Жанубий Корея барча фуқароларига СИдан бепул фойдаланиш имконини беради

Жанубий Корея ўзининг барча фуқароларига сунъий интеллект (СИ) хизматларидан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этишни режалаштирмоқда. Бу "Барчага сунъий интеллект" деб номланган давлат дастури доирасида амалга оширилади.
Тҳе Валл Стреет Жоурнал нашрининг хабар беришича, ушбу дастур иштирокчилари СИ хизматларидан токенлар бўйича чекловларсиз, яъни амалда чексиз миқдорда фойдаланишлари мумкин бўлади. Ҳукуматнинг асосий мақсади — маҳаллий СИ моделларидан фойдаланишни кенгайтириш ва мамлакатнинг АҚШ ҳамда Хитой технологияларига қарамлигини камайтиришдир.
**СИ давлат хизматларига интеграция қилинади**
Дастур доирасида сунъий интеллект давлат хизматларига ҳам кенг жорий этилади. Фуқаролар СИ ёрдамида шифокор қабулига ёзилиши, уй-жой излаш бўйича маслаҳат олиши ёки солиқлар юзасидан маълумотга эга бўлиши мумкин.
Кичик бизнес вакилларига солиқларни ҳисоблаш ва давлат кўмагидан фойдаланиш ҳуқуқини аниқлашда ёрдам берадиган воситалар тақдим этилади. Ота-оналар эса фарзандларининг таълими бўйича СИ тавсияларидан фойдаланиши мумкин бўлади.
Ушбу хизматларни Жанубий Кореянинг учта технологик консорсиуми тақдим этади. Улар мамлакатнинг иккита йирик телекоммуникация компанияси ҳамда Какао компаниясини ўз ичига олади. Ҳар бир консорсиум алоҳида СИ иловасини ишлаб чиқади ва технологияни ўзининг мавжуд платформаларига ҳам интеграция қилади.
**Давлат СИ инфратузилмасини ҳам молиялаштиради**
Ҳукумат лойиҳада иштирок этувчи компанияларга зарур ҳисоблаш қувватларини ҳам тақдим этади. Консорсиумларга 512 тагача Нвидиа Б200 тезлаткичлари ажратилади, шунингдек, уларнинг операцион харажатларини қоплашга ёрдам берилади.
Дастурнинг бета-тестлари сентабр ойида бошланиши, тўлиқ ишга туширилиши эса 2026-йил охирига режалаштирилган.
Жанубий Корея президенти Ли Жае Мюнг маъмурияти 2026-йилда сунъий интеллектни ривожлантириш учун қарийб 10 триллион вон, яъни тахминан 7,2 миллиард доллар ажратган. Бу аввалги йилга нисбатан қарийб уч баравар кўпдир.
**Жанубий Кореяда СИга талаб юқори**
Мамлакатда бундай дастурни амалга ошириш учун СИ хизматларига талаб ҳам юқори. Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, Жанубий Корея аҳолисининг қарийб чорак қисми генератив сунъий интеллект хизматлари учун аллақачон пул тўлайди.
АҚШда эса бу кўрсаткич атиги 2 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, 20 миллиондан ортиқ америкалик нейротармоқларнинг бепул версияларидан фойдаланади.
Шу сабабли Жанубий Корея ҳукумати маҳаллий СИ хизматларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Дастур нафақат сунъий интеллект соҳасида етакчи давлатларга етиб олиш, балки мамлакатнинг технологик мустақиллигини мустаҳкамлашга ҳам қаратилган.
Яъни келажакда Жанубий Корея фуқароларининг кундалик ҳаётда фойдаланадиган СИ хизматлари хорижий платформаларга эмас, миллий моделлар ва маҳаллий инфратузилмага таяниши кўзда тутилмоқда.

