Афзал Рафиқов 78 ёшда: меҳнат дарсида бармоғидан айрилган, ўғлининг тўйига боролмаган ҳамда хасталик сабаб машҳур овозини йўқотган актёр ҳақида

Ўзбек дубляж санъатининг қироли, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов 21-август куни 78 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан актёрнинг ўзбек ва рус театр саҳнаси ҳамда ўзбек дубляж санъатидаги ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлаймиз.
Афзал Рафиқов 1948-йилда Тошкент шаҳрида Ҳамронисо она ва Азимхон ота оиласида туғилган.
**Болалик йиллари ҳақида**
Таниқли актёр урушдан кейинги йилларда Тошкентда кечган оғир болалиги ва рўзғордаги етишмовчиликлар ҳақида шундай эслайди:
— Бутун ёшлигим Тошкент марказида ўтган. Лекин 50-йилларда Тошкентнинг манзараси бугунгидан бошқача — кўримсиз ва қаровсиз эди.
Эсимда, рўзғоримизда етишмовчиликлар бўлиб турарди. Ўша пайтларда ҳатто тухум ҳам танқис эди. Онам укаларимдан яшириб, менга тухум пишириб берганларини яхши эслайман. Чунки кам овқат ейдиган, жуда ориқ болакай бўлганман. Укам тўлача бўлгани учун онам мени кам овқат еяпти, деб ўйлаб шундай қилган экан. Онам “Даданг 200 сўм мояна олганида яхши яшардик-да”, дердилар. Кейинчалик дадам 200 сўмлик мояна ола бошлади, лекин барибир етишмовчилик кетмади. Чунки вақт ўтгани сайин нарх-наво ошиб бораверарди. Бошқа қўшимча даромадимиз ҳам бўлмаган. Ота-онам мана шундай қийинчиликда тўртта фарзандни вояга етказишди.
Афсуски, оғир меҳнат ва етишмовчиликлар туфайли онам касал бўлиб қолди. Юрак касаллиги сабаб 1989-йилда 63 ёшида вафот этди, дейди актёр.
**Мактаб йиллари ва тақиқланган “Ўткан кунлар” мутолааси ҳақида**
Ёш Афзал рус мактабида таълим олгани сабабли рус адабиёти намояндаларини ўқиб улғайганини, шу билан бирга ўша пайтларда тақиқланган “Ўткан кунлар” романини яшириб ўқиганини айтади.
— Рус мактабида ўқиганим сабабли ўзбек тилини яхши билмасдим. Пушкин, Лермонтов, Толстой, Достоевскийларда суягим қотган. Рус тилидан тўрт баҳо олсам ҳам, рус адабиётидан аъло баҳога ўқиганман. Ўқитувчилар “Сен кумуш медал оласан”, дейишарди. “Нима учун олтин эмас?” десам, рус тилидан олган тўртимни кўрсатишарди.
Қатағон йилларида “Ўткан кунлар”ни беркитиб ўқиганман. Дадам “Ўқиб бўлганингдан кейин китоб танчанинг устида қолиб кетмасин, олиб қўй”, деб айтарди. Олиб, жавоннинг кўринмас бурчакларига беркитиб қўярдим. Мана шундай мураккаб даврларда катта бўлганман.
**“Ёшлигимда кўпчилик мени татар деб ўйларди”**
Санъаткор ташқи кўриниши туфайли мактаб ва талабалик йилларида уни кўпчилик бошқа миллат вакили деб ўйлаганини ёдга олади.
— Ёшлигимда ташқи кўринишим татарларга ўхшаб кетарди. Мактабдаги дўстларим мени Рафик деб чақиришарди. Мана шу ўхшашликдан кейинчалик институтда ўқиётганимда жуда кўп фойдаланганман. Бир фандан татар домламиз бўларди. Ҳамма икки баҳо олганда ҳам, менга тўрт қўярди.
