“Бу жараёнда ўқитувчиларга босим қилиш нотўғри”. Ўзбекистонда инклюзив таълим муҳокамаси
Мактаб ёшидаги ногиронлиги бўлган болаларнинг 6801 нафари инклюзив таълимга жалб қилинган. Аммо мактаблардаги инфратузилма, ўқитувчилар тайёргарлиги каби муаммолар сақланиб қолмоқда. ъПедагогларга босим қилиш орқали инклюзияни тарғиб қилиш нотўғриъ, — дейди тадқиқотчи Дилмурод Юсупов. Батафсил.

“Бу жараёнда ўқитувчиларга босим қилиш нотўғри”. Ўзбекистонда инклюзив таълим муҳокамаси
Ўзбекистонда 132 мингдан зиёд мактаб ёшидаги ногиронлиги бўлган болалар мавжуд. Таҳлилларга кўра, 2610 та умумтаълим мактабида 6801 нафар бола инклюзив таълимга жалб қилинган, 17 056 нафар бола эса уйда таълим олади.
УНИСЕФ қарашига кўра, инклюзив таълим тор ва кенг маънода икки хил тушунчани англатади. Тор маънода бу ногиронлиги бўлган ёки муайян қийинчиликларга дуч келаётган ўқувчиларни таълим жараёнига қўшишдир. Кенг маънода эса ногиронлиги бор-йўқлигидан қатъи назар, турли эҳтиёж ва имкониятларга эга барча болаларни таълим жараёнига тенг жалб қилишни билдиради.
Мен буни кўпинча оддий бир мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қиламан. Балки ҳар бирингизнинг бешинчи синф пайтингизда бўғинлаб ўқийдиган синфдошингиз бўлгандир. Ёки сиз алгебра масалаларини ечаётган вақтда, карра жадвалини ҳали яхши билмайдиган синфдошингиз ҳам бўлган. Аммо аксарият ҳолларда бундай болага унинг имкониятидан келиб чиқиб ёндашилмаган. Масалан, ўқиш кўникмаси ҳали етарли даражада шаклланмаган бўлса ҳам, унга бешинчи синф дастури асосида мураккаб асарлар берилган, яъни боланинг эҳтиёжига мослашиш ўрнига, ундан дастур талабларига мослашиш кутилган.
Инклюзив таълим эса ҳар бир боланинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, унинг таълим жараёнидаги самарадорлигини максимал даражада оширишни назарда тутади. Шу маънода инклюзив таълим — самарали ва сифатли таълимдир.
Ҳозир жамиятимизда инклюзия деганда кўпинча фақат ногиронлик тушунилади. Аслида эса бу анча кенг тушунча. “Инклюзия” сўзи франсуз тилидан кириб келган бўлиб, жамиятга қўшиш, бирлаштириш деган маънони англатади.
Бунда инсоннинг ҳолатидан қатъи назар, унга тенг имконият ва шароит яратиш назарда тутилади. Ногиронлиги бўлган бола ҳам, кам таъминланган оила фарзанди ҳам, олис ҳудудда яшайдиган ўғил-қизлар ҳам — барчаси таълим жараёнида тенг имкониятга эга бўлиши керак. Бизда эса “инклюзив” деганда ҳатто “инклюзивлиги бор болалар” каби нотўғри иборалар ишлатилади. Аслида инклюзия болада эмас, жамиятда ва мактабда бўлиши керак.
Албатта, ногиронлиги бўлган болаларни биринчи навбатда таълим жараёнига тўлиқ қўшишимиз, уларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб мактаб муҳитини мослаштиришимиз зарур. Лекин инклюзияни фақат шу билан чеклаб қўйиш нотўғри. Бу — анча кенг тушунча.
Инклюзия деганда ногиронлиги бўлган болаларни тушуниш стереотипини ўзимиз шакллантириб боряпмиз. Амалдорлар ёки давлат хизматчилари йиғилиш ва муҳокамаларда “инклюзия” деганда доим шу масалага урғу бергани учун жамиятда ҳам шундай тушунча пайдо бўлган.
Аслида инклюзивлик — тенглик. Бир томондан, “тенглик” деяпмиз, иккинчи томондан эса ногиронлиги бўлган болаларни доим алоҳида таъкидлаб, ўзимиз уларни ажратиб қўйяпмиз. Шунинг учун бу ёндашувдан аста-секин воз кечиб боришимиз керак.
Инклюзивликни кундалик ҳаётимиздаги кўплаб ҳолатларда кўришимиз мумкин. Масалан, умумтаълим мактабларида турли тилларда таълим олаётган болаларнинг битта тизимда ўқиши ҳам инклюзиянинг бир кўриниши. Қизлар ва ўғил болаларга тенг имконият яратилиши ҳам шундай. Ёки олис қишлоқдаги бола шаҳар марказидаги мактаб ўқувчиси билан бир хил сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлиши керак. Бу ҳам инклюзивлик.
Ҳозир биз “инклюзив таълим” деган атамани шартли равишда ишлатяпмиз. Мен ишонаманки, беш ёки ўн йилдан кейин бу оддий ҳолатга айланади. Хориж тажрибасига қарасак, масалан, Европа давлатларида “инклюзия” деганда кўпроқ мигрантлар фарзандлари, бошқа миллат ва дин вакилларининг жамиятга мослашуви тушунилади. Ногиронлиги бўлган инсонларнинг таълим олиши ва жамиятда тенг ҳуқуқли шахс сифатида иштирок этиши эса аллақачон оддий ҳолатга айланган.
