Ню Ёрк мактабларида ўқувчилар учун СИдан фойдаланиш тақиқланди

Ню Ёрк мактабларида ўқувчилар учун СИдан фойдаланиш тақиқланди
АҚШнинг Ню Ёрк шаҳридаги давлат мактабларида бошланғич ва ўрта синф ўқувчиларининг сунъий интеллект (СИ) воситаларидан фойдаланиши вақтинча чекланади. Бу тақиқ келаётган ўқув йили давомида амал қилади. Деуцче Велле бу ҳақда шаҳар мери Зоҳран Мамданининг баёнотига таяниб хабар берди.
Расмийларнинг айтишича, бу АҚШдаги энг йирик ва энг кенг қамровли тақиқ ҳисобланади. Бир йиллик чеклов 8-синфгача бўлган ўқувчиларга тегишли бўлади. Бу қарор қарийб 600 минг ўқувчини қамраб олади. Мутасаддилар шу давр ичида болаларнинг технологиядан қандай фойдаланишини ўрганади.
Янги қоида туфайли дарсларда қўлланаётган 40 га яқин таълимий СИ дастури тўхтатилади. Мулоқот учун мўлжалланган барча чат-ботлар эса барча синфлар учун бир хил тарзда тақиқланади.
Юқори синф ўқувчиларига бу тақиқ тўлиқ татбиқ этилмайди. Улар учун йилига икки марта сунъий интеллект саводхонлиги бўйича дарслар ўтказилади. Бундан ташқари, айрим ўқувчиларнинг ўқитувчи назорати остида баъзи АИ платформаларидан фойдаланиши учун тажриба лойиҳалари йўлга қўйилади.
Ўқитувчилар эса дарс режасини тузиш ва дарс жадвалини шакллантириш каби ишларда СИдан фойдаланишда давом этиши мумкин.
Шаҳар мери қарорни таълим жараёнида инсон билан мулоқотнинг аҳамияти билан изоҳлади.
“Болалар билим олиши ва ўсиши учун ўқитувчиларга ҳамда инсон билан мулоқотга муҳтож. Улар тенгдошлари билан бирга кўникмаларни ривожлантириши, устозлар билан муносабат ўрнатиши ва қийин масалаларни мустақил ҳал қилиши керак”, деди у.
У, шунингдек, қуйидагиларни қўшимча қилди:
“Ҳар куни болаларимиз мактабга келганда, биз уларга савол беришни, тахминларга шубҳа билан қарашни ва сабабини сўрашни ўргатамиз. Мактаблардаги СИ масаласида ҳам худди шундай йўл тутишимиз шарт”.
Бундан ташқари, Ню Ёрк СИ тақиқи билан бирга технологиялардан фойдаланишга қўшимча чекловлар ҳам жорий этмоқда. Янги режа бўйича экран қаршисида ўтириш вақти чекланади: 3-5 синфлар учун кунига максимум 30 дақиқа, 6-8 синфлар учун эса 45 дақиқа этиб белгиланади. Шунингдек, таълим учун муҳим бўлмаган техник воситаларни аниқлаш ва улардан воз кечиш мақсадида шаҳар бўйлаб текширув ўтказилади.
Ассосиатед Пресс маълумотига кўра, камида АҚШнинг 37 та штатида мактаблар учун СИдан фойдаланиш бўйича расмий кўрсатмалар мавжуд. Бироқ бутун мамлакат бўйича СИ саводхонлигини ўргатиш учун ягона стандарт ҳали ишлаб чиқилмаган.

