Дунё

Бурятиядаги колонияда 66 нафар ўзбекистонлик жазо ўтамоқда

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Бурятия Республикасининг Улан-Уде шаҳридаги 8-сонли ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўтаётган ватандошлар билан учрашди. Ташриф давомида икки фуқарога зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланди, яна бир ватандошнинг Ўзбекистонга қайтиш сертификати масаласи ҳал этилди.

Бурятиядаги колонияда 66 нафар ўзбекистонлик жазо ўтамоқда

«Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, ушбу муассасада ҳозирда 66 нафар Ўзбекистон фуқароси жазо муддатини ўтамоқда.

Бош консул ватандошлар билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатлари ва илтимосларини тинглади. Ҳуқуқбузарликлар хусусиятига доир маълумотлар ўрганилиб, тегишли тавсиялар берилди.

Мурожаатлар асосида юрак ва умуртқа поғонаси касалликларидан азият чекаётган икки нафар фуқарога зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, муассаса раҳбарияти билан ўзбекистонликлар учун мусулмон қонун-қоидаларига мувофиқ овқатланишни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Бир ойдан сўнг колониядан озод этилиши кутилаётган ватандошга Ўзбекистонга қайтиш сертификатини бериш масаласи ҳам тезкор ҳал этилди.

Учрашувда дипломатик ваколатхона фуқаролар содир этган ҳуқуқбузарликларнинг хусусиятидан қатъи назар, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши таъкидланди. Ватандошларга бундан кейин ҳам зарур консуллик-ҳуқуқий ва юридик ёрдам кўрсатишга тайёрлик билдирилди.

Дипломатик ваколатхона вакилларининг жазони ўташ жойларига навбатдаги ташрифи октабр ойида Иркуцкда амалга оширилиши режалаштирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.