“Роли орқали Чингиз Айтматовни йиғлатган”. Актриса Ёдгора Зиямуҳамедова — ҳамкасблари хотирасида
Газета марҳума, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ёдгора Зиямуҳамедованинг ҳамкасблари — Фарида Умарова, Баҳодир Нишонов ва Шуҳрат Ибрагимовдан ўз хотиралари билан бўлишишни сўради. ъКатта орзуларидан бири болалар учун ҳақиқий мўжизалар оламига айланадиган театр бўлишини кўриш эдиъ, — деди улар.

“Роли орқали Чингиз Айтматовни йиғлатган”. Актриса Ёдгора Зиямуҳамедова — ҳамкасблари хотирасида
17-сентабр куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр, кино ва дубляж актрисаси Ёдгора Зиямуҳамедова 74 ёшида оламдан ўтди.
У 52 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида самарали ижод қилиб, саҳнада қарийб 100 та турли образни яратди. Шунингдек, болалар учун мўлжалланган “Оқшом эртаклари” кўрсатувини 25 йил давомида олиб борди.
Ёдгора опамни институтда ўқиб юрган пайтимдан билардим. 1973-йили ўқишга кирганимда, у киши битирувчи курсда эди. Курсдошлари билан “Кечиккан севги” номли диплом спектаклини саҳналаштирган экан. Ўшанда Ёдгора опани илк бор кўрганман. 1987-йилдан эса бир театрда ишлай бошладик. Жамоага тез сингиб кетишимга ҳам у киши яқиндан ёрдам берган.
Узоқ йиллар бир саҳнада ижод қилдик. “Оталар сўзи”, “Тақдирлар”, “Иқрор” каби теленовеллаларда бирга роллар ижро этдик. Бундан ташқари, дам олиш масканлари ва пахта далаларига, Маданият вазирлиги ташкил этган турли ижодий учрашувларга ҳам кўп борардик. Юртимизнинг деярли барча ҳудудларида бирга бўлганмиз. Иккимизни ҳамиша бирга жўнатишарди, кўпинча битта хонада турардик.
Унда инсонийлик, меҳр ва саховат ниҳоятда кучли эди. Ҳеч қачон одамларни касби ёки мавқеига қараб ажратмасди. Хоҳ санъат вакили бўлсин, хоҳ бошқа касб эгаси — ҳаммага бир хил муомала қиларди, ҳатто бегоналарнинг ҳам дардига қулоқ тутарди. Кўча супуриб юрган инсонлар билан ҳам самимий суҳбатлашиб, ҳол-аҳвол сўрарди. Бозорга борсак ҳам, сотувчилар билан нарх талашмасди. “Менга арзон берманг, эл қатори оламан” дерди. Жуда болажон эди, болаларни ўз набирасидек эркалаб, меҳр кўрсатарди.
Ёдгора опам ҳаётида жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирди. Турмуш ўртоғи, театримизнинг етакчи актёри Шуҳрат Зиямуҳамедов 38 ёшида вафот этганида, фарзандлари Фотима ва Зуҳра, ўғли Тоҳир жуда кичик эди. Шундай оғир шароитда болаларини ўз меҳнати билан катта қилди, ўқитди. Эгизак қизларини “Булбулча” болалар ансамблига бериб, санъатга қизиқтирди. Ҳатто Фотима ва Зуҳра онасига ёрдам бериш учун мошхўрда, мастава тайёрлаб, сотганларини ҳам биламан. Оила ана шундай қийинчиликларни бошидан кечирган.
У киши доимо театр учун жон куйдирарди. Ўзи учун ҳеч нарса сўрамасди. “Менга шароит қилиб беринглар” деб, оилавий қийинчиликларини рўкач қилиб ёрдам сўраб юрадиган инсон эмасди. Аксинча, бутун умрини театр санъатига бағишлади. Театрдаги маоши 4 миллион сўм атрофида эди. Шунга қарамай, “Театр маошининг баракаси бор” деб, қаноат қиларди. Яқинда театримизда категорияси ошганини эшитиб, жуда қувонганди. “Шунча йил сабр қилдик, январ ойидан ошса ажаб эмас” деганди. Афсуски, бу кунлар унга насиб этмади.
Ёдгора опанинг энг катта орзуларидан бири Ўзбекистон болалари учун ҳақиқий мўжизалар оламига айланган театрни кўриш эди. “Қани энди болалар келганда кўзлари қувонадиган, фоеси катта, актёрлар учун яхши гримхоналари бор, саҳналари айланадиган, штанкетлари тушиб-чиқадиган, пардалари чиройли очилиб-ёпиладиган театр бўлса. Болалар кирганда кўзини қамаштирадиган гуллар, қушлар, мўжизалар бўлса, „Вой!“ деб ҳайратланиб, „Мана, бизнинг театримиз“ деб фахрланадиган жой бўлса” дея кўп гапирарди. Бу орзусини қаерга борса ҳам такрорлар, “Билмайман, бу орзу амалга ошадими ёки армон бўлиб қоладими”, дерди. У кишининг сўнгги гапларидан бири ҳам шу орзу эди.
Охирги пайтларда саломатлиги билан боғлиқ айрим шикоятлари ҳам бор эди. “Пари, юрагим нимагадир ғалати бўляпти, ҳовлиқиб, ҳаприқиб кетяпти, худди қинидан чиқиб кетадигандек” деб гапирарди. Баъзан йўталарди. “Нимага йўталяпсиз?” десам, “Аллергия, шекилли, билмайман, чангданми… Шу йўтал тушса, томоғим қичишиб, тўхтамайди. Бир тўхтаса, тўхтайди” дерди. Аммо оғир касал бўлиб, ётиб қоладиган ҳолатда эмасди. Уч кун ичида шундай воқеалар бўлиб кетди. Охирати обод бўлсин!
Ёдгорани 70-йиллардан бери, институтда ўқиган давримиздан танирдим. Битта театрда 52 йил бирга ишладик. У жуда ажойиб ва тўғри инсон, кучли ва характерли актриса эди.
Ёдгора ҳаёти давомида жуда кўп қийинчиликларни кўрди: етимликни, очликни, етишмовчиликни бошидан кечирди. Отаси эрта вафот этган, худди онаси сингари ўзи ҳам уч фарзандини катта қилиб, ўқитди. Шу сабабли ҳар доим ота-онаси бор инсонларга ҳавас қиларди. Биз бир муддат қўшни ҳам бўлиб яшаганмиз. Ўшанда у “Баҳодир ака, сизлар қандай бахтли инсонсизлар. Ота-онангиз бор, мен отамни кўрмаганман, бирор марта „дада“ деб айтмаганман” дерди. Ёдгора бир умр “ота” деган сўзни айта олмаганидан армонда юрганини кўп таъкидларди.
У қийинчиликларда улғайган бўлса-да, тўғри инсон бўлиб қолди. Театрда ҳам рол танламасди: катта ёки кичик образ бўлишидан қатъи назар, берилган ролни яхши ўйнарди. “Қизил шапкача”, “Чиранчоқ қуёнча” каби спектаклларда бирга ўйнаганмиз. Лекин, менинг назаримда, унинг энг кучли ва эсда қоларли роли Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” спектаклидаги Нурғози образи бўлган. Мен ҳам ўша спектаклда Қулбек ролини ижро қилганман.
Эсимда, 1982-йил “Оқ кема” премерасига Чингиз Айтматовнинг ўзи рафиқаси билан бирга келган. Премера соат 14:00 га белгиланган, аммо самолёт вақтида учмагани боис спектакл кечки соат 19:00 да бошланган. Биз қарийб беш соат кутганмиз. Энг қизиғи, бирорта томошабин ҳам кетиб қолмаган, ҳамма Чингиз Айтматовни кутиб ўтирган. Ўша куни вазирлик вакиллари, ёзувчилар, шоирлар, танқидчилар — кўплаб таниқли инсонлар ҳам ташриф буюрган.
Спектаклдан сўнг Чингиз Айтматов жуда яхши фикрлар билдирган. “Ўзбеклар, биз қондошмиз, ёндошмиз. Мен жуда хурсандман ўзбеклар асаримни саҳналаштирганидан” деган илиқ сўзларни айтган. Спектакл давомида жуда таъсирлангани, ҳатто йиғлаганини ҳам билдирган. Айниқса, Ёдгоранинг Нурғози образини алоҳида тилга олганди. “Нурғози ролини синглимиз жуда таъсирли ