Бухородаги Саррофон ҳаммомини ўз маблағидан реставрация қилган оила уни бошқариш ҳуқуқини йўқотиши мумкин
1990-йил Бухоро шаҳри ҳокими тадбиркор Рашид Абдуллаевга Саррофоннинг реставрациясини таклиф қилади. Ҳаммомни тиклаган оила бугун унинг бошқарувини йўқотиши мумкин. Маданий мерос агентлиги билан низо ортида инвестиция мажбурияти ва ҳаммомнинг қандай ишлатилиши ҳақидаги қарши позициялар турибди.

Бухородаги Саррофон ҳаммомини ўз маблағидан реставрация қилган оила уни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин
Бухородаги ХВИ асрга оид Саррофон ҳаммоми қарийб 30 йил давомида хусусий инвестор ва унинг оиласи ҳисобидан реставрация қилиниб, асраб-авайлаб келинмоқда. 2019-йилда инвестор вафотидан кейин бино маданий мерос обьектлари рўйхатига киритилган. 2021-йилда эса у инвесторнинг беваси асосчиси бўлган “Шергирон” МЧЖга 30 йил муддатга фойдаланиш учун ижарага берилган.
Шундан сўнг обьектдаги инвестиция мажбуриятлари ҳамда ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш масаласи юзасидан ижарага берувчи давлат органи билан “Шергирон” ўртасида суд тортишувлари бошланган.
2026-йил 25-август куни Олий суд кадастр комиссиясининг Саррофон ҳаммоми бўйича ижара ҳуқуқини бекор қилган қарорини ҳақиқий эмас деб топиб, “Шергирон” фойдасига ҳукм чиқарган. Бироқ бу билан ҳаммом атрофидаги баҳслар тўлиқ якун топмаган.
Саррофоннинг бугунги ҳолатини англаш учун ХХ асрга қайтиш керак. Бухорода жамоат ҳаммомларига бориш анъанаси асрлар давомида давом этиб келган. Бундан 100−120 йил аввал ҳам Эски шаҳар қисмида 19 та жамоат ҳаммоми мавжуд бўлган. Қизил армиянинг 1920-йилда Бухоро амирлигини тугатишга қаратилган босқини оқибатида шаҳардаги кўплаб бино ва иншоотлар қатори ҳаммомлар, жумладан, ўзининг архитектуравий ечимлари билан Шарқ ҳаммом услубининг муҳим намунаси саналадиган Саррофонга ҳам зарар етган.
Маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, Саррофоннинг пол остидаги иситиш тизими совет давридаги илмий-тадқиқот ишлари вақтида жиддий шикастланган ва ҳаммом фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган.
“1990-йилларнинг бошида Бухоро шаҳри ҳокими бўлган Карим Камолов тадбиркор Рашид Абдуллаевга ушбу обидани реставрация қилишни таклиф қилган. Ҳокимликда барча ёдгорликларни қайта тиклаш учун етарли маблағ бўлмаган. Шунинг учун улар тадбиркорларга мурожаат қилишган”, — дейди Рашид Абдуллаевнинг келини Суна Абдуллаева.
Рашид Абдуллаев совет давридаёқ Бухорода туризм саноатини ривожлантирган. У шаҳарда биринчилардан бўлиб, италян джелатосига ўхшаш мевалардан фойдаланиб табиий музқаймоқ ишлаб чиқарган, музқаймоқ салонлари тармоғига асос солган, Зарафшон меҳмонхонасида кичик ресторани ҳам бўлган.
У ҳоким таклифига жавобан консервация шартномаси асосида ҳаммомларни қайта тиклашга ваъда беради. Инвестор аввалига Саррофонни тўлақонли ҳаммом мажмуасига айлантирмоқчи бўлган. Аммо шаҳарда канализация тизими ва замонавий инфратузилма йўқлиги сабаб бу техник жиҳатдан имконсиз бўлиб чиқади.
