“Челси” Эмилиано Мартинес билан келишувга эришди — Романо

“Челси” Эмилиано Мартинес билан келишувга эришди — Романо
Аргентина терма жамоаси ва “Астон Вилла” дарвозабони Эмилиано Мартинес “Челси” футболчисига айланиш арафасида турибди. “Аристократлар” Мартинесни трансфер қилиш бўйича оғзаки келишувга эришган. Трансфер доимий асосда амалга оширилади. Бу ҳақда таниқли инсайдер ва журналист Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, клублар футболчининг трансфери учун 7,5 миллион фунт стерлинг миқдоридаги тўлов бўйича келишиб олган. Мартинес “Челси” сафига ўтишга рози бўлган.
Клублар ўртасидаги музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда. Аввалроқ футболчига қизиқиш билдирган “Тоттенҳем” эса бошқа дарвозабонларга эътибор қаратган.
Эмилиано Мартинес бир ҳафтадан сўнг 34 ёшга тўлади. У 2020-йилдан буён Бирмингем клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Умуман олганда, у “Астон Вилла” сафида 256 та ўйинда майдонга тушиб, 305 та гол ўтказиб юборган ва 80 та учрашувда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Аргентиналик футболчи аввал “Арсенал”, “Рединг”, “Вулверҳемптон”, “Шеффилд Уенсдей”, “Ротерҳем”, “Хетафе” ва “Оксфорд Юнайтед” клублари шарафини ҳимоя қилган.
Мартинеснинг “Астон Вилла” билан амалдаги шартномаси 2029-йил 30-июнгача мўлжалланган. Трансфермаркт маълумотларига кўра, футболчининг трансфер қиймати 12 миллион еврони ташкил этади. 2025/2026-йилги мавсумда дарвозабон клуб миқёсида 44 та учрашувда майдонга тушиб, 49 та гол ўтказиб юборган ва 14 та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.

