«Бунёдкор» стадиони қарздорлик сабаб электрдан узиб қўйилди
Шу муносабат билан Лига офиси (ПФЛ) вақтинча масофавий иш режимига ўтган

«Бунёдкор» стадиони қарздорлик туфайли электр таъминотидан узиб қўйилди
«Бунёдкор» стадионида электр таъминоти қарздорлик сабаб 4-сентябрдан бошлаб тўлиқ узилган. Шу муносабат билан Лига офиси (ПФЛ) вақтинча масофавий иш режимига ўтганини маълум қилди.
Қайд этилишича, электр таъминотидаги муаммо Суперлига ва Про-лига учрашувларининг транслясия жараёнига ҳам таъсир қилмоқда. Одатда Лига учрашувлардан келадиган транслясия сигналларини қабул қилиб, уларни марказлаштирилган тартибда турли платформаларга қайта узатади.
Бироқ стадионда электр энергияси йўқлиги сабаб Лига серверлари тўлиқ ишдан чиққан. Шу боис ҳозирда учрашувлар сигналларини қайта узатишда ташқи серверлардан фойдаланилмоқда.
Бу эса айрим ҳолларда телевизион ва интернет транслясиялар сифати пасайишига олиб келиши мумкин.
Лига билан боғлиқ мурожаатлар вақтинча [email protected] электрон почтаси орқали қабул қилинаётгани маълум қилинди.

