“Тан оламан бор моддангни, фақат отамни тинч қўй, илтимос. Унинг айби — мени ўқитгани холос”. “Қўрқма” спектаклидан репортаж
ъМиллатъ театрида ъҚўрқмаъ спектакли намойиш этилмоқда. 1920-йилларда Германияга ўқишга юборилиб, сўнг қатағонга учраган Туркистон ёшлари фожиасига бағишланган ушбу саундрама турли рамзлар ва метафоралар орқали тарихнинг оғриқли мавзусига янгича ёндашишга ҳаракат қилади.

“Тан оламан бор моддангни, фақат отамни тинч қўй, илтимос. Унинг айби — мени ўқитгани холос”. “Қўрқма” спектаклидан репортаж
13 сьентябрдан Тошкентдаги Қатортол кўчасида жойлашган “Миллат” театрида “Қўрқма” спектаклининг намойиши бошланди.
1922-йилда жадидчилик ҳаракати намоёндалари 70 дан ортиқ Туркистон ёшларини Германияга ўқишга юборади. Талабаларнинг ҳаммаси ҳам бадавлат оиладан бўлмагани сабаб жадидларнинг ўзи ҳамда ватандаги бойлар уларга моддий ёрдам юбориб туради. Бундан ташқари, Совет ҳукумати ҳам оз миқдорда стипендия ажратади.
1924-йилда Совет ҳукумати Туркистон йигит-қизларининг Германияда таҳсил олишини катта хавф деб билиб, уларни ортга қайтармоқчи бўлади. Улар бунга рози бўлмагач, таъминотдан маҳрум қилишни бошлайди. 1928-йилда улар стипендиядан бутунлай маҳрум қилинади. Босимлардан ҳолдан тойган бир гуруҳ талабалар юртга қайтади ва 1938-йилги “қатағон машинаси” қурбонига айланиб, отиб ташланади.
2020-йилда ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг ана шу қайғули воқеаларни қамраб олган “Қўрқма” романи чоп этилди. Китоб бир неча йил давомида адабий муҳит ва китобхонлар орасида турли, ҳатто қарама-қарши баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Шу билан бирга, у “Таҳсин”, “Олтин қалам” миллий мукофотларига муносиб кўрилди.
Спектакл айнан шу роман асосида саҳналаштирилган. У бутун романни қамраб олмай, асосан ёшларга нисбатан зулм, хоинлик ва қатағон фожиасини кўрсатади.
Спектакл бошидан охиригача микрофонсиз, тўлиқ жонли ижро этилади.
60 дан ортиқ томошабин митти ўриндиқлардан жой олди. Театр кенглиги бўйлаб ёйилган саҳнада актёрлар аллақачон ижрога тайёр турарди. “Тан оламан бор моддангни, фақат отамни тинч қўй, илтимос. Унинг айби — мени ўқитгани холос”, деган қизнинг илтижоси билан спектакл бошланади.
Саҳнада бугунги замонавий ёшлар ва Олмонияга юборилган талабалар ҳаёти параллел тарзда жонланади.
Оғриқли, миллатни қийнайдиган фожиали саҳналарни актёрлар енгил юмор ва сатира орқали етказишга уринади. “Тарихий воқеанинг ўзи одамни эзиб қўяди. Томошабинга ғоя осонроқ кириб бориши учун шундай ечим қилганмиз”, — дейди спектакл бадиий раҳбари Ўлмас Темур.
Дастлаб пул, кредит ҳақидаги диалоглар томошабинга ўз маиший ҳаётини эслатади. Театрда саҳна асари қўйилса, кўп пул йиғилишини кутган талабага бошқаси “Одамларда пул йўқ, кўпчилик ижарада туради, бу ерда ўтирган ҳар бир инсоннинг иккитадан кредити ва бир олам ташвиши бор”, — дейди.
Оломон “текин ош” дея бир-бирини босиб кетаётган саҳнада Фитрат уларни ғамгин нигоҳ билан, жим кузатиб туради. Бунда бугунги маиший ташвишлар орасида маърифат, тарих ва келажак ҳақида ўйлашга жой қолганмикан, деган савол яширингандек.
Талабаларни Германияга жўнатишдан олдин Самарқандга олиб бориб, Амир Темур мақбараси қошида қасамёд қилдиришади. Ёшлар ўз дил изҳорлари билан бирга Самарқандга нисбатан ички ўкинчини ҳам билдиради: “О, Самарқанд! Дунё бешигини тебратган шаҳар. О, Самарқанд — дунёга она бўлган замин! Самарқанд қанчалар улуғвор ва бир пайтда шунчалар хор”.
Айнан шу саҳнада Фитратнинг отилиши кўрсатилади, бироқ у спектакл охиригача рол ижро этишда давом этади. Бу билан Германияга кетаётган ёшларни олдинда қандай тақдир кутаётганига ишора қилингандек.
Кейинги саҳнада “эшакқуртлар” образи пайдо бўлади. Ўсимлик қолдиқлари ва чиқиндилар билан озиқланадиган бу ҳашаротлар жамиятдаги муайян тоифага ўхшатилади. “Уларни кўп кўраман, фақат бировларнинг ҳисобига яшашади. Кафедралардан тортиб, парламент биноларигача бўлган ҳудудларда ўрмалаб юришади. Вазирликларда қорин ва мўйлов билан керилиб юришади. Бошқаларга халал беради, ишлаган виждонли одамни тезроқ инфаркт қилиб ўлдиришни ўйлайди”.
“Чора — бу ҳаракатдир, сенинг нажотинг келажак учун курашишда” деган даъват орқали эса иллатларни фақат ҳаракат билан енгиш мумкинлигига ишора қилинади.
Совет ҳукумати Германияда таълим олаётган талабаларнинг ичидаги гаплардан бохабар бўлиб туриш учун уларнинг ичидан жосус излайди. Бунинг учун кимдир хоинлик қилиши керак эди.
Хайринисо Мажидхонова ролидаги қизни чақириб, талабаларнинг ички кайфиятини назорат қилиш учун пул эвазига ҳамкорлик таклиф этади. Қиз эътироз билдирганида, вакил уни турмага ташлаш билан таҳдид қилади.
Қиз қийноқлар ва азоблардан кейин ҳам кўнмагач, отасини ўртага қўйиб таҳдид қилади. “Отанг сени махсус агент қилмоқчи бўлиб чет элга юборган, ўзи давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрган” дея бир нечта моддалар бўйича айблов қўяди.
Охир-оқибат, қиз чидай олмай, уларнинг барини тан олади, отасининг ягона айби қизини ўқитгани эканини айтиб, уни тинч қўйишини сўраб ёлворади. Бироқ вакилдан “Отангни аллақачон гум[дон] қилишган” деган жавоб келади.
Умуман олганда, бу саҳнада бир нечта ўткир метафоралардан фойдаланилган. Персонаж бўйнига ўралган парда сиртмоққа, арғимчоқ устида турганда курсининг тепиб юборилиши қатл жараёнига ишора қилади. Кийимлардаги тешиклар талабаларнинг отилгани, қамалгани ва сургун қилинганини билдирса, асосий визуал восита бўлмиш қизил ранг — қон, совет тузуми ва қатағон рамзи бўлиб хизмат қилади.
Саҳнада Хайринисо Мажидхонованинг ўзбек қизлари ва оналарига мурожаати янграйди. “Қўрқоқни туғмоқ оналик эмас. Илмли мардларнинг онасигина ҳақиқий онадир. Бизда бир вақтлар бундай аёллар сероб эди”, — дейди у.
Бунга йигитлар номидан аччиқ иқрор келади. “Мен қўрқоқман. Меҳнат қилишдан ва азобланишдан қўрқаман. Ватанимга, нафсимни деб муҳаббатимга хоинлик қиламан. Ишламай тишлайман, ўқимай институтга кираман. Севгига муносиб бўлмай севаман. Болани қандай тарбия қилишни билмай туриб, хотин оламан ва ўлимга арзимай ўламан”.
Саҳнадаги бошқа бир қаҳрамон дунёда ривожланаётган техникага ишора қилиб, нега ўз юрти бундай тараққиётга эриша олмаганидан афсусланади.
Спектаклнинг кейинги саҳнасида Хайринисо ҳали дунёга келмаган фарзандлари билан мулоқот қилади. Туғилмаган болалар келажак авлод номидан бўлажак онасига шарт қўя бошлайди. Шартлар ҳам бугунимиз ва айни муаммоларимизга тарсаки бўлиб урилгандек.
