Тўти Юсупова сабаб театрга келган, шахсий ҳаётини санъатдан устун қўядиган Лола Элтоева 54 ёшда

Тўти Юсупова туфайли театрга кириб келган, шахсий ҳаётини санъатдан устун қўядиган Лола Элтоева 54 ёшда
Театр ва кино актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева 4-сентябр куни 54 ёшга тўлди. Актриса ижодий фаолияти билангина эмас, балки шахсий ҳаёти билан ҳам кўплаб ижодкорлардан ажралиб туради. Бундан ташқари, Лола Элтоева ҳинд филмларида актриса Кажолга овоз бергани учун томошабинлар орасида “ўзбек киносининг Кажоли” номи билан ҳам танилган.
Лола Элтоева 1972-йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У оиладаги тўнғич фарзанд бўлган.
— Санъатдан бутунлай йироқ оилада туғилганман. Дадам тўқимачилик саноатида ишларди, онам эса оддий уй бекаси бўлган. Оилада уч қиз ва бир ўғил бўлганмиз. Ҳамма ота-оналар сингари менга ҳам “Сен қандай бўлсанг, сингилларинг ва уканг сендан ўрганади”, дейишгани учун доим намунали фарзанд бўлишга интилганман. Мактабда ва институтда фақат аъло баҳоларга ўқиганман.
Санъатга болаликдан қизиққанман, аммо онам яхши ўқишимни талаб қиларди. “Яхши ўқимаган актрисани режиссёрлар кинога олишмайди”, деган гап мени фақат аъло баҳога ўқишга ундарди.
Ўша пайтларда ҳам китобхонлар танловлари ўтказиларди. Энг кўп китоб ўқиган ўқувчилар тахтасида албатта менинг ҳам суратим бўларди. Китоб ўқишни, монологлар ёдлашни яхши кўрардим, дейди Лола Элтоева.
Лола Элтоева илк роли ва устози Тўти Юсупова билан танишган кунларини шундай эслайди.
— 1993-йили ҳозирги Ўзбекистон санъат ва маданият институтига ўқишга кирганман. Илк ролимни ҳам талабалик пайтимда ижро этганман. “Қуёши ботмайдиган юрт” филмидаги ролим кўпчиликка маъқул келганидан кейин таклифлар янада кўпайган. “Жаҳолат алангаси” видеофилмидаги Гулшод ролига таклиф этишган. Ролдаги онамни ўша даврнинг энг машҳур актрисаларидан бири бўлган Тўти Юсупова ижро этиши керак эди. Мен оддий талаба бўлсам, бу актриса жуда машҳур, деб Тўти опанинг ёнига боришга хижолат бўлиб турганимда, у мени ёнига чақириб гапга солган. Мана шу видеофилм сабаб ижоддаги ва ҳаётдаги устозимни топганман. Институтни битирган йилим “Сен театрда ишлашинг керак”, деб отахон театрга олиб келган ҳам ўша инсон бўлади, дейди Лола Элтоева.
Актриса интервюларининг бирида ижодни қанчалик севмасин, шахсий ҳаётидан воз кеча олмаслиги ҳақида айтиб ўтган.
— Санъат учун шахсий ҳаётини қурмаган аёлларни ҳам биламан. Улар турмуш қуриб ишлайдиган аёлларга нисбатан кўпроқ меҳнат қилади, юқорироқ чўққиларни забт этади. Бу аниқ. Мен уларни тушунаман, улар бекорга умрини санъатга бағишламаган. Мен бундай йўл тута олармидим?! Йўқ. “Фарзанд лаззати”ни ҳис қилган ҳар қандай одам худди шундай жавоб берса керак. Бир йили ўзаро ҳамкорликдаги шартнома асосида АҚШ, Исроил ва Германияда гастрол сафарида бўлдик. Ўзбекистондан мен ва яна бир рус актриса борганмиз. Конференсиялар орасидаги танаффус, банкетлардан меҳмонхонага қочаверганимиздан меҳмонлар ҳайрон бўлишибди. Уларга “Бу аёллар оиласи билан гаплашади, фарзандларига қўнғироқ қилади”, деб тушунтиришса, ҳайрон бўлишибди, ҳаваслари келибди. Ўша ерда бир санъаткор жуфтликни кузатдим. Ёши қирқдан ошса ҳам фарзандли бўлиш хаёлининг бир бурчагига ҳам келмаган. Яна “Неча ёшга ўхшайман?” деб сўрайди. Тўғри, нисбатан ёш кўринар, чиройлидир, илғордир, аммо буларнинг ҳаммаси ўткинчи-ку!, дейди актриса.
