“Бу натижалар тасодифий эмас. Бу – мактаб, бу – тизим, бу – ўзбек шахматининг янги даражаси” – шахмат чемпионлари Кўксаройда тақдирланди
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадасида тарихий натижаларни қайд этган Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари Кўксаройда тақдирланди. Учрашувда уларга давлат мукофотлари, уй-жой, автомашиналар ва пул мукофотлари топширилди. Тадбирда ўзбек шахматининг эришган натижалари, яратилаётган шароитлар ва келгусидаги янги марралар ҳақида сўз юритилди.

“Бу натижалар тасодифий эмас. Бу – мактаб, бу – тизим, бу – ўзбек шахматининг янги даражаси” – шахмат чемпионлари Кўксаройда тақдирланди
Учрашув бошида президент шахматчиларнинг бугунги ютуқларини алоҳида эътироф этиб, уларни “Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлод” деб атади.
“Аввало сизларни яна бир бор 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида қўлга киритилган тарихий ғалаба билан чин қалбимдан табриклайман. Икки карра Олимпиада чемпиони деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин”, - деди давлатимиз раҳбари.
Жавоҳир Синдоровнинг айтишича, бугунги авлоднинг шахматга кириб келишида аввалги чемпионларнинг ҳиссаси катта. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда шахматга берилаётган эътибор ва яратилган имкониятлар спортчиларга халқаро майдонда ўзини эркин намоён этишга ёрдам бермоқда.
“Тўғриси, рақиблар бизни кўрганда қўрқишсин. Мен унча-мунча рақиблардан қўрқмайман. Бизда шуғулланишимиз учун, кучли бўлиб келишимиз учун ҳамма шароитлар яратилган. Юртимизда ўйнаяпмиз, нега биз қўрқишимиз керак? Рақиблар биздан қўрқишсин”, - деди Жавоҳир Синдоров.
Шамсиддин Воҳидовнинг сўзларига кўра, мусобақага тайёргарлик жараёнида шахмат партиясининг барча босқичларига эътибор қаратилган. Бу жараёнда жамоа капитани ва мураббий Рустам Қосимжонов билан мунтазам машғулотлар олиб борилган.
“Чемпионатга анча, ҳамма босқичга эътибор қаратдик. Дебютдан тортиб эндшпилгача, ўйин охиригача, ўйин бошланишидан ўйин охиригача тайёргарлик кўрдик. Йил давомида биз тўрт-беш маротаба ўқув-йиғин машғулотларини ўтказдик, Олимпиадага тайёргарлик қилдик”, - деди у.
Терма жамоа бош мураббийи Рустам Қосимжоновнинг таъкидлашича, Олимпиадага тайёргарлик бир йилдан ортиқ давом этган. Жараёнда шахматчиларнинг нафақат ўйин маҳорати, балки жисмоний тайёргарлиги, овқатланиши ва тикланишигача бўлган барча жиҳатлар ҳисобга олинган. Энг муҳими, спортчиларнинг эҳтиёж ва фикрлари ҳам эътибордан четда қолмаган.
“2004-йилда жаҳон чемпионатида ютганимдан кейин озгина шахматда бум бошланди. Болалар шахмат ўйнай бошлашди. Лекин бу ўзидан ўзи етарли бўлмасди, чунки шахмат ривожланиши учун давлатда структура керак. Бизнинг давлатимизда бу структуралар пайдо бўлди. Ҳозир шахматчиларда ҳамма нарса бор - тренерлар бор, мусобақаларга боришга, ўйнашга имкониятлар бор. Тошкентда кўплаб мусобақалар ўтади, Олимпиада Самарқандда ўтди. Ҳеч қачон бўлмаган нарсалар ҳозир бўляпти. Бу имкониятлар учун мен ҳам, бизнинг шахматчилар ҳам чексиз миннатдормиз”, - деди у.
Учрашувда Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг Олимпиададаги иштироки ҳам алоҳида қайд этилди. Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева ва Гулдона Каримованинг натижалари эътироф этилди.