Рашид Абдуллаев Маданият ёдгорликларини консервация ва реставрация қилиш институти ишлаб чиққан лойиҳа асосида 2 миллион доллардан ошиқ шахсий маблағи эвазига объектнинг тарихий қиёфасини тиклайди. Натижада ҳаммом ҳудудининг 70 фоиз деворлари қайта тикланади, том қисми ва муҳандислик инфратузилмаси қурилади, қўлда тайёрланган безак кошинлари ҳамда ёритиш тизими ўрнатилади.
Абдуллаев бу жараёнда ҳаммомнинг кириш қисмини яратиш учун қўшни дўконларни сотиб олади ва ўша ерда Саррафон ресторанига асос солади. Ҳаммомнинг ўзидан тижорат мақсадида фойдаланилмайди. Аммо тўлиқ реставрация қилингани сабабли 1996-йилдан бошлаб кенг жамоатчиликка музей сифатида очилади. Ресторанга кирганлар музейга ҳам кириб, таъмирланган ёдгорликни кўриб чиқишади.
“2019-йилда қайнотам Рашид Абдуллаев вафот этгач, обьект маданий мерос рўйхатига киритилди. Унгача 1999-йилда Бухоро вилоят маданият ёдгорликларини сақлаш давлат бошқармаси томонидан тузилган муҳофаза шартномаси амал қиларди. Шартномага кўра, оиламизга ҳаммомдан „Бухорода ХВИИИ-ХХ асрдаги ҳаммомлар музейи“ сифатида фойдаланиш ва уни сақлаш мажбурияти юклатилган”, — дейди Суна Абдуллаева.
2021-йилда Ҳукумат қарорига асосан обида 30 йил муддатга инвесторнинг беваси Фируза Абдуллаева таъсисчи бўлган “Шергирон” МЧЖга ижарага берилади. Ижарачига ҳаммом учун 3 миллиард сўм инвестиция киритиш мажбурияти юклатилади.
Ижара обьектининг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш учун Ўзбекистондан мутахассис топилмагач, Абдуллаевлар оиласи Эрондаги УНЕССО обьектларини сақлаш бўйича етакчи “Эмарат Кҳоршид Энгинеерс” компаниясига мурожаат қилади. Компания ҳаммомдаги 4 йиллик илмий тадқиқотлари натижасида 180 бетлик илмий ҳисобот ва Саррофон ҳаммомини замонавийлаштириш бўйича батафсил лойиҳа ишлаб чиқади.
Ундан маълум бўлишича, мазкур обьектда замонавий ҳаммом мажмуасини яратиш учун зарур инвестиция миқдори дастлаб белгиланган 3 миллиард сўмдан олти-етти баробар кўп, яъни 1,5 миллион долларни ташкил қилади.
“Бу оиламиз томонидан шу пайтгача ҳаммомни тиклаш учун сарфланган инвестицияни сезиларли даражада оширади. Эронлик мутахассислар тайёрлаган лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосланишига таянган ҳолда коммуникация, газ, электр энергияси ва сув каби асосий харажатлари ҳисоблаганимизда катта миқдор келиб чиқди. Гап Марказий Осиё ҳудудидаги энг йирик тарихий ҳаммомлардан бири ҳақида кетмоқда. Доимий равишда иситилиши, хизмат кўрсатилиши ва сақланиши керак бўлган майдон жуда катта”, — дейди у.
Оила тахминий харажатларни обьектнинг эҳтимолий даромади билан таққослайди. Ҳисоб-китоб учун шаҳарда фаолият юритаётган иккита қадимий ҳаммом — Бозори Корд ва Кунжак ҳаммомларига ташриф буюришнинг ўртача нархига таянишади.
Шунингдек, Саррофоннинг ўтказувчанлик қобилияти ҳамда максимал юклама пайтидаги эҳтимолий тушумини ҳам ҳисоблаб чиқишади. Обьект тўлиқ юклама билан ишлаган тақдирда ҳам, ҳисобланган тушум тахмин қилинган харажатларни қоплашга етмаслиги аниқланади. Яъни лойиҳа фойда тугул, ҳатто зарарсизлик нуқтасига ҳам чиқа олмаслиги маълум бўлади.