Лола Элтоева дубляж соҳасига кириб келган илк кунларни ҳам шундай хотирлайди.
— Дубляж алоҳида бир санъат, унинг ўз жозибаси бор. Бу соҳани эгаллашимда дубляж усталари Римма Аҳмедова ва Ҳожиакбар Нурматовлар сабабчи бўлган. Улар театримизда ишлашарди ва спектаклдан кейин шошиб кетишарди. Дубляж соҳасига қизиқишимни эшитиб “Овозингизда сеҳр бор, сиз, албатта, дубляж режиссёрига учрашингиз керак”, дейишган. Албатта, бирдан дубляж актёри бўлиб шаклланиб қолмаганман. Бу ҳам катта меҳнат ва сабрни талаб этадиган соҳа. Унинг учун ҳам изланиш керак, дейди Лола Элтоева.
Актриса энг севимли роли ва унинг ижроси билан боғлиқ қуйидаги воқеаларни эслади.
— Актёрнинг ҳам ўзи меҳр берган роли бўлади. Мен “Адибнинг умри” спектаклидаги домланинг аёли Зарифа Саидносирова ролини ўзгача яхши кўраман. Чунки домла касалликка чалиниб, тўшакка михланганида ҳам шу аёл уни ижод қилишга ундаган экан. У кишининг жуссаси мендек бўлгани ва ташқи қиёфамизда ўхшашликлар бўлгани учун рол менга насиб этди. Домланинг куёвлари спектакл премьерасига келганда “Зарифа Саидносировани кўрдим”, деганди. Оила аъзоларининг эътирофи катта ютуқ. Аммо эътирозлар ҳам бўлган, буни тўғри қабул қилиб тузатишга ҳаракат қилганман. Наим Каримов “Зарифа опа секин-секин гапирардилар”, деган. Мен рол таъсирли чиқиши учун тез ва баланд овозда гапирган эканман, дейди актриса.
Актриса шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ошкор этишни истамайди, унинг интервюларини топиш ҳам жуда қийин. “Бу сирли кўринишга интилиш эмас, шунчаки актёр дилидагиларни роли орқали томошабинга кўрсатади”, дейди актриса.
— Турмуш ўртоғим рассом, феъл-атвори ҳам шунга яраша оғир вазмин. Мен унга нисбатан анча тезман. Аммо шу кунгача воз кечмайдиган оилавий анъанамиз бор. Менга таклиф этилган ҳар бир ролга розилик беришдан олдин турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашаман. Баъзи режиссёрларга, ҳатто ҳамкасбларимга ҳам бу ғайритабиий туюлади. Аммо мен оиламизнинг айнан шундай ўзбекона қадриятлар асосига қурилганидан мамнунман ва шундай бўлиши керак деб ҳисоблайман. Ўзбек оилаларида ҳамма ўз ўрни ва ўз мавқейида. Бу ўзаро ҳурмат ва иззатни тарбиялайди, меҳр-муҳаббатни оширади, дейди актриса.
Лола Элтоева 2026-йил феврал ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган Турксой халқаро театр мукофотини топшириш маросимида “Энг яхши театр актрисаси” сифатида эътироф этилди.

