Маҳаллий

“Бу бизнинг иккинчи уйимиз”. Ўзбекистонда ягона Мимика ва имо-ишоралар театри қандай ишлайди

Ўзбекистонда ягона Мимика ва имо-ишоралар театри ҳақида ҳатто пойтахтда ҳам кам одам билади. Бу ерда кар ва заиф эшитувчи актёрлар имо-ишора тилида рол ижро этадилар, эшитадиган томошабинлар учун эса спектаклларга таржимон овоз беради. Маблағ етишмаслиги сабаб труппа йилда бир марта янги спектакл чиқаради ва камдан-кам гастролларга чиқади, шунга қарамай, ишлашда давом этяпти. Газета ушбу ноёб театрнинг тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

“Бу бизнинг иккинчи уйимиз”. Ўзбекистонда ягона Мимика ва имо-ишоралар театри қандай фаолият юритади

Ўзбекистон Мимика ва имо-ишоралар театри — мамлакатдаги ягона шундай маскан. Ҳозир бу ерда труппа томонидан ёзилган пьеса асосидаги “Кўз ёшлар” спектаклининг репетисияси давом этмоқда. Жамоа 21-сентябрдан 27-сентябргача ўтказиладиган Халқаро карлар ҳафталигига тайёргарлик кўряпти.

Актёрлар спектаклнинг энг ҳаяжонли қисми — финал саҳнасини машқ қилишмоқда. Бош қаҳрамон Асад узоқ айрилиқдан кейин оиласи билан яна учрашади. Илгари Ойгул билан никоҳига қаршилик қилган холасига имо-ишора тилида мурожаат қилиб, йигит аёлнинг адашганини кўрсатади — энди у севгилиси билан бирга ва бахтли.

Режиссёр Олег Ошепков машқни тўхтатиб, керакли ҳаракатни кўрсатади ва саҳнани қайта бажаришни сўрайди. Иштирокчилар аввалги жойларига қайтиб, шерикларининг имо-ишоралари ва юз ифодаларини кузатадилар, навбатларини кутадилар.

Уларнинг ёнида имо-ишора тили таржимони Камила Яқубжанова ҳам бор. У спектаклларни тайёрлашда ёрдам беради, учрашувимиз чоғида эса актёрлар билан мулоқотни йўлга қўйиб, савол-жавобларни таржима қилади — труппада кар ва заиф эшитувчилар ишлайди.

1973-йилда Ўзбекистон карлар жамияти қошида Республика маданият саройи очилган. Унинг атрофида спорт мажмуаси, ётоқхона ва жамият аъзолари учун турар-жой бинолари жойлашгани сабабли Олмазор туманининг бу қисми “карлар шаҳарчаси” деб аталган.

Кўп йиллар давомида сарой кар ва заиф эшитувчи тошкентликлар тўпланадиган марказ бўлиб хизмат қилган — улар бу ерга спектакллар, консертлар ва кинонамойишларга келишарди. 2001-йилда у Кар ва кар-кўрлар маданият марказига айлантирилди. Бугун унинг қошида Ўзбекистон карлар жамияти Марказий бошқаруви ташкил этган Мимика ва имо-ишора театри ишламоқда.

Бу — мамлакатдаги имо-ишора тилида ижро этадиган ягона жамоа.

Театр Қорасарой кўчасидаги кўзга унча ташланмайдиган икки қаватли бинода жойлашган. Ичкарида 400 томошабинга мўлжалланган катта зал, рақс студияси, кутубхона, костюмлар хонаси ва декорация тайёрлаш устахонаси бор. Фое деворларида турли йиллардаги спектакллар ва гастроллардан олинган суратлар осилган бўлиб, улар жамоа тарихини акс эттиради.

Директор ўринбосари Олег Ошепковнинг деярли бутун ҳаёти театр билан боғлиқ. Унинг эшитиши заиф, бироқ оғзаки нутқи бор. У илк бор бу саҳнага 1991-йилда — ҳали мактаб ўқувчиси пайтида — кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган 102-мактаб-интернатнинг рақс жамоаси таркибида чиққан.

“Менга саҳнага чиқиш, турли қиёфаларга кириш ҳамда ҳис-туйғуларни имо-ишоралар ва юз ифодаси орқали етказиш ёқарди. Айниқса, залнинг муносабати илҳомлантирарди: томошабинлар жилмайишар, кулишар, қарсак чалишар ва мен чиқишимиз уларда жонли таассурот уйғотаётганини кўрардим.

Ўшанда ҳаётимни саҳна билан боғлашни хоҳлаётганимни англаганман”

, — дея эслайди Ошепков.

Мактабни тугатгач, у Тошкент эстрада-сирк коллежига ўқишга кирган, кейин Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсилини давом эттирган. Диплом олгач, Олег Ошепков ўзи учун қадрли бўлган театрга актёр сифатида қайтган. Саҳнадаги 25 йиллик фаолиятидан сўнг директор ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Олег Ошепков.

Ҳозир Ошепков спектакллар ва рақс чиқишларини саҳналаштиради, мусиқа танлайди, ёритиш ва либослар тайёрланишини назорат қилади. Зарурат туғилганда спектаклларда ҳам қатнашади, гарчи сўнгги пайтларда ролларни бошқаларга топшириб, саҳна ортида қолишни афзал кўрса-да. Режиссёр бу вазифаларнинг кенг доирасини театрнинг камтарона штати ва чекланган бюджети билан изоҳлайди.

“Бизда актёрлар саҳнада ҳам, саҳна ортида ҳам ишлайди. Театрнинг алоҳида техник жамоаси йўқ, шунинг учун вазифаларни ўзаро тақсимлаймиз: баъзилар рол ўйнаётганда, бошқалари пардани бошқаради, декорацияларни алмаштиради ва ёритишни назорат қилади. Ҳамма бир-бирига ёрдам бериши керак”, — деб тушунтиради Ошепков.

Труппа репетисияга кечки соат олти-еттидан кейин йиғилади. Премьера яқинлашганда, жалб этилган актёрлар театрда кечгача қолишади — спектаклни бир неча бор тўлиқ ўйнаб чиқишади, либослар, реквизит, ёритиш ва овоз безакларини текширишади. Уларни фақат иш эмас, балки бу деворлар орасида ўтказиладиган бўш вақт ҳам бирлаштиради.

“Баъзида тунгача ўтириб, суҳбатлашамиз, фикр алмашамиз, ўйинлар ўйнаймиз ва бир-биримизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Бу ерда руҳан яқин одамлар йиғилган. Бу бизнинг иккинчи уйимиз”

, — дейди Олег Ошепков.

Театр йилига битта янги спектакл чиқаришга уринади. Тайёргарлик бир неча ой давом этади ва ғояни муҳокама қилишдан бошланади — бунга филм, китоб ёки ҳаётий воқеа сабаб бўлиши мумкин. Олег Ошепков труппа билан бирга саҳналар, қаҳрамонлар характерини ўйлаб топади ва ролларни тақсимлайди.

Шундан кейин жамоа имо-ишора тили таржимони Камила Якубжанова билан бирга ссенарийни таҳлил қилади.

Репликаларни имо-ишора тилига сўзма-сўз таржима қилиб бўлмайди — бир хил имо-ишора турли маъноларни англатиши мумкин, танлов эса контекстга боғлиқ.

Шу боис Ошепков ва Якубжанова аввал ҳар бир репликанинг мазмунини аниқлайдилар, сўнг аниқ имо-ишора ибораларини танлаб, уларни актёрларга тушунтирадилар. Репетицияларда нафақат имо-ишоралар, балки қаҳрамонларнинг юз ифодаси, пластикаси ва ўзаро ҳаракатлари ҳам машқ қилинади.