**“Маънавий жиҳатдан бой эдик”**
— Маънавий ҳаётимиз ниҳоятда бой эди. Чунки уйда китобларимиз бўларди, уларни ўқирдик. Дадамнинг ғижжаги бор эди, баъзан чалиб турардилар. Шу касб-корнинг эгаси бўлишимга сулоламиздаги санъатга бўлган муносабат сабаб бўлса керак. Чунки катта холам дутор чалиб, хиргойи ҳам қилган. Онам ҳам дутор чалишни биларди. Иккала тоғам ҳам катта ашулаларни яхши айтишарди. Айниқса, Маҳкам тоғамнинг овозлари жуда ширали, Ҳасан тоғамнинг овози эса бақувват эди. Дадам маълум вақт давомида Ҳасан тоғамнинг истеъдодини кўриб, хонандалик билан шуғуллантиришга ҳаракат қилган, лекин амалга ошмаган. Шундай бўлса-да, оиламизда, авлодимизда санъат ҳамиша эъзозланган ва ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб келган.
Тахминан 9-10 ёшдалигимда, эрталаб нонушта қилаётганимизда радиодан рубоб таронаси жаранглаб қолди. У пайтларда телевизор ҳаммада ҳам бўлавермайдиган танқис матоҳ эди. Рубобнинг куйини тинглаш ўшанда менга жуда ҳам ёққан, ич-ичимга сингиб кетган. Рубобнинг овозидан руҳиятимда кўтаринкилик пайдо бўлиб, ажиб ҳолатга тушганман. Сўнг ўзимча уйдаги рубобни олиб чаламан, деб олдимда турган пиёлани туртиб юборганман. Пиёладаги қайноқ чой устимга тўкилиб кетган. Шу сабаб бўлганми, билмайман, шундан кейин “Рубоб чалишни ўрганишга бораман” деб туриб олганман. Шундан кейин дадамнинг ўзи мусиқа мактабининг рубоб чолғуси синфига жойлаб қўйган.
**“Меҳнат дарсида кўрсаткич бармоғимдан айрилганман”**
Ўзбек дубляж қироли математикага қобилияти юқори бўлгани ва мактаб устахонасида бармоғидан айрилишига сабаб бўлган фожиа ҳақида гапиради.
— Кўп жиҳатдан математикани яхши кўриб қолишим ва бу фанда салоҳиятимни намоён қилганимнинг сабаби ўқитувчим бўлган. Математика ўқитувчимни ниҳоятда ҳурмат қилардим. Унга тақлид қилиб фанни яхши ўрганганман, олимпиадаларда қатнашганман. Демак, ўқитувчининг шахсияти ўқувчининг билим олишига бевосита таъсир кўрсатади. Чунки болалигимизда домлага қараб улар дарс берадиган фанга муносабат билдирар эдик-да.
1960-йилларда, 12 ёш вақтимда мактабда бир воқеа юз берди. Меҳнат дарсида болалар боғчасига стулчалар ясар эдик. Ўшанда тахтани электр арра билан кесаётганимда ўнг қўлим ҳам тахта билан аррага кетиб қолган. Арра кўрсаткич бармоғимни, жимжилоғимнинг ҳам ярмини олиб кетган. Оғир жароҳат олиб, кафтим ҳам ёрилиб кетганди. Шифокорлар қўлим хунук бўлиб қолмаслиги учун бир амаллаб жимжилоғимни тикиб қўйишган, аммо кўрсаткич бармоғимдан айрилганман. Касалхонадан чиққанимдан кейин рубоб чалишдан битирув имтиҳонини топширишим керак эди. Ўшанда қўлимнинг яраси битмай туриб, боғлоқлиқ ҳолида имтиҳон топширганман. Айтилган куйларни чалиб, имтиҳондан аъло баҳоларни олиб чиққанман.
**“Актёрликка ҳам ўқилар экан-да”**
— Техникумда учинчи курсни тугатганимдан кейин таътил вақтида газеталарни кўриб ўтирганимда унинг охирги бетида институтларнинг эълонига кўзим тушди. Унда қайси олийгоҳ қайси мутахассислик бўйича талабаларни қабул қилиши ёзилган эди. Шуларни ўқиб туриб, театр олийгоҳининг эълонини кўриб қолдим. Драма ва кино актёрлиги бўйича мутахассислик йўналишини кўриб, “актёрликка ҳам ўқиса болар экан-да”, деганман. Чунки илгариги тушунчам бўйича актёрликка ўқиб бўлмасди, аксинча, актёр бўлиб туғилиш керак эди. Сўнг мана шу нарса кўнглимга маҳкам ўрнашиб олди ва мен ҳам актёр бўлишга аҳд қилдим. Шундан кейин ҳамма можаролар бошланиб кетди, дейди Афзал Рафиқов.
