Бухородаги 619 млн сўмлик ортиқча тўлов: ким жавоб беради?
Ҳозирча истеъмолчилардан ортиқча олинган 318,9 миллион сўм маблағ қайтарилган.

**Бухорода 619 миллион сўмлик ортиқча тўловлар: Ким жавобгар?**
Бухоро вилоятида атиги олти ой ичида 619 миллион сўмлик ортиқча тўловлар аниқлангани жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ҳозирга қадар истеъмолчилардан асоссиз ундирилган 318,9 миллион сўм маблағ қайтарилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Қаҳҳоровнинг "Xabar.uz"га маълум қилишича, ушбу ҳолатлар бўйича профилактика чоралари кучайтирилмоқда. Бошқарма томонидан рақобатга зид 12 та ҳужжат, 215 та реклама қонунбузилиши, 250 та давлат хариди лоти ва 4 586 та давлат органлари ҳужжати ўрганилган.
**Нарх ва тарифлар назорати**
Бошқарма нарх ва тарифлар мониторингидан тортиб, давлат харидлари, биржа савдолари, реклама ва дорихоналар фаолиятигача бўлган кенг қамровли соҳаларни назорат қилади. Вилоятда нарх ва тарифларнинг қонуний шаклланиши ва қўлланилишини таъминлаш мақсадида 8 та табиий монополия субьекти ва 7 та монопол корхона фаолияти мониторинг қилинган. Натижада 12 турдаги хизмат ва товарлар бўйича нархларнинг амалда қўлланилиши таҳлил этилган. Ўрганишлар якунида 8 та хўжалик юритувчи субьект томонидан истеъмолчилардан жами 619 миллион сўм миқдорида ортиқча тўлов ундирилгани аниқланган.
Ваҳоб Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, ушбу ҳолатлар бўйича истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган. Унинг сўзларига кўра, бозорда нархларнинг асоссиз оширилиши ёки белгиланган тартибнинг бузилиши, биринчи навбатда, истеъмолчи манфаатига салбий таъсир қилади. Шу боис, нарх ва тарифлар устидан мониторингни тизимли равишда олиб бориш, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва ортиқча ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтаришни таъминлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
**Давлат харидлари ва рақобат муҳити**
Рақобат муҳитини таъминлашда давлат харидлари ҳам муҳим ўрин тутади. Электрон давлат харидлари тизими орқали ўтказилган танлов ва тендер савдолари ҳам назоратдан четда қолмаган. Ҳисобот даврида бошланғич нархи жами 70,6 миллиард сўм бўлган 250 та лот ўрганилган. Таҳлиллар жараёнида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.
**Ҳокимлик ҳужжатлари инвентаризацияси**
Рақобат муҳитига давлат органлари томонидан қабул қилинаётган қарор ва ҳужжатларнинг таъсири ҳам алоҳида ўрганилган. Бунда 6 та маҳаллий ҳокимлик ва 1 та бошқарув органи томонидан қабул қилинган ҳужжатлар таҳлил қилинган. 4 586 та ҳужжат инвентаризациядан ўтказилган. Уларнинг 12 тасида рақобатга зид ҳолатлар аниқланган. Мазкур камчиликларни бартараф этиш, тегишли қарорларни бекор қилиш ёки уларга ўзгартириш киритиш бўйича тақдимномалар киритилган.
Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган 1 800 дан ортиқ давлат муассасалари фаолияти ҳам таҳлил қилинган. Натижада 72 та давлат муассасасини хусусийлаштириш ёки уларнинг мулкчилик шаклини ўзгартириш бўйича тегишли хулосалар берилган. Бундан мақсад эса давлат иштирокини рақобат мавжуд бўлган бозорларда янги имкониятларни яратишдан иборат.
**Биржа савдоларидаги қонунбузилишлар**
Ҳисобот даврида 51 та субьект томонидан 19 турдаги юқори ликвидли маҳсулотлар биржа савдоларига қўйилиши ҳолати ҳам ўрганилган. Бунда жами 6,7 триллион сўмлик маҳсулотларнинг биржа савдолари орқали сотилиши таъминланган. Бироқ, савдо жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Хусусан, биржа савдоларида манипуляция ҳолатларига йўл қўйилганлиги юзасидан 11 та субьектга нисбатан иш қўзғатилган.
**Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш**
Рақобат билан бир қаторда, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши ҳам бошқарма фаолиятининг муҳим қисмини ташкил этади. Чакана савдо обьектларида сотилаётган товарларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини назорат қилиш мақсадида назорат харидлари ўтказилган. Бунда халқ истеъмоли товарларининг 9 турдаги маҳсулот номенклатураси бўйича 32 турдаги товар савдо номлари сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича ўрганилган.
Дорихоналар фаолияти бўйича эса "Фаир теч" ягона ахборот тизими орқали келиб тушган мурожаатлар асосида 22 та субьектда 62 119 та истеъмолчи мурожаати кўриб чиқилган. Ўрганишлар натижасида истеъмолчилардан нотўғри равишда жами 318,9 миллион сўм маблағ ортиқча олингани аниқланган.
Ваҳоб Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, ушбу нотўғри ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилган. Унинг сўзларига кўра, истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш фақат қонунбузилишни аниқлаш билан чекланмайди. Асосий натижа эса фуқаронинг бузилган ҳуқуқини тиклаш, унга етказилган зарарни қоплаш ва келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймасликдир. Шу нуқтаи-назардан, ҳар бир мурожаат алоҳида эътибор талаб қилади.
**Рекламадаги тартибсизликлар**
Реклама жамият ривожининг энг таъсирчан воситаларидан ҳисобланади. Бошқарма томонидан реклама соҳасида ҳам назорат тадбирлари олиб борилган. 940 та реклама обьекти ва материаллари мониторинг қилинган. Натижада 215 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан 57 та иш қўзғатилган. Қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича берилган кўрсатмаларни белгиланган муддатларда бажармаган 11 та субьектга нисбатан молиявий жарима қўлланилган. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ҳам амалга оширилган. Фуқаролар ва тадбиркорлик субьектлари учун хизматларни қулайлаштириш мақсадида онлайн тарзда берилган аризаларни кўриб чиқиш натижасида 1 280 та паспорт расмийлаштирилган.
**619 миллион сўмлик ортиқча тўлов: Ким жавоб беради?**
Бошқарма бошлиғи монопол ҳолатларни чеклаш, давлат харидларида рақобатни таъминлаш, рақобатга зид қарорларни бартараф этиш ва биржа савдолари шаффофлигини таъминлашга эътибор қаратилган бўлса, иккинчи томондан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, сифациз ёки хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни аниқлаш, ортиқча ундирилган маблағларни қайтариш каби вазифалар ҳам амалга оширилганига тўхталиб ўтди.
Ваҳоб Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, атиги олти ой давомида 619 миллион сўм ортиқча тўлов аниқланган. Бу жуда ачинарли ҳолат. Ҳозирда истеъмолчилардан ортиқча олинган 318,9 миллион сўм маблағ қайтарилди. Рақобатга зид 12 та ҳужжат, 215 та реклама қонунбузилиши, 250 та давлат хариди лоти ва 4 586 та давлат органлари ҳужжати ўрганилгани ҳали амалда бажарилиши лозим бўлган ишларнинг жуда кўп ва масъулиятли эканини кўрсатади. Аниқланган ҳар бир қонунбузилишни бартараф этиш билан бирга, унинг сабабларини ўрганиш ва профилактика чораларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ва ортиқча тўловнинг ҳар бир тийини учун шундай қонунбузилишига сабаб бўлган масъулиятли шахс жавоб беради.
Демак, монопол ҳолатларни чеклаш, нарх ва тарифларнинг қонуний қўлланилишини назорат қилиш, давлат харидларида рақобат тамойилларини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, миллиардлаб сўмлик ортиқча тўловлар аниқланмоқда, қонунбузилишлар бартараф этилмоқда, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланмоқда ва бозорда тенг рақобат учун шароитлар кенгаймоқда.