“Айнан шунинг учун бундай инвестиция мақсадга мувофиқ эмас деган хулосага келдик. Қолаверса, бино ҳеч қачон инвесторнинг мулки бўлмаслиги фактини ҳисобга олсак — бу жиддий инвестицион хатарларни келтириб чиқаради. Чунки исталган вақтда қонунчилик ёки тартиб ўзгариши мумкин ва киритилган барча маблағлар йўқотилиш хавфи остида қолади”, — дейди Суна Абдуллаева.
Бундан ташқари, археологик қазишмаларда бевосита қатнашган бир қатор олимлар замонавий ҳаммомни айнан Саррофон ҳаммоми ҳудудида ташкил этишга қарши фикр билдиради. Улар сувдан фаол фойдаланиш тарихий обьектга жиддий зарар етказиши мумкинлигини таъкидлайди.
“Илмий хулосалардан келиб чиқиб, Маданий мерос агентлигига ҳаммом ўрнида “Анъанавий чўмилиш амалиётлари музейи”ни ташкил этиш ва давлат-хусусий шериклик шартларига ўтиш бўйича мурожаат қилдик. Аммо агентлик бу таклифни рад этди”, — дейди Суна Абдуллаева.
Шундан кейин ушбу тарихий ёдгорлик атрофида хусусий инвестор меросхўрлари ва давлат идоралари ўртасида мураккаб ҳуқуқий низо юзага келади ва у ҳануз давом этмоқда.
Абдуллаевлар оиласи Эрон компанияси тайёрлаган лойиҳа агентлик томонидан умуман ўрганиб чиқилмагани ҳақида эътироз билдиради. Бунинг сабабини сўраганимизда агентлик “оила томонидан бундай лойиҳа тақдим қилинмаган” дея жавоб берди.
Суна Абдуллаева эса лойиҳа ҳужжатларини агентликка топшириш масаласи бир неча бор оғзаки кўтарилганини, бироқ Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси ходимлари “ҳали вақт бор” деган важ билан ҳужжатларни қабул қилишни кейинга сурганини айтади.
“Лойиҳа ҳужжатларини биринчи марта ёзма равишда 2025-йил 22-сентабрда Бухоро вилояти маданий мерос бошқармасига тақдим этганмиз. Бошқарма 23-сентабрдаги жавоб хатида ишга алоқадор судлар тугамагунча лойиҳа ҳужжатларини ищи органга юбормаслигини маълум қилган.
2025-йил 9-октабрда (пеня ундиришни бекор қилиш ҳақидаги) суд қарорлари қонуний кучга кирганидан сўнг Саррофон ҳаммоми ва “Эски ЗАГС” биноларини реставрация қилиш ва мослаштириш бўйича лойиҳа ҳужжатларини бошқармага такроран тақдим этганмиз. Аммо улар лойиҳани ўрганувчи кенгаш тузилмагани учун уни кўриб чиқиш ва республика даражасига ўтказишнинг имкони йўқлигини айтган”, — дейди Суна Абдуллаева.
Рашид Абдуллаевнинг фарзандлари отаси қарийб 30 йил давомида шахсий маблағи ҳисобидан реставрация қилган обьектни бошқариш ва ундан фойдаланиш имконини сақлаб қолишни истайди.
“Раҳматли қайнотам ҳаммомни тиклагунча узоқ ва машаққатли меҳнатни бошидан ўтказди. Бироқ бу нафақат унинг, балки бутун оиланинг фидойилиги эди. Қайнонамнинг айтишича, оиламизнинг бошқа лойиҳаларидан тушган маблағларнинг барчаси ушбу тарихий обидани реставрация қилишга йўналтирилган. Саррофон ҳаммоми қайнотамнинг энг қиммат ва охирги лойиҳаси эди”, — дейди Суна Абдуллаева.