**“Уч йил ўқишга киролмадим”**
— Актёр бўлишга қарор қилганимдан сўнг уч йил деганда ўқишга кирганман. Биринчи йили ўқишга киролмаганимдан сўнг қизиқишлар барибир санъатга тортаверганидан сўнг дадам таниш-билиш қилиб, киностудияга ишга олиб кириб қўйган.
У ерда дастлаб телемеханик бўлиб ишлаб юрдим. Кейин имтиҳон топшириб, киномеханик бўлдим. Тақдирни қарангки, дубляж бўладиган жойда киномеханик, яъни филмларни қўйиб берувчи бўлганман. Келган дубляжчиларга филмни қўйиб бериб, ишлашига қараб турардим. “Мен ҳам шу ишни қилсам эди”, деб улар томон талпинаверардим. Аммо институтга киролмаганим учун у пайтлар ноилож эдим, дейди дубляж устаси.
**“Дубляждаги биринчи ролим биргина ъхўп бўладиъ дейишдан иборат бўлган”**
— Ўша пайтларда киностудияларда кечки соат ўн иккидан эрталаб олтигача тунги смена бўларди. Бунинг сабаби Ҳамза Умаров, Обид Юнусов ва Ёқуб Аҳмедов каби актёрлар киносёмка, гастроллар билан кундуз куни дубляжга келишга кўпинча вақти бўлмасди. Студияда киномеханик бўлиб ишлаб юрганимда тунги навбатчиликка тушиб қолдим. Рус филмини ўзбек тилига ўгираётган эдик. Студияда фақат Ҳамза ака Умаров бор эди. Филмда характери кучли полковникка овоз бераётгандилар.
Бир пайт бир кадрда Ҳамза аканинг қаҳрамонидан ташқари яна бир лейтенант образи чиқиб қолди. Полковник чақириб нимадирлар дер экан, сўнг лейтенант “Хўп бўлади, жаноб” деб чиқиб кетиши керак эди. У пайтда ҳамма ролга бир киши овоз бермас, кичкина рол бўлса ҳам бошқа актёр гапириши шарт эди. Лекин студияда Ҳамза акадан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Ана ўшанда филм режиссёри мендан ўзбекча гапира олишимни сўраб, студия ичкарисига чақирди ва лейтенантнинг бир оғиз гапига овоз беришимни сўради. Бир марта репетиция қилдим ва биттада овоз ёзилди. Шундай қилиб, 26 ёшимда илк марта дубляжга кириб келганман.
**“Саҳна ищиси бўлиб, буюк дарғаларнинг ижросини кузатиб ўтирардим”**
Афзал Рафиқов уч йиллик уринишлардан сўнг Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига сиртдан ўқишга кирди ва уни 1974-йилда тамомлаган. Актёр 1973-йилдан то 1987-йилга қадар Ҳамза (ҳозирги Ўзбекистон миллий академик драма) театрида турли лавозимларда ишлаган.
— Ҳамза театрида саҳна ищиси бўлиб ишлаб юрган пайтларимда декорацияни қуриб бўлганимдан сўнг болғани ёнимга қўйиб, бир бурчакда актёрларнинг қандай саҳнага чиқиб, қандай ишлашини томоша қилардим. Мен учун театрдаги асосий мактабим шу бўлган. У пайтда театр саҳнасида Олим Хўжаев, Шукур Бурхонов, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева сингари атоқли актёрлар меҳнат қилишарди. Уларнинг қандай меҳнат қилишини кўрганман.
Кейинчалик саҳна ищисидан режиссёр ёрдамчиси лавозимига кўтаришди. Режиссёр ёрдамчиси бўлиб, спектаклларни олиб борардим. Кейин труппа бошлиғи қилиб қўйишди. Узоқ муддат шу лавозимда ишладим ва шу билан бир вақтда саҳнада ҳам турли ролларни ижро этардим. Ҳаммасини уддалашга ҳаракат қилардим. Билмадим, шунинг учун бўлса керак, ҳар бир қилган ишим диққатга сазовор бўларди.