Ёш шахматчи Афруза Ҳамдамованинг айтишича, профессионал шахмат билан бирга таълимни давом эттириш осон эмас. Шунга қарамай, у жамоанинг Олимпиададаги натижасини юқори баҳолади.
“Биз жамоа бўлиб яхши ўйнадик, деб ўйлайман. Олдинги Олимпиадаларда биз жуда паст ҳисобланардик, лидер ҳисобланмасдик. Бу Олимпиадада эса 13-рақамли жамоа сифатида бошлаб, доимо юқори тахталарда медал учун курашдик. Бу шахмат Ўзбекистонда нафақат эркаклар, балки аёллар ўртасида ҳам ривожланаётганини кўрсатди”, - деди Афруза Ҳамдамова.
Тақдирлаш маросимида спортчилар билан бирга уларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳам қатнашди. Улар учун фарзандининг халқаро майдондаги натижаси эътироф этилганини кўриш алоҳида қувончли лаҳза бўлди.
Шахматчи Муҳиддин Мадаминовнинг онаси учун эса бу куннинг энг муҳим лаҳзаси фарзандининг президент билан учрашгани ва меҳнати қадрланганини кўриш бўлган.
“Президент машина берармикан, уй берармикан - бу ҳақда ҳали ўйлаганим йўқ эди. Кўпроқ, болам ҳам ўша акаларига, Нодирбек ва Жавоҳирга ўхшаб, президентнинг ёнига кириб, қўлидан ушлаб, юзини ёруғ қилиб, улар қаторида турармикан, деган ўй бўлган.
Агар бу ишларни грезидентимиз қўллаб-қувватламаганида, балки натижаларнинг ярмига ҳам эриша олмасдик. Чунки бунинг учун жуда катта маблағ керак бўлади. Ўғлимизнинг ўсиши бир пайт тўхтаб қолган эди. Кейинчалик нега бунчалик тез ривожланганининг сабаби - грезидентимизнинг доимий қўллаб-қувватлаши”, – деди Мадаминовнинг онаси.
3-Парашахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сирожиддин Зайниддинов бронза медалини қўлга киритди. Унинг онаси фарзандининг учинчи ўринни эгаллаганидан жуда хурсанд бўлганини айтди. Унинг фикрича, спортда натижага эришиш билан бирга, уни сақлаб қолиш ва янада яхшилаш ҳам муҳим.
“Ўғлим Сирожиддин Зайниддинни биринчи марта эшитганда, парашахматдан учинчи ўрин, бронза медал олганидан бениҳоят хурсанд бўлдим. Уни ифодалаш ҳам қийин. Биз мана шу давлатимиз раҳбарияти, президентимиз шунчалик шароитлар қилиб, болаларимизни шунчалик ардоқлаб, шунчалик юқориларга кўтариб, шахмат билан шуғулланишга шароит яратганликларидан албатта миннатдормиз. Мен шу фурсатдан фойдаланиб, Самарқанд аҳлига ҳам бениҳоят раҳмат дейман. Негаки, 200 дан зиёд давлатдан 2000 дан зиёд шахматчи келиб, шу ерда тузини ичиб, раҳматини айтиб кетганининг ўзим гувоҳи бўлдим. Шундан мен ўйлайманки, яна икки йилдан кейин, яна Олимпиадага албатта шу олган ютуқларни ушлаб, албатта... Ютуқни олиш осон, лекин уни ушлаб туриш қийин”, - деди у.
Сирожиддин Зайниддинов эса Президент билан учрашув унинг энг катта орзуларидан бири бўлганини таъкидлади.
“Менинг энг катта орзум - ҳурматли президентимиз билан учрашиш эди. Бунга эришдим. Мен жуда хурсандман ва бизларга бундай совғалар бериб, бундай эътибор қаратаётганларидан миннатдорман”, - деди у.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор спортчилар ҳамда уларнинг яқинлари билан эсдалик учун суратга тушилди. Шундан сўнг барча ғолиб иштирокчиларга президент совғалари - автомашиналар топширилди.