— Мени сотиб юбормайсизми?
— Йўқ, сени қоним билан боқаман. Қоним тугаса, руҳим билан.
— Мени туққанингизни, боққанингизни миннат қилмайсизми?
— Сени туққаним ва боққаним — чексиз бахт ҳамда меҳр.
— Эрта турмушга бериб юбораман деб болаликдан қўрқитиб катта қилмайсизми?
— Йўқ, сени эркин ва ҳалол катта қиламан. Ўзинг танлов қила олишинг учун илм олишингга кўмаклашаман.
— Менга йиғлашни ўргатасизми?
— Йўқ, оналар болаларга фақат кулишни ўргатишади. Йиғлаш керак бўлган вақтда қандай кулишни ўргатаман сенга.
Суҳбат охирида бола онасидан унинг қони тозалиги, наслидан хоин ўтмаган-ўтмагани ҳақида сўрайди. Она эса бобоси хоин бўлгани ҳақида эски гап борлиги, аммо бу ёлғон бўлиши ҳам мумкинлигини айтади. Бунга жавобан боланинг “Отамга яқинлаша кўрманг, мен сиздан туғилишни истамайман!” деган ҳайқириғи янграйди.
Бола ҳали туғилмай туриб, хоиннинг авлоди бўлишдан қўрқади.
Театрдаги иссиқданми ёки жонли ижроданми, томошабинларнинг пешоналаридан тер чиқа бошлади. Айримлар елпиғичлари билан ўзларига ҳаво бера бошлади.
Кейин эса поезд овози янграб, талабаларнинг Берлиндан Тошкентга қайтаётганига ишора қилинади. Аммо саҳна бу қайтишни қувончли учрашув эмас, оғир фожиа сифатида кутиб олади. Ёшлар бошларига қизил стулларни кийиб тўлғанади. Хайринисо Мажидхонова, Наим Пўлат, Аҳмад Шукурий, Абдурауф Фитрат, Саттор Жаббор, Марям Султонмуродова, Абдуваҳоб Муродий — исмлар бирин-кетин ўқилиб, ҳар бирининг ортидан рамзий маънода ўқ узилади.
Ўлим ва оғриқли саҳналар, руҳнинг танани тарк этиши одатий тўппонча отиш ёки баланд ўқ овози билан эмас, балки болалар ўйинчоғи бўлган совун пуфакчалари орқали нозик тарзда ифодаланади.
Саҳна асари тарихий воқеаларни кетма-кетликда изчил ҳикоя қилмайди. Томошабин вақт ва макон алмашинувини турли тиллардаги диалоглар, қўшиқлар, қичқириқ ва эълонлар орқали ўзи мантиқан йиғиб олиши керак. Бу 1920-йиллардаги воқеалардан хабари бўлмаган одамга бироз оғир ва тушунарсиз бўлиши мумкин.
“Қўрқма романининг ёзилиш тартиби анъанавий қонуниятларга бўйсунмайди. Жавлон Жовлиевнинг бадиий услуби ҳам ноодатий бўлиб, сюжет бир текисда кетмайди. Асарни саҳналаштиришда ҳам худди шундай ёндашилди. Мумтоз саҳна асарларидек кириш, етакчи хатти-ҳаракат, кулминация, тугун, ечим, хулоса берилмади. Воқеалар узуқ-юлуқ бўлиб, мантиқан бир-бирига боғланмаган.
Бу мустақил экспериментал театрнинг тажриба спектакли.
Яъни анъанавий театрларга хос эмас”, — дейди Ўлмас Темур буни изоҳлар экан.
Мусиқий ечимларнинг кўплиги спектаклни жадидлар ҳақидаги бошқа асарлардан ажратиб туради. Бироқ айнан шу ўзига хослик айрим томошабинлар учун мазмунни қабул қилишни бироз қийинлаштириши мумкин.