Шу билан бирга, эшитадиган томошабинлар учун овозлаштириш тайёрланади. Илгари репликалар олдиндан ёзиб олинарди, бироқ фонограмма ҳатто озгина кечикиш ёки пауза сабабли ҳам спектакл суръатига мос келмай қолиши мумкин эди. Шунинг учун энди таржимон саҳнадаги актёрларга мослашиб, матнни овоз чиқариб айтади.

Жамоа мусиқа ва рақс номерлари устида алоҳида ишлайди. Мусиқа кучли баслар билан қўйилади — шунда кар ва заиф эшитувчи актёрлар ҳамда томошабинлар ритмни вибрация орқали ҳис қиладилар. Саҳнага ўз вақтида чиқиш ва тактга мослашиш учун видеокўрсатмалардан фойдаланилади: илгари хореограф биринчи қаторлардан туриб санаб турган бўлса, энди унинг ҳаракатлари саҳна олдидаги мониторларга узатилади.

Сўнгги беш йил ичида репертуарда “Ўзбекистоннинг оилавий анъаналари”, “Одам қидириш”, “Уч ўзбек аёли юлдузлар билан учрашади”, “21-аср: Золушка ва Кавказ қароқчилари” комедиялари, шунингдек, актёрлардан ўзгача ҳиссий теранликни талаб қилган илк “Кўз ёшлар” драмаси пайдо бўлди. Улар имо-ишоралар ва юз ифодалари орқали қаҳрамонларнинг мураккаб кечинмалари — оғриқ, хавотир ва ички шубҳаларни етказишлари керак эди.

Театр давлат байрамлари ва Халқаро карлар ҳафталиги муносабати билан йилига ўртача тўрт-бешта катта спектакл намойиш этади. Баъзан ижодкорлар марказнинг кекса меҳмонлари учун камерали дастурлар ҳам тайёрлайдилар.

Ҳар бир спектакл атиги бир неча марта намойиш этилади: таркиб ўзгариб туриши сабабли эски репертуарга қайтиш қийин — ролларни қайта тақсимлаш ва яна ўрганиш керак бўлади.

2021-йилда театр илк бор Москвадаги “Жест ҳудуди” (“Территория жеста”) фестивалида қатнашиб, “Ўзбекистоннинг оилавий анъаналари” комедиясини ҳамда миллий ва замонавий рақслар дастурини тақдим этди. Жамоа биринчи ўринни олди. Кейин актёрлар Москва, Липеск ва Санкт-Петербургдаги фестивалларда ҳам муваффақиятли иштирок этишди. 2024-йилда эса Ўзбекистон карлар жамиятининг 95 йиллиги муносабати билан труппа мамлакатнинг барча ҳудудлари бўйлаб кенг кўламли гастрол сафарига чиқди.

“Ўзбекистоннинг оилавий анъаналари” спектакли. Театр архивидан.

Доимий труппада 15 киши бор. Ҳамма ҳам профессионал актёрлик маълумотига эга эмас: кимдир штатда ярим ставкада ишлайди, кимдир кўнгилли сифатида келган, кўпчилик эса саҳнани асосий иши билан бирга олиб боради.

Саҳнага келиш йўли ҳар кимда турлича. Александра Кривоусова 2003-йилда нафақахўрлар учрашувига қатнайдиган кекса кар қўшниси билан биринчи марта театрга келганида 12 ёшда эди. У марказда суҳбатлашиш ва вақтни бирга ўтказиш учун бунчалик кўп одам йиғилишини кўриб ҳайратда қолган.

Александра Кривоусова. Сурат: Евгений Сорочин / Газета

Кейинчалик Александра кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган 102-сонли мактаб-интернатдаги Олег Ошепковнинг рақс тўгарагига ёзилди. У ўқувчиларни театрга таклиф қилаётганини билгач, ўзини синаб кўришга қарор қилди.

Унинг катта саҳнадаги дебюти 13 ёшида бўлди — қизалоқ матнни имо-ишора тилига ўгирган ҳолда, Филипп Киркоров репертуаридаги қўшиқка жўшқин рақс тушди. Чиқишдан олдин, Александранинг айтишича, юраги тез уриб, ҳаяжон босган, аммо саҳнага чиққач ҳаяжон йўқолган. Зал қизалоқни олқишлар билан кутиб олган ва шундан бери у томошабинлар олдига яна ва яна чиқишни орзу қилган.

Мимика ва имо-ишоралар театрида Александра Кривоусованинг фаолияти рақс номерларидан бошланган. Спектаклларда рол ижро этишни эса кейинроқ бошлаган. 35 ёшли актрисанинг мутахассислик бўйича маълумоти йўқ — ролларни ўзлаштириш ва ўрганишда унга Олег Ошепков ҳамда репетициялар пайтида кузатган труппадаги ҳамкасблари ёрдам берган.

Александра кўпинча комедияларда рол ўйнайди. Севимли ишларидан бири “Уч ўзбек аёли юлдузлар билан учрашади” спектакли бўлган. У қишлоқдан келган ва машҳурларни биринчи марта яқиндан кўрган учта дугонадан бирини ўйнаган. “Кўз ёшлар” драмасида Кривоусовага ноодатий рол — ёвуз ва ҳукмрон аёл образи насиб этган. Қаҳрамонининг характерини ҳис қилишга уриниб, актриса шунга ўхшаш персонажлар иштирокидаги филмларни қайта кўриб чиққан ва уларнинг юз ифодаси, нигоҳи ҳамда имо-ишораларини ўзлаштирган. Премьерадан сўнг Александра томошабинлардан таассуротларини сўраган. Қаҳрамони уларнинг ғазабини қўзғаганини эшитиб, бу образ унинг ўзига бутунлай зид бўлса-да, муваффақиятли чиққанини тушунган.

Оддий ҳаётда Александра стоматология клиникасида фаррош бўлиб ишлайди — саҳнадан топадиган даромади ўғлини боқиш учун етмайди. Клиникада унинг театрга қизиқишини билишади ва репетисияларга рухсат беришади, спектаклларига гуллар билан келишади. Кривоусова профессионал актёрлик таълимини олишни, ўз касбида ривожланишни ва томошабинларнинг кенг эътирофига сазовор бўлишни орзу қилади.

Театрнинг яна бир актёри Аббос Йўлдошев труппага яқинда қўшилган. У бир неча йилни саҳна ортида ўтказган: аввал чироқларни ўрнатишга ёрдам берган, кейин консертлар ва спектаклларни суратга олган. Шу вақт ичида жамоа билан дўстлашиб кетган, тез-тез томошаларга келган ва ўзи саҳнага чиқишни режалаштирмаган бўлса-да, санъаткорлар билан суҳбатлашиш учун қолган.

“Кўз ёшлар” драмасини тайёрлаш пайтида жамоа актёрлар етишмовчилигига дуч келган ва роллардан бирини Аббосга таклиф қилган. Аввалига у рад этган — танишларининг гап-сўзидан чўчиган, бироқ вақт ўтиб барибир синаб кўришга қарор қилиб, репетисияга келган.

Аббос Йўлдошев.

Аббос ўзбекзабон оилада улғайгани учун рус тилида ссенарий ўқиш унга осон бўлмаган. Таржимон Камила Якубжанова у билан имо-ишора тилида саҳналарни таҳлил қилган, у эса репликалар ва ҳаракатлар кетма-кетлигини эслаб қолиш учун тушунтиришларни телефонга ёзиб олган ва уйда видеоларни қайта кўриб чиққан. Дастлаб шериклари билан мулоқот қилиш ҳам қийин бўлган, бироқ труппа уни қўллаб-қувватлаб, ўзига ишонишига ёрдам берган. Вақт ўтиши билан Аббос ролга киришиб кетган ва саҳнада ўзини мутлақо эркин тута бошлаган.

Йўлдошевнинг актёрлик дебюти шу йилнинг май ойида бўлиб ўтган. У бадавлат оиладан чиққан, Ойгул исмли қизга бўлган муҳаббати учун ота-онасининг фикрига қарши чиқиб, курашишга тайёр бўлган меҳрибон, тарбияли ва ўзига ишонган йигит — Асад ролини ўйнаган. Спектаклдан сўнг томошабинлар суратга тушиш учун Аббоснинг олдига келишган, таниш-билишлари эса унга спектакл лавҳалари акс этган видеоларни юборишган. У бундай эътибор ўзи учун ноодатий бўлганини тан олади.

Театрдан ташқарида Аббос таксичилик қилади ва иш жадвалини репетисияларга мослаштира олади. Ҳозирча профессионал актёр бўлишни режалаштирмаётганини айтади.

У театрга биринчи навбатда мулоқот қилиш учун келганини, ўзини эркин ҳис қиладиган, янги сўзлар ўрганадиган ва илгари қилиб кўрмаган ишларини синаб кўрадиган одамлар даврасини топганини тан олади.

Ҳозирча Мимика ва имо-ишоралар театри ҳақида ҳатто Тошкентда ҳам кам одам билади. Унинг асосий аудиторияси ҳануз карлар ва заиф эшитувчилар жамоаси бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда жамоа театр ва унинг актёрлари ҳақида имкон қадар кўпроқ одам хабардор бўлиши учун эшитувчи томошабинларни ҳам жалб этишга интиляпти.

Спектаклга чипта одатда 30 минг сўм атрофида туради. Театр доимий томошабинлар имкониятини ҳисобга олиб, нархни ҳамёнбоп сақлашга ҳаракат қилади. 27-сентябр куни Халқаро карлар ҳафталигига бағишланган томоша эса ҳамма учун бепул намойиш этилди.

Бироқ чипталардан тушган даромад театрни сақлаб туриш учун етарли эмас. Топилган маблағнинг бир қисми яна спектаклларга сарфланади: материаллар сотиб олинади, либослар тикилади ва декорациялар яратилади. Қолган пуллар томошабинларга совғалар улашиш ва хайрия тадбирларини ташкил этишга йўналтирилади.

Маблағнинг чеклангани репертуарга ҳам таъсир қилади: уни кенгайтириш учун пул керак, аммо у етишмайди.

Шу сабабли театр одатда йилига битта спектакл чиқаради ва уни бир неча марта намойиш этади. Актёрлар таркиби тез-тез ўзгариб тургани учун аввалги спектаклларни саҳнага қайтаришнинг имкони бўлмайди.

Маблағ етишмаслиги чиқишлар географиясини ҳам чеклайди. Труппа халқаро фестивалларга таклифномалар олади, бироқ улардан ҳар доим ҳам фойдалана олмайди. Яқинда жамоа Қозоғистонга боришдан бош тортишга мажбур бўлди, чунки йўл ва турар жой харажатларини ижодкорлар ўз ҳисобидан қоплашлари керак эди. Маблағ етишмагани сабабли Ўзбекистон бўйлаб гастрол сафарлари ҳам мунтазам ўтказилмаяпти. Ҳолбуки, ҳудудлар аҳолиси уларнинг чиқишларини интиқлик билан кутмоқда.

“Биз ўз саҳнамизда кўпроқ чиқиш қилишни, янги спектакллар қўйишни ва хорижий фестивалларда иштирок этишни хоҳлаймиз. Бунинг учун театрга барқарор маошлар, қўшимча ходимлар ҳамда либослар, декорациялар ва сафарлар учун маблағ керак. Умид қиламизки, вақт ўтиши билан бизда зарур имкониятлар пайдо бўлади. Шунда театр ривожлана олади, спектаклларимизни эса нафақат ўзимиздаги, балки хориждаги томошабинлар ҳам кўради”, — дейди Олег Ошепков.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.