Улар Саррофон ҳудудида музей очиш орқали ҳаммомни шунчаки меъморий обьект сифатида сақлаб қолиш эмас, балки уни Марказий Осиё ҳаммомлари маданияти тарихи музейи сифатида тақдим этишни мақсад қилган. Бунда ташриф буюрувчиларга ҳаммом тарихан қандай тузилгани, унга ташриф билан боғлиқ қандай анъана ва урф-одатлар бўлгани, қандай муолажалар ўтказилгани ҳақида маълумот бериш режалаштирилган. Қолаверса, ҳаммомнинг ислом сивилизациясидаги аҳамияти — унинг маданият, гигиена, ижтимоий анъаналар ва диний турмуш тарзи нуқтаи назаридан тутган ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
“Яъни, гап шунчаки бинони сақлаб қолиш ҳақида эмас, балки обьектнинг ўзи орқали минтақанинг тарихи, анъаналари ва маданий мероси ҳақида сўзлаб бериш мумкин бўлган макон яратиш ҳақида бормоқда. Агентлик нима учун ушбу таклифни рад этгани биз учун ҳалигача тушунарсиз”, — дейди Суна Абдуллаева.
Агентлик эса мазкур таклиф ҳам белгиланган тартибда расмий шаклда тақдим этилмаганини айтади.
Оила бунга эътироз билдириб, агентликнинг масъул ходимлари мурожаатчи билан суҳбат ўтказгани ва унинг якунлари бўйича 2024-йил 6-июнда далолатнома расмийлаштирилиб, имзоланганини айтади. Далолатномада мурожаат Бош вазир ўринбосарининг 2024-йил 20-апрелдаги Ҳукумат комиссияси йиғилишининг 64-сонли баёни, 7-илова, 83-бандида белгиланган топшириқ ижросини таъминлаш доирасида кўриб чиқилгани ҳам қайд этилган.
“Ушбу ташаббуснинг Ҳукумат комиссияси баённомасига киритилгани ва агентликка тегишли топшириқ берилгани унинг давлат органларига расмий равишда етиб борганини кўрсатади”, — дейди Суна Абдуллаева.
Саррофон атрофидаги низо — хусусий инвесторнинг маданий мерос обьектини йиллар давомида сақлаб, кейин ундан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотиши билан боғлиқ ягона ҳолат эмас. Бухородаги Абдуллахон Тим савдо гумбази билан ҳам шундай вазият юз берган.
1997-йилда ўша пайтда авария ҳолатида бўлган тарихий бинони реконструксия қилиш Баҳшанд Файзиевага топширилади. Файзиева ва унинг оиласи 30 йил давомида бинони ўз маблағи ҳисобидан таъмирлаб, сақлаб келади, шу ерда қадимий тўқимачилик анъаналарини тиклаш ва ҳунармандчиликни ривожлантириш билан шуғулланади. Бироқ улар 2024-йилда тимдан чиқариб юборилади.
Бу ҳақда Ҳуман Ҳоусе галереяси эгаси Лола Сайфи ўзининг Фасебоок саҳифасида бир нечта постлар, Баҳшанд Файзиеванинг президентга мурожаатларини қолдирган.
Суна Абдуллаеванинг айтишича, шунга ўхшаш ҳолат Тошкентдаги тарихий тимлардан бирини 1990-йилларда қайта тиклаган бошқа бир оилада ҳам юз бермоқда.
Бу ҳолатлар хусусий инвесторнинг тарихий обидани реставрация қилиш ва узоқ вақт сақлашга сарфлаган маблағи кейинчалик унинг ушбу обьектни бошқариш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига таъсир қиладими ёки йўқ, улар учун қонунчиликда қандайдир мақом борми, деган саволларни юзага келтиради.
Маданий мерос агентлиги маълум қилишича, инвесторнинг обидани реставрация қилишга сарфлаган маблағлари ва уни сақлашга қўшган ҳиссаси унга обьектни бошқариш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини автоматик тарзда бермайди.