Бола боғчадан бошлаб ногиронлиги бўлган тенгдоши билан бирга ўсса, уни кўриш, эшитиш ёки ҳаракатланишидаги фарқни камситиш учун сабаб деб билмайди. Уни шунчаки инсон, тенгдоши сифатида қабул қилади. Бизда эса ҳали ҳам бундай стереотиплар бор. Шунинг учун инклюзив таълимни ривожлантириш билан бирга, жамиятнинг бу борадаги қарашларини ҳам ўзгартиришимиз керак.
Назаримда, биз ҳали йўлнинг энг бошида турибмиз. Чунки инклюзив таълим ривожланган мамлакатларда асрлар давомида шаклланган жараён. Ҳар бир давлатнинг бу борада ўз ривожланиш йўналиши ва анъаналари бор. Масалан, АҚШдаги инклюзив таълимнинг ривожланиш тарихи Европа мамлакатлариникидан фарқ қилади.
Бизда эса бу йўналиш авваллари асосан лойиҳалар доирасида амалга ошириларди. Мен махсус педагогика йўналишида талаба бўлган пайтимда ҳам шундай лойиҳалар бўлар, кўнгилли сифатида мактабларга бориб, болаларга ёрдам беришда иштирок этардик. Бу жараёнда ўқитувчиларимиз ҳам бизга кўмаклашарди. Аммо лойиҳа тугаши билан ишлар ҳам тўхтарди. Одатда бундай лойиҳалар уч-тўрт йил давом этиб, кейин якунланарди.
Ҳозир эса вазият бошқача. Инклюзив таълим қонунчиликда, жумладан, Конституция ва “Таълим тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топган. Шунинг учун бу жараённи энди тизимли ислоҳот сифатида кўриш мумкин. Лекин ҳали беш йиллар атрофидагина вақт ўтганини ҳисобга олсак, биз шаклланиш босқичидамиз. Шу маънода, ҳали йўлнинг бошида турибмиз.
Дилмурод Юсупов:
Мен ҳам Шаҳнозанинг фикрига қўшиламан. Инклюзив таълимни жорий этиш — жуда узоқ давом этадиган жараён. Уни қисқа муддатда тез қадамлар билан якунлаб бўлмайди. Масалан, АҚШдаги ҳамкасбларимиздан инклюзив таълим ислоҳотига қанча вақт кетганини сўраганимизда, камида 70 йилдан ортиқ вақт сарфланганини айтишган. Европа давлатларида ҳам бу жараён ҳали тугагани йўқ, давом этмоқда ва турли муаммоларга эга болалар масаласи бор.
Бундан ташқари, инклюзив таълим доимий равишда янги масалаларни кун тартибига олиб чиқади. Масалан, ҳозир сунъий интеллект ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. У инклюзив таълимга қандай таъсир қилади, болалар учун қандай имкониятлар яратади, қандай технологиялардан фойдаланиш мумкин — буларнинг барчаси янги муҳокама қилинадиган масалалар.
Ўзбекистонда бу жараённи 2020-йилдан бошланган, деб ҳисоблаш мумкин. Чунки ўша даврда инклюзив таълим консепсияси қабул қилинди. Унда 2025-йилга қадар умумтаълим мактабларининг 51 фоизини инклюзив таълимга ўтказиш каби катта кўрсаткичлар белгиланган эди. Бу жуда нореал деб ўйлайман. Ҳозир инклюзив таълимни ривожлантиришга интилишимиз ва ҳаракатимиз жуда яхши. Лекин шошилиш ҳам турли хатоларга олиб келиши мумкин. Масалан, фақат рақамлар ортидан қувиб, ислоҳотнинг энг муҳим иштирокчиси — боланинг ўзига зарар етказиб қўйишимиз мумкин.
Шунинг учун ислоҳот жараёнида доим бир саволни ўзимизга беришимиз керак: “Биз бу ўзгаришлар билан болага зарар етказмаяпмизми?”. Хорижий тажрибада ҳам асосий тамойиллардан бири — ҳеч кимга, биринчи навбатда эса болага зиён етказмаслик. Инклюзив таълимдан асосий манфаатдор томон бола бўлиши керак. Шу сабабли мен жараёнда бироз суръатни пасайтириб, сифатга кўпроқ эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайман. Бу ислоҳотни тезроқ амалга оширишдан кўра, уни болалар манфаатига зарар етказмаган ҳолда тўғри йўлга қўйиш муҳимроқ.
Рўзибек Тўраев:
Республика бўйича мактаб ёшидаги ногиронлиги бўлган 132 мингдан ортиқ бола бор. Улар бир нечта шаклда таълим олади.
Биринчиси — тоифасига қараб ташкил этилган 90 та ихтисослаштирилган мактаб. Иккинчиси — уйда таълим олиш. Учинчиси — умумтаълим мактабларида инклюзив таълим олиш. Шунингдек, жуда оғир ва мураккаб ҳолатдаги болалар учун ҳам таълим шакллари мавжуд бўлиб, бу йўналишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги “Мурувват” болалар уйларида ҳам ишлар олиб борилади.
Республика бўйича 2610 та умумтаълим мактабида инклюзив таълим синфлари очилган.
Шуларнинг қарийб 860 тасида болаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, нисбатан тўсиқсиз муҳит яратилган. Ўқув йили якунига кўра, ана шу 2610 та мактабда 6801 нафар бола инклюзив таълим шароитида ўқимоқда.

