Чеча 83 ёшда: асл миллати араб бўлган, болалар уйида улғайган, таниқли хонандани куёв қилган актриса ҳақида

**Чеча 83 ёшда: асл миллати араб бўлган, болалар уйида улғайган, таниқли хонандани куёв қилган актриса ҳақида**
Ўзбекистон халқ артисти, актриса Азиза Бегматова 7-сентябр куни 83 ёшга тўлди. У Деновдаги болалар уйида улғайган ва ёшлик йилларида уч сўм пул билан ўқиш учун пойтахтга келган. Санъаткор фаолияти давомида томошабинларга, айниқса, “чеча” образи орқали танилган. Таваллуд куни муносабати билан ҳаёти давомида кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирган ва орадан 40 йил ўтиб онаси билан кўришган актрисанинг ҳаёт йўли ҳақида сўз юритамиз.
Азиза Бегматова 1943-йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. Болалиги уруш йилларига тўғри келган кичик Азиза 14 ёшигача меҳрибонлик уйида тарбияланган.
### “Меҳрибонлик уйида ота-онаси бор болалардан кўра яхши яшардик”
— Урушдан кейинги йиллар эди. Жуда кичик пайтимдан Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги болалар уйида улғайганман. У ердаги тарбиячиларимизнинг ҳаммаси меҳрибон эди. Кези келса, қулоқсизликларимиз учун уришгандир. Кичкина қизчалар эдик. Ҳамма ёғимизни кир қилиб ўйнаб келсак, ҳар куни кечки пайт бизларни ювинтириб, янги кийимлар кийдириб, ухлатишарди.
Баъзида ота-онаси билан катта бўлган болаларда ҳам бундай шароит бўлавермайди. У ерда тез-тез янги кийимлар кийиб, ҳар ҳафта консертлар кўриб ўсганман. Аслида, санъатга бўлган муҳаббатни тарбиячиларим уйғотган. Меҳрибонлик уйида пианино, гармошка, ҳатто аккордеон ҳам чалардим. Тез-тез спектакллар ҳам саҳналаштириларди. Спектаклда йиғлайдиган ролларни ўйнаш менга бериларди, дейди актриса.
### “14 ёшга тўлганимдан сўнг болалар уйидан кетказиб, техникумга юборишди”
— Меҳрибонлик уйида етти йил давомида яшадим. Еттинчи синфни битирганимдан сўнг, 14 ёшдалигимда “бўлди, сен энди 14 га тўлдинг”, дейишган. Чунки у ерда болалар шу ёшгача тарбияланар эди. Бир ғилофнинг ичига чойшабни солиб, қўлимга уч сўм пул бериб, техникумга юборишди. Кейинги тўрт йил давомида ўқитувчи бўлиш учун техникумда ўқидим. У ерни ҳам битиргунимча давлат боқди, дейди у.
### “Бегона шаҳарда бир ўзим қолиб кетдим”
— Техникумни тугатганимдан сўнг уч сўм пул билан билет олиб, биринчи марта поездга чиқиб Тошкентга келдим. Тошкент давлат университетининг “Журналистика” факултетига ўқишга кирдим. Чунки адабиёт фанидан яхши эдим. Бир пайт қарасам, ҳамма уйига кетибди. Бегона шаҳарда ёш қизча, бир ўзим қолдим. Қаерга боришни билмайман. Хаёлимга шаҳарни айланиб чиқиш фикри келди. Қоронғи тушаётган эди, шаҳар бўйлаб сайрга йўл олдим. Қаерларда юрганимни билмайман, ёмон одамларга ҳам йўлиқмадим. Ўзим билан ўзим айланиб юрсам, ёнимдан мактабда бирга ўқиган дугонам чиқиб қолди.
У ҳам мени кўриб “нима қилиб юрибсан?” деди. Унга устозим Болтажон ака Тошкентга ўқишга юборганини, “Журналистика” факултетига қабул қилинганимни хурсанд бўлиб гапириб бердим. Гапларимни эшитгач “вой, Азиза, қўй уни. Шундай олийгоҳ борки, у ерда ашула айтиб, пианино чалишинг мумкин. Институтнинг ўзи сени ҳамма нарсага ўргатади”, деди. “журналистика йўналишига топширган ҳужжатларим нима бўлади?” десам, “санъат олийгоҳидагиларнинг ўзлари ҳужжатингни қайтариб олади”, деди.
### “Санъат олийгоҳи томон отландик”
— Шундан сўнг иккимиз ҳам “театралний” институтга кетдик. Бориб, бинонинг биринчи қаватини панжара ортидан кузатдик. Дугонам “имтиҳон бошланибди”, деди. Қарасак, қаторасига ўқитувчилар ўтирибди. Бир маҳал бир ўқитувчи ёнимизга келиб, “бу ерга ўқиш учун келдингизми?” деди. Мен Тошкент давлат университетига кирганимни айтдим. Лекин ўқитувчи бунга парво қилмай, дугонам иккимизнинг қўлимиздан ушлаб, имтиҳонга олиб кирди ва иккимизни ҳам ўқишга олишди.
### “Меҳрни илк бор шу инсонда кўрганман”
60 йил давомида фақат бир маскан — Аброр Ҳидоятов (ҳозирги Ўзбек давлат драма театри) номидаги театрда актриса сифатида фаолият кўрсатган Азиза Бегматова умр йўлдоши билан илк бор шу ерда учрашганини айтади.
