Булдозерда мажақланган қиз. Исроил америкалик фаолни нега ўлдирганди?
2003-йил Ғазода исроиллик ҳарбий томонидан даҳшатли қотиллик содир этилади. Рафаҳдаги фаластинлик оилага тегишли уйнинг бузилишига қарши чиққан америкалик қиз булдозер билан атайин мажақлаб ташланади. Қизнинг ота-онаси Исроилни судга беради, бироқ табиийки, бунинг фойдаси йўқ эди.

Булдозерда мажақланган қиз. Исроил америкалик фаолни нега ўлдирганди?
Кўпчилик охирги икки йилда Ғазодаги уруш ҳақида хабар топди, аммо Фаластин халқи Исроил босқини остида 80 йилдан бери эзилиб келади. Исроил 1948-йилдан буён Фаластин арабларини қийнаб, уларнинг ерларини тортиб олишда давом этмоқда. Ўтган йиллар давомида БМТ Исроилни тийиш бўйича резолюциялар қабул қилди, бироқ орқасида АҚШ турган яҳудийлар давлатига ким нима қила оларди?
Ўтган йиллар мобайнида дунё бўйлаб фаоллар Исроилнинг Фаластин ерларини эгаллашига қарши курашиб келди. Бу йўлда уларнинг бир қисми Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилди, айримлари қамалди. Бугун ҳикоя қилаётган қаҳрамонимиз америкалик Рейчел Корри ҳам 23 ёшида Исроил булдозери остида қолиб ҳалок бўлганди.
Рейчел Корри 1979-йилда Вашингтон штатида оддий оилада туғилади. Мактабни битиргач, коллежда гуманитар йўналишда ўқийди. Бўш вақтларида штат табиатни ҳимоя қилиш корпусида кўнгилли сифатида ишлайди. Кейин Рейчел дунёда тинчлик барқарор бўлишини хоҳловчи фаоллар сафига қўшилиб, халқаро бирдамлик ҳаракати ташкилотига ҳам аъзо бўлади.
Бу ташкилот 2001-йилда фаластинлик Ғассон Анзу, Жорж Ришмави, исроиллик Нета Голан ва келиб чиқиши фаластинлик бўлган АҚШ фуқароси Ҳувайдо Арраф томонидан ташкил этилган бўлиб, мақсади жафокаш Фаластин халқига ёрдам кўрсатиш эди.
Рейчел ҳаракат фаоллари билан Фаластинга бориб, Ғазо ва Ғарбий соҳилда фаластинликлар билан бирга яшайди, Исроилга қарши намойишларда қатнашади, фаластинликлар бошпанаси бузилишига қарши чиқади. Ана шундай сафарлардан бири фожиали якун топади. Исроил ҳарбийлари Ғазода фаластинликларга тегишли уйни бузаётганда Рейчел Коррини ваҳшийларча ўлдиришади.
2003-йил март ойида Рейчел Рафаҳга боради. Ўша пайт Исроил шиддат билан фаластинликларнинг уйларини бузаётганди. Рейчел ва шериклари Рафаҳдаги вазиятни халқаро ҳамжамиятга етказиб, Исроил зўравонлигига қарши туришни мақсад қилади. Рейчел Рафаҳда фаластинликлар билан яшаб, барчасини ўз кўзи билан кўради.
16-март куни Исроил булдозери рафаҳлик оиланинг уйини бузишга чоғланганда Рейчел қўрқмасдан баҳайбат техниканинг олдига чиқади. Шунда исроиллик ҳарбий булдозерни қиз томон ўнглайди. Рейчел қочмайди ва қаршилик кўрсатишда давом этади. Исроил ҳарбийлари булдозерни очиқчасига қизнинг устига ҳайдаб, уни босиб ўлдиради.

