарсия ўртасидаги музокаралардан сўнг Нжамена ҳукумати Вашингтон уларни ХЖС аъзолигини қайта кўриб чиқишга ундаганини билдирди.

“АҚШ томони ушбу муассаса фаолиятидан хавотир билдирди ва Чаднинг Рим статутига содиқлигини қайта кўриб чиқишини сўради”, деб ёзади вазирлик.

Чад эса ушбу илтимос масъул идоралар томонидан ўрганиб чиқилишини маълум қилган. Маълумот ўрнида, АҚШ, Россия ва бошқа бир қанча давлатлар Рим статутини ратификация қилмаган ва ХЖСга тўлиқ аъзо бўлмаган. Бироқ Вашингтоннинг аввалги администрациялари суд ишини кенг қўллаб-қувватлаган.

ХЖС Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва собиқ мудофаа вазирини ҳибсга олишга ордер берганидан сўнг, айниқса 2024-йил ноябрида Доналд Трамп иккинчи муддатга сайлангач, АҚШ муносабати ўзгарди. Иккинчи Трамп администрацияси мустақил ХЖСни ҳам, Рим статути механизми келишилган БМТни ҳам тез-тез танқид қилиб келади.

Ҳозир Чадда номига фуқаролик ҳукумати бўлса-да, ҳарбийлар билан яқин алоқада бўлган бир оила 35 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳокимиятни бошқариб келмоқда. Собиқ президент Идрисс Деби 1990-йил охирида ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимиятга келган. У 2021-йил апрелида вафот этгани ҳақида хабар берилгунга қадар 30 йилдан ортиқ вақт давомида лавозимда бўлган.

Чад манбаларига кўра, собиқ генерал мамлакат шимолидаги исёнчиларга қарши жанговар фронт чизиғида ҳалок бўлган. Дебининг ўлимидан сўнг ҳукумат тарқатиб юборилди ва унинг ўғли, зобит Маҳамат Идрисс Деби ўтиш даври ҳарбий кенгаши раҳбари этиб тайинланди.

2022-йил октябр ойида у ўзининг муваққат ваколатларини узайтирди. Бу эса оммавий норозиликларга сабаб бўлди ва улар шафқацизларча бостирилди. Оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди ҳамда бир нечта мухолифат партиялари тақиқланди. Аввалроқ Путин ва Нетаняхуни ҳибсга олишга ордер берган ХЖС прокурори лавозимидан четлатилгани ҳақида хабар берилганди.