“Биз кўпинча жадидларни салла, чопон ва мўйловда, ўйга ботган ҳолда кўришга ўрганганмиз. Спектаклни атайлаб жадидларнинг монологлари билан оғирлаштирмадик. Мақсадимиз — томошабинни яна бир бор йиғлатиш эмасди. „Миллат“ театри асосий аудиторияси сифатида зумер авлодни кўради. Улар орасида театр деганда зерикарли, қоронғи ва совуқ залда икки соат эснаб ўтиришни тушунадиган қатлам бор. Театр ундай эмаслиги ва неча минг йилдан бери ўлмай келаётганини ёшларнинг ўзига, яшаш тарзига яқин шаклда кўрсатмоқчимиз”, — дейди Ўлмас Темур.
Спектаклда ўзбек тили билан бир қаторда инглиз, немис ва рус тилларидан ҳам фойдаланилган. “Бугунги ёшлар тил ўрганишга қизиқади ва кундалик ҳаётда она тили қатори бошқа тилларда ҳам мулоқот қилади. Уларга тушунарли бўлиши, қизиқиш ва ҳайрат уйғотиши учун ҳам шу йўлни тутдик”, — деб таъкидлайди театр асосчиси.
Спектакл айнан ёшларни марказга қўйган ҳолда бугунги талабалар нима учун ўқияпти, деган саволни ўртага ташлайди. Давомийлиги бир соатни ташкил этадиган саҳна асари устида етти нафар ижодий гуруҳ аъзоси ва ўн нафар ёш актёр икки ой давомида ишлаган. Сьентябр ойида 11 та сеанс режалаштирилган бўлса, чипталар онлайн манзилга жойлаштирилганидан кўп ўтмай тўлиқ сотилиб кетган. Охирги намойиш 27 сьентябр куни бўлиб ўтади.
“2026-йил май ойида Маданият вазирлиги томонидан давлат буюртмаси учун хусусий театр-студиялар ўртасида очиқ танлов эълон қилинди. Унда 20 дан ортиқ хусусий театр ва студиялар ўз саҳна асарлари ҳамда ҳужжатларини тақдим этди. Улар орасида бизнинг „Қўрқма“ спектакли ғолиб деб топилиб, вазирлик томонидан давлат буюртмаси сифатида 220 миллион сўм маблағ ажратилди”, — дейди Ўлмас Темур.
Келгусида асарни Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда университет талабаларига намойиш этиш ҳамда вилоят марказларида сеанслар ташкил қилиш режалаштирилган.
Ўлмас Темур 2025-йил 14-феврал куни президентнинг ёшлар билан ўтказган учрашувида янги театр ташкил этиш таклифини илгари суради. 2025-йил 26-мартда уч ой муддатда Ёшлар экспериментал театр студиясини ташкил этиш бўйича президент фармони имзоланиб, унинг ижроси Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига юклатилади.
“Фармоннинг ижроси масаласида вазирлик ва ҳокимиятга борганимда буджет ажратишга имкониятимиз йўқ, дейишди. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, ўзим якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, 2026-йил 27-март Халқаро театр кунида „Миллат“ театрини очдим”, — дейди Ўлмас Темур.
Янги театр уч ой фаолият олиб бориб, ижара пулини тўлолмай бир муддат ишини тўхтатишга мажбур бўлади.
“Кейин билсак, бизга „имконимиз йўқ“ деб, „Ёш томошабинлар“ давлат театрининг озгина жойини таъмирлаб, „театр очилди“ деб, фармоннинг ижросини ёпиб юборишган экан. Вазир Озодбек Назарбековга чиққанимда, вазиятни суриштириб, таъмирланган театрдан жой беришлари мумкинлигини айтди. Лекин театр раҳбарияти бизга ажратилган қисмни ўзимизга мослаштиришга рухсат бермади ва у ерни ўз хоҳишимиз билан тарк этдик. Кейин мана шу Қатортолдаги жойни олиб, фаолиятимизни қайта бошладик. Сьентябр-декабр ойларидаги ижара пулимизни Марказий банк тўлаб берди”, — дейди Ўлмас Темур.
Театр шу кунгача “Кулги академияси” асари асосидаги “Жулиетта сотди” бир пардали трагикомадияси, “Ҳаккала, дуккала, чўкала” шеърий спектакли ҳамда Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Осмоннинг охири” асарларини саҳналаштирган. “Қўрқма” саундрамаси эса жамоанинг тўртинчи саҳна асари бўлди.

