Букингем саройи шаҳзода Гарри ва Меган Марклнинг Буюк Британияга қайтганларидан кейинги мақомини белгилади

Букингем саройи шаҳзода Гарри ва Меган Марклнинг Буюк Британияга қайтганидан кейинги мақомини белгилади
Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл Буюк Британияда яшаш давомида хусусий шахс бўлиб қоладилар ва қироллик оиласи аъзолари вазифаларини бажаришга қайтмайдилар. Қирол Карл III нинг кўрсатмасига биноан тайёрланган Букингем саройининг позицияси тушунтирилган расмий хатни қироллик девони раҳбари эълон қилди.
Бу монарх ва унинг девонининг жуфтлик Бирлашган Қиролликка қайтганидан кейинги илк оммавий баёноти бўлди. Сассекслар олти йил олдин қироллик оиласининг катта аъзолари мақомидан воз кечиб, Калифорнияга кўчиб ўтишган эди.
Эр-хотин тижорат ва хайрия манфаатларига эга бўлган хусусий фуқаролар мақомини сақлаб қоладилар. «Унинг Қироллик Олийлари» унвонларидан фойдаланиш ҳамон тўхтатиб турилган.
Бундан ташқари, Гарри ва Меган молиявий мустақилликни сақлаб қоладилар ва ўз хавфсизликларини мустақил равишда таъминлашда давом этадилар. Улар давлат томонидан молиялаштирилмайди ва солиқ тўловчилар ҳисобидан автоматик равишда қўриқланмайди.
Жуфтликнинг барча хайрия ва тижорат фаолияти уларнинг шахсий иши деб тан олинган.
Манбаларнинг хабар беришича, Гарри, Меган ва уларнинг фарзандлари — Арчи ва Лилибет 26 август куни Буюк Британияга етиб келишган. Оила мамлакатда узоқ муддат қолишни режалаштирмоқда, болалар эса маҳаллий мактабда ўқишни давом эттирадилар. Оиланинг аниқ яшаш жойи ва таълим муассасаси ошкор этилмаяпти.
2020 йилда АҚШга кўчиб ўтгандан сўнг, жуфтлик тижорат медиалойиҳалари билан фаол шуғулланди, жумладан, Netflix стриминг сервиси билан 2022 йилдаги «Гарри ва Меган» ҳужжатли сериалини, шунингдек, Меганнинг ҳаёт тарзи ҳақидаги «Муҳаббат ила, Меган» шоусини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолади.