**“Мени кейинчалик овозим орқали эсласалар керак”**
— Мени кейинчалик овозим орқали эсласалар керак. Овозим эшитилса, “овози зўр актёр, Қуръонни ўқиган киши”, дейишлари мумкин. Худди Обид Юнусовни Ўткурий образи “эзиб қўйган”идек, мени овозим “эзиб қўйди”. Аммо ижро этган ролларим ҳам талайгина ва улар мутахассислар, томошабинлар томонидан яхши қабул қилинган. Ролларим ортидан фахрий унвонларга сазовор бўлдим. Лекин барибир номимни эшитганларида одамлар овозимни эслайди. Бу ҳам бир Худонинг марҳамати, дейди у.
**“Спектакл сабаб ўғлимнинг тўйига боролмаганман”**
— Катта ўғлимнинг никоҳ тўйи белгиланди. Ўша куни кутилмаганда тўйга бормай, спектаклда рол ижро этдим. Аслида спектакл ҳам аввалдан режада бўлган экан, фақат мен билмай қолибман. Театр раҳбариятига шу куни тўй қилаётганимни айтиб, спектаклни бошқа кунга кўчиртирмаган эканман. Бунинг устига узоқ давом этадиган саҳна асари эди. Барибир уни бекор қилмадим. Бунинг учун ўғлим мендан хафа бўлган. Саҳнада ролимни ўйнаб бўлгандан кейин гримни ҳам ечмасдан, бўялган сочларим билан тўйга югурганман. Шу кўринишда бўлганим учун ишдан тўғри келганимни айтиб, ҳаммадан узр сўраганман.
**“Рафиқам маслаҳатгўйим”**
Уч нафар ўғилнинг отаси ҳамда ўндан ортиқ набираларнинг бобоси бўлган Афзал Рафиқов турмуш ўртоғини энг яқин маслакдоши эканини яширмайди.
— Аёлим оила бошлиғи сифатида мени ҳурмат қилиб, ижод ва ишим учун ҳамма имкониятларни яратиб берган. Ҳатто шу вақтгача бозорга тушиб, рўзғор қилмаганман, уйга бирор нарса кўтариб келмасдим. Фақат ижод — репетиция, дубляж ва спектакл билан банд бўлганман. Уйдаги ишларга ҳам қарашмасдим, ҳаммасини ўзи эпларди.
Қолаверса, театрдаги энг биринчи маслаҳатгўйим ҳам рафиқам. Уни спектакл премьераларига олиб келиб кўрсатаман. Сўнг унинг таассуротини диққат билан тинглаб, барча эътирозлари тўғри бўлганини англайман ва шунга қараб саҳна кўринишининг айрим жойларига ўзгартириш киритаман. Эришган барча ютуқларимнинг ярми рафиқамники, дейди Афзал Рафиқов.
**“Хасталик сабаб овозимни йўқотдим”**
Театр ва дубляж актёри Афзал Рафиқов 2024-йилда берган интервюсида бошидан кечирган оғир касаллик туфайли машҳур овозидан айрилгани ҳақида айтиб берган эди. Унда ижодкор шундай деган эди:
— Ҳаётимнинг сўнгида Худойим яна бир синов берди: овозим хаста бўлиб қолди. Лекин шунга қарамай таслим бўлганим йўқ: ҳаракат қиляпман. Спектаклни ҳам ўйнаяпман, саҳнада, мана шу овоз билан. Театр раҳбариятига раҳмат, кичкина микрофон топиб беришган, ўша микрофонни тақиб ўйнаяпман ролимни. Буни қарангки, дубляжда ҳам менга ҳеч ким “Афзал ака, раҳмат, шунча йил хизмат қилдингиз, энди бўлди”, демаяпти. Ҳалигача дубляжда ҳам ишлаяпман.
Овозим йўқолишига овоз пардамдаги муаммо сабаб бўлди. Чап овоз пардамда касаллик аниқланди. Жарроҳлик амалиётига кўнишга мажбур бўлдим. Фақат шу усул билан касаллик бартараф этилди. Чунки муолажа билан ҳеч ким нафақат овозимга, балки жонимга ҳам кафолат бермади. У фақат овозимга эмас, балки жонимга ҳам таҳдид қилган касаллик эди, деган эди ўшанда у.