— Театрда турмуш ўртоғимни учратганман. Тўлқин ака раҳматли театрда саҳна декоратори бўлиб ишларди. Вақти-вақти билан ҳайдовчи, администратор бўлиб ҳам ишлаган. Болаликда ота-она меҳрини кўрмай улғайганим сабабли, бу туйғуни илк бор турмуш ўртоғимдан ҳис қилганман. У киши менга ҳеч қачон ёлғон гапирмаган. Ярим аср бирга ҳаёт кечирдик. Бировга ёмонлиги тегмайдиган, яхши инсон эди.
### “Қирқ йил ўтиб онам билан топишдим”
— Болалар уйига топширишганида икки ярим-уч ёш бўлганман. У пайтда ҳатто исмимни ҳам билмасдим. Орадан қирқ йил ўтиб, 1985-йилда онам мени излаб топди.
“Сурхондарё ҳақиқати” газетасида “Сени қидираман, Орзихол” сарлавҳали мақола чиқибди. Ўқитувчим Болтажон аканинг қўлига шу газета тушиб, мени топилишимга ёрдамлашди. Техникумга келган вақтгача ҳамма мени “Арза” деб чақирарди. Шу устозим “исминг Арза эмас, Азиза”, деганди. Шу суҳбатимиз эсимга тушиб, Азиза, Арза, Орзихол исмларини бир-бирига боғлаб кўрибди-да, эълонда қидирилаётган фарзанд мен бўлишим мумкинлигини тахмин қилибди ва расмимни юбориб, “шу қиз менинг қўлимда ўқиган. Расмини кўринглар, шу эмасми?” деб хат ёзибди.
### “Қарз олиб, пойтахтдан Сурхондарёга онамни кўргани бордик”
— Мени қидириб топиш учун онам жиянларим билан бирга Тошкентга келган. Ўша пайтда Қора денгиз бўйлаб гастрол сафарда эдим. Театрга қайтганимиздан кейин, котиба “Азиза опа, онангиз бор экан”, деди. Аввалига унинг гапига парво қилмай: “нималар деяпсан? Ҳеч кимим йўқ-ку”, дедим. Котиба “ишонмасангиз, мана, хат ҳам қолдиришди”, деди.
Театр директоридан рухсат олиб, Сурхондарёга бориб келмоқчи бўлдик. Лекин бир тийин ҳам пулимиз йўқ — ойликка қараб қолган эдик. Хўжайиним раҳматли қарзга пул топганидан сўнг тезда жўнаб кетдик.
### “Нега мени меҳрибонлик уйига бериб юборгансизлар?”
— Катта ҳовлили уйга етиб бордик. Ичкаридагилар бир-бирига “онасини чақиринглар!” деб айтишди. Бир маҳал худди образимдагидек (аслида кийим уларники, мен “чеча” образини онамдан олганман) кийиниб олган онам югуриб келиб, мени қучоқлаб олди. Оила нималигини билмаган инсон ҳаётда анча қийналар экан. Умр бўйи “ота-она” демаган бўлсам, оила нималигини билмаган бўлсам — қайсидир маънода улардан хафа ҳам бўлдим.
Ўша пайтда ўзимда ҳеч қандай ҳиссиётни сезмадим. Келиб ўтирганимиздан сўнг ҳеч гап йўқ, бирдан “нимага мени меҳрибонлик уйига бергансизлар?” деб сўрабман. Ундан кейин “миллатим нима?” деб ҳам сўрадим. Онам биринчи саволимга ҳеч нарса демаган бўлса ҳам, кейингисига “араблардансан”, деб жавоб қайтарди.
Онам билан топишганимиздан кейин, онам ҳақиқий исмим Орзихол бўлганини айтиб берган. Қурбоной онам исмимни қисқартириб “Арзи” деб чақириши элас-элас қулоғимда қолган экан, эслай бошладим. Сўнг амаким уларнинг юзига оёқ қўймай, чиройли оила қуриб яшаётганим учун мендан миннатдорликларини айтди. Аммо барибир нима сабабдан мени топшириб юборганини айтишмади. Мен шундан хафа бўлдим, дейди Азиза Бегматова.
### “Онам билан бирга яшаш насиб этмади”
— Онамга “кетманг, мен билан яшанг. Сингилларимни ҳам олиб келинг, куёвингиз, набираларингиз билан бирга турамиз”, дедим. Аммо онамни топганимдан кейин ҳам у билан бирга яшаш насиб қилмади.
### Актрисанинг шахсий оиласи ҳақида
Актрисанинг қизи таниқли хонанда Тоживой Шукуровга турмушга чиққан. Бугунги кунда қўшиқлари билан танилган ёш ва истеъдодли хонанда Иззат Шукуров эса Азиза Бегматованинг набираси. Актриса оиласи ва яқинлари ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни таъкидлайди:
— Шукрки, Аллоҳ ҳеч нарсадан қисмади. Фарзандларим, келинларим, куёвим ва 10 нафар набирам ҳамда 11 эвараларим бор. Икки келиним ҳам ўқитувчи. Фақат турмуш ўртоғим вафот этганда жуда қаттиқ тушкунликка тушиб қолдим, дейди у.