“Бундай ҳуқуқлар қонунчилик ва тегишли шартнома асосида белгиланади. Шу билан бирга, шахсий маблағи ҳисобидан маданий мерос обьектларини реставрация қилган ёки сақлаган шахслар учун ҳеч қандай мақом ҳам мавжуд эмас”, — дейилади агентлик жавобида.
Саррофон ҳаммоми ва Абдуллахон тими билан боғлиқ ҳолат тарихий обидаларни сақлаш учун хусусий маблағ ва ташаббусга таянган ҳолларда, инвесторнинг йиллар давомида қилган харажатлари ва меҳнати кейинчалик қандай баҳоланиши кераклиги бўйича алоҳида ҳуқуқий механизм ишлаб чиқишга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда.
Суна Абдуллаева сўнгги икки йилда Саррофон ҳаммоми билан боғлиқ турли судлар, текширувлар ва ҳужжат талаб қилишлар давомида на агентлик раҳбарияти, на юқори турувчи идоралардан бирор вакил улар билан юзма-юз учрашиб, вазиятни муҳокама қилишни ташкил этмаганини айтади.
“Агар гап чиндан ҳам фақат қонунга риоя қилиш ҳақида кетаётган бўлса, нега очиқ мулоқотнинг ҳар қандай имконияти изчил равишда рад этилди? Нега икки йил давомида маъмурий босимдан ташқари бирор ечим топишга уриниш бўлмади? Бу воқеаларнинг барчасини таҳлил қилган сари, оиламизни ҳаммомни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ортида маданий меросни ҳимоя қилишдан анча кенгроқ манфаатлар ётгандек таассурот пайдо бўляпти”, — дейди у.
Абдуллаева маданият ва маданий мерос соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг кўлами ва аҳамиятини эътироф этган ҳолда, маданий меросни асраш ва кейинги авлодларга етказишда ҳисса қўшаётган оддий фуқаролар билан юз бераётган муаммоларга бефарқ бўлмасликни сўрайди.
“Ўзбекистонга ташриф буюраётганлар сонининг таъсирли статистикаси, туризм ривожланиши, халқаро эътироф, дунёнинг нуфузли нашрлари муқоваларида Ўзбекистоннинг пайдо бўлиши жуда қувонарли. Аммо ёрқин лойиҳалар ва тантаналар ортида мамлакат ичидаги тизимли ишларни йўлга қўйиш зарурати ҳануз долзарблигича қолмоқда.
Яқинда давлат раҳбарига тақдим этилган ушбу соҳага оид лойиҳаларнинг жуда катта қисми халқаро алоқаларга қаратилган кўргазмалар, консертлар ва бошқа ташаббуслардан иборат. Бироқ Саррофон ҳаммоми мисолида ва яна қатор бошқа ҳолатларда яққол кўриниб турган ички тизимни ислоҳ қилиш, уни такомиллаштириш бўйича бирорта ҳам таклиф илгари сурилмади.
Халқаро ҳамжамият эътирофига эришишга интилар эканмиз, нега ёдгорликларни асрашга ҳисса қўшган маҳаллий ҳамжамиятлар, уларнинг ҳақиқий посбонлари, камтарин ҳунармандлар ва бефарқ бўлмаган фуқаролар эътибордан четда қолмоқда? Нега айрим ҳолларда улар назорат қилувчи идоралар томонидан очиқчасига босим остига олинмоқда?”, — дейди Суна Абдуллаева.
Абдуллаевлар оиласи билан ижара шартномаси бекор қилинса, ҳаммомдан қандай мақсадда фойдаланилади? Реставрация ва сақлаш харажатларини ким молиялаштиради? Агар янги инвестор ёки ижарачи жалб этилса, у қандай мезонлар асосида танланади? Агентликнинг бу саволларга умумий жавобига кўра, мазкур масалалар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари (1, 2) билан тартибга солинади.

