Навбатдаги мақсад – Янги Ўзбекистонни дунё шахмат марказига айлантириш
ФИДЕ рейтингида 1500 дан юқори балл тўплаган шахматчиларнинг хусусий клубларда ўқиш харажатларининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади.

Навбатдаги вазифа – Янги Ўзбекистонни дунё шахматининг марказига айлантириш
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтган шахмат олимпиадасида эришилган ютуқлар ортида спортчиларнинг ота-оналари, илк устозлари, мураббийлари ҳамда уларни қўллаб-қувватлаган жамоалар турганини таъкидлади. Давлат раҳбари жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ўз тажрибаси ва билимини янги авлодга мунтазам етказиб келаётганини алоҳида қайд этди.
– Устознинг энг катта ғалабаси – шогирдларининг ундан ҳам баланд марраларга чиқишидир!
Ўзбекистон шахмат федерациясининг ФИДЕ томонидан “Энг яхши федерация” деб тан олингани, Рустам Қосимжоновнинг ФИДЕ фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонованинг эса Марказий Осиё бўйича минтақавий президент этиб сайлангани мамлакатимизнинг жаҳон шахматидаги нуфузи ошиб бораётганидан далолат экани айтилди.
Бу – мактаб, бу – тизим, бу – ўзбек шахматининг янги босқичи,
2018-йилда қабул қилинган қарор асосида мактабларда шахмат ўқитиш, мураббийлар тайёрлаш ва клубларни ривожлантириш йўлга қўйилди. Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистондан 17 нафар шахматчи халқаро гроссмейстер унвонини олди, уларнинг беш нафари аёллардир.
Давлат раҳбари кейинги мақсадни белгилаб берди: Янги Ўзбекистонни нафақат Олимпиада чемпиони, балки дунё шахмат марказига айлантириш. Бунинг учун мамлакатда тажриба, натижа ва ёшлар учун намуна бўла оладиган чемпионлар борлиги таъкидланди. Улардан илҳом олган минглаб болаларнинг шахматга кириб келиши янги истеъдодларни аниқлаш учун мустаҳкам асос яратади.
Шу мақсадда ҳар бир вилоят, туман ва маҳаллада иқтидорли болаларни эрта аниқлаш, уларни кучли устозларга бириктириш ҳамда халқаро турнирларда мунтазам қатнашишига шароит яратиш вазифаси қўйилди. Қизлар шахмати ва парашахматни ривожлантириш учун алоҳида тизим ташкил этилади.
Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғонада минтақавий филиаллари очилади. Академияда олий тоифали мураббийлар тайёрлаш йўлга қўйилади. ФИДЕ рейтингида 1 минг 500 дан юқори балл тўплаган шахматчиларнинг хусусий клубларда ўқиш харажатларининг ярми давлат томонидан қопланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Гранд чесс миллий бренди остида халқаро турнирлар мунтазам ўтказиб борилади. Президент Янги Тошкентда 500 кишилик ўйин зали, ётоқхона ва спорт майдончаларига эга замонавий шахмат саройини қуришни таклиф қилди.

