Иқтисодиёт

Бухорога келадиган хорижлик сайёҳлар сонини 7 миллионга етказиш режалаштирилмоқда

Вилоятда туризм мавсуми тўрт ойдан олти ойга узайган. Бироқ президент ҳудудда беш юлдузли меҳмонхона йўқлиги, йирик савдо ва кўнгилочар масканлар етарли эмаслигини таъкидлади.

Бухорога келадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга етказиш режалаштирилмоқда

Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда вилоятнинг туризм салоҳиятини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилишича, Бухорода туризм мавсуми тўрт ойдан олти ойга узайган. Давлат раҳбари йилнинг қолган даврида ҳам сайёҳларни жалб этиш учун янги тадбирлар ва туризм маҳсулотларини таклиф қилиш зарурлигини таъкидлади.

Келаси йилда вилоятда 30 га яқин халқаро тадбир ўтказиш режалаштирилган. Бироқ ҳозир Бухорода беш юлдузли меҳмонхона йўқ, йирик савдо ва кўнгилочар масканлар ҳам етарли эмас. Туризм хизматларининг асосий қисми эса Бухоро шаҳрида жамланган.

“Сервис таклифи талабга мос эмас”, деди президент.

Шу муносабат билан сайёҳларни жойлаштириш, савдо, дам олиш ва саёҳат хизматларини вилоят туманларида ҳам ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Масъулларга хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга етказиш бўйича ойма-ой режа ишлаб чиқиш топширилди. Унда туристлар қайси давлатлардан жалб қилиниши, қандай янги турпакет ва тадбирлар таклиф этилиши, туманларда қайси обьектлар ишга туширилиши аниқ кўрсатилиши керак.

Йиғилишда жорий йилда Бухорога 3,5 миллион хорижий сайёҳ келиши кутилаётгани, келгусида уларнинг сонини икки баравар ошириш мақсад қилингани ҳам маълум қилинди. Шунингдек, Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий мажмуаларни ягона туризм консепсияси асосида боғлаш кўзда тутилган.

Бухоро шаҳрининг Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 миллион долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлашади. Жалол Икромий маҳалласида эса халқаро тадбирларга мўлжалланган 60 миллион долларлик конгресс-холл қурилмоқда. Унинг ёнида Ҳилтон ва Ҳолидай Инн брендлари остида иккита етти қаватли меҳмонхона барпо этилмоқда.

Бундан ташқари, Бухоро шаҳридаги саккизта марказий кўчани янгилаш ва олтита хиёбон бунёд этиш режалаштирилган. Вилоят марказини кенгайтириш доирасида Бухоро туманидаги 1 минг гектар майдонда 500 миллион долларлик туризм кластери барпо этилиши ҳам кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа ҳисобига сайёҳларнинг Бухорода қолиш муддатини ўртача 4–5 кунгача узайтириш мумкинлиги қайд этилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.