Технология

ЧатГПТ даврида болалар қандай таълим олиши керак? АҚШ мактабларининг янги тажрибаси

АҚШда мактаблар болаларга сунъий интеллектдан фойдаланишни тақиқлаш ўрнига, унинг хатоларини аниқлаш ва маълумотларни текширишни ўргатмоқда. Ўқитувчилар болаларнинг чатботларга ҳаддан ташқари боғланиб қолишидан хавотир билдирган. Мактаблар бу муаммони қандай ҳал қилмоқда? ЮНЕСКО нималарни тавсия қилади?

ЧатГПТ даврида болалар қандай таълим олиши керак? АҚШ мактабларининг янги тажрибаси

АҚШ мактаблари ўқувчиларга сунъий интеллект (СИ)дан фойдаланишни тақиқлаш ўрнига, унинг хатоларини топиш ва маълумотларни текширишни ўргатмоқда. Ассосиатед Пресс ёзишича, мақсад — болаларни янги технологияларга тайёрлаш билан бирга, уларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини ҳам сақлаб қолиш.

2026-йил июл ойида АҚШнинг Жанубий Каролина штатида ўқитувчилар учун ўтказилган тренингда СИга оддий топшириқ берилди: дунё харитасини яратиш.

Бироқ катта экранда чиққан харита йиғилганларни ҳайратда қолдирди. Унда Мали давлати “Маил”, Миср эса “Соптҳ” деб ёзилганди. Ливия ўрнида эса шунчаки “Африка” деган ёзув турарди. Яна ўнлаб давлат номлари ҳам хато ёки мутлақо тушунарсиз эди. Ўқитувчилар бу манзарани кўриб, бир вақтнинг ўзида ҳам ҳайратга тушди, ҳам кулиб юборди.

Аслида, тажрибанинг мақсади ҳам шу эди — СИ қанчалик ишончли кўринмасин, у қўпол хатоларга йўл қўйиши мумкинлигини кўрсатиш.

“Агар болалар СИга кўр-кўрона ишонмаслигини истасангиз, уларга шу харита тажрибасини кўрсатинг”, — деди тренингни олиб борган Аманда Бикерстаф. У мактабларга СИдан хавфсиз ва самарали фойдаланишни ўргатадиган АИ фор Эдусатион ташкилоти асосчиси.

Дастлаб АҚШдаги кўплаб давлат мактаблари сунъий интеллектдан фойдаланишни тақиқлашга уринган. Аммо кейинчалик уларнинг айримлари бошқа йўлни танлаб, ўқувчиларга чатботлардан фойдаланиш билан бирга, уларнинг камчиликларини ҳам кўрсатишни маъқул кўрди.

Бунинг асосий сабаби шундаки, болалар СИдан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Ўқитувчилар эса уларнинг тайёр жавобларга ўрганиб қолиб, мустақил фикрлашдан узоқлашиб кетишидан хавотирда.

Шу боис АҚШ таълим тизимида “сунъий интеллект саводхонлиги” тушунчасига эътибор кучайди. Бу фақат ЧатГПТъдан фойдаланиш ёки унга тўғри савол беришни билиш эмас: ўқувчилар чатбот берган маълумотни текширишни, унинг хатоларини аниқлашни ва қачон ундан фойдаланмаслик кераклигини ҳам тушуниши лозим.

“Сунъий интеллект саводхонлиги ундан қачон фойдаланмаслик кераклигини билишни ҳам ўз ичига олади”, — дейди Броокингс институтининг Умумжаҳон таълим маркази директори Ребекка Винтроп.

Август ойида АП АҚШнинг 37 та штати мактаблар учун СИдан фойдаланиш бўйича расмий тавсиялар ишлаб чиққани ҳақида ёзган. Жанубий Каролинада бундай кўрсатмалар бўлмагани учун Чарлестон округи мактаблари ўз қоидаларини ишлаб чиқишга киришган.

50 минг нафар ўқувчи таҳсил оладиган ушбу округда аввал ўқитувчилар, болалар ва ота-оналарнинг фикри ўрганилган. Маълум бўлишича, ўқувчилар СИдан кенг фойдаланса-да, уларнинг аксарияти буни ҳеч қандай кўрсатмасиз, мустақил ўрганган.

АҚШ бўйлаб ўтказилган тадқиқотларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган: ўсмирлар ва ўқитувчиларнинг аксарияти СИдан ўқиш ва дарс жараёнида фойдаланади. Аммо уларнинг жуда кам қисми махсус тайёргарликдан ўтган ёки технологиянинг қандай ишлашини яхши тушунади.

Мактаблар ва ота-оналар ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ хатолар такрорланишини истамаяпти — болалар ижтимоий тармоқларнинг зарарли томонларини етарлича англамай туриб, улардан фойдаланишни бошлаганди. Бу эса руҳий саломатлик ва диққатни жамлашга оид хавотирларни кучайтирган.

Шу сабабли Чарлестон мактабларига янги ўқув йилидан бошлаб ўқитувчилар ва ўқувчиларга СИ бўйича махсус машғулотлар ўтказиш топширилди. Уларда болаларга чатботларнинг хатолари оддий мисоллар орқали тушунтирилиши керак. Масалан, ўқувчи илмий иш тайёрлаш учун ЧатГПТъдан ёрдам сўраса, чатбот аслида мавжуд бўлмаган тадқиқотларни ҳам ишонч билан тақдим этиши мумкин. Шу боис курсда СИ берган ҳар қандай фактни текшириш зарурлиги таъкидланган.

Болаларга шахсий маълумотларини чатботларга киритмаслик ҳам тавсия этилган. Чунки ёзишмалар сақланиб қолиши, улардан СИни такомиллаштиришда фойдаланилиши ёки маълумотлар шунчаки интернетга сиздириб юборилиши мумкин.

Ёзги тренингда қатнашган ўқитувчи Рей Кнауер ҳам ўз дарсларида СИнинг хатоларини ўқувчилар билан муҳокама қилишни режалаштирган.

“Бир томондан, болаларни сунъий интеллектдан қўрқитиб қўймаслигимиз, иккинчи томондан эса уларни ҳар қандай вазиятда чатга мурожаат қилишга ундамаслигимиз керак. Ўқувчиларга тайёр жавобни олишнинг ўзи етарли эмаслигини тушунтиришимиз лозим. Улар маълумотни таҳлил қилишни ва масалани чуқурроқ ўрганишни билиши керак”, — дейди у.

АҚШнинг Юта штати мактабларда СИдан фойдаланиш бўйича ягона қоидаларни ишлаб чиқишга биринчилардан бўлиб киришган. 2024-йилда штатда мактабларда СИ билан боғлиқ масалаларга масъул махсус лавозим ташкил этилди. Натижада бир йил давомида 7 мингдан ортиқ ўқитувчи, яъни штатдаги давлат мактаблари педагогларининг қарийб учдан бири СИ бўйича тайёргарликдан ўтди.

Тренингларда ўқитувчиларга чатботларнинг қандай ишлаши, нима учун хато маълумот бериши, улардан хавфсиз фойдаланиш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тушунтирилган. Бироқ барча штатларда ҳам бундай имконият йўқ. Махсус тренинглар катта маблағ талаб қилади. Бу эса молиявий имконияти чекланган мактаблардаги болалар СИ бўйича етарли билим ололмаслиги мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирган.

Ютада бу муаммони ҳал қилиш учун ўқитувчиларнинг яшаш жойига бориб, машғулотлар ўтказиш йўлга қўйилган. Саккиз кишилик жамоа штат бўйлаб 150 дан ортиқ тренинг ташкил этди. Бунинг учун маҳаллий тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилот 500 минг доллар грант ажратди. Шунингдек, штат мактабларга СИ воситаларини чегирмали нархларда тақдим этиш бўйича келишувларга эришди. Бу қишлоқ ҳудудлари ва маблағи кам мактаблар учун ҳам янги технологиялардан фойдаланиш имконини яратди.

Юта қонунчилигида мактаб округлари 2027-йил июлигача СИдан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиши шарт, дея белгиланди.

Мутахассисларнинг фикрича, СИ даврида нафақат болалар, балки ўқитувчиларнинг ҳам технологияга муносабати ўзгариши керак. Юта штати Таълим кенгашининг рақамли технологиялар бўйича мутахассиси Кристина Ямада ўқитувчилар СИни фақат кўчириш воситаси деб ҳисобламаслиги кераклигини айтади.

Унинг таъкидлашича, ўқувчилар аввал ҳам кўчиришган. Энди эса уларга барча саволларга жавоб топишда чатботга таяниб бўлмаслигини тушунтириш зарур.

Ямада кичик ёшдаги болаларга СИ ҳам хато ёки ёлғон маълумот бериши мумкинлигини оддий мисоллар билан тушунтиришни тавсия қилади. Катта ёшдаги ўқувчилардан эса технология ёрдамида бажарган ишини тушуниш ва зарур бўлса, мустақил тузатиш талаб этилиши керак.

“ЧатГПТ ёрдамида компютер дастури кодини ёзишингиз мумкин. Аммо дастур ишламай қолса, уни ўзингиз тузата олишингиз керак”, — дейди Ямада.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) ҳам болаларга сунъий интеллектдан тўғри фойдаланишни ўргатиш муҳимлигини таъкидлайди. Ташкилот 2024-йилда ўқувчилар учун сунъий интеллект саводхонлиги бўйича 12 та асосий кўникмани ўз ичига олган махсус тавсиялар ишлаб чиққан. Ушбу кўникмалар тўртта асосий йўналишга ажратилган:

Мустақил фикрлаш. Болалар сунъий интеллектга кўр-кўрона ишонмаслиги, унинг жавобларини танқидий баҳолаши ва якуний қарорни ўзи қабул қилиши керак.

Хавфсиз ва масъулият билан фойдаланиш. Ўқувчилар шахсий маълумотларини ҳимоя қилишни, сунъий интеллектнинг нотўғри ёки бирёқлама жавобларини аниқлашни ўрганиши лозим.

Технологиянинг қандай ишлашини тушуниш. Болалар АИ имкониятлари ва чекловларини билиши, ундан турли вазифаларни бажаришда тўғри фойдаланишни ўрганиши керак.

Сунъий интеллект яратишни ўрганиш. Юқорироқ босқичларда ўқувчилар АИ ёрдамида муаммоларни ҳал қилиш, оддий воситалар яратиш ва уларни такомиллаштириш кўникмаларини эгаллаши назарда тутилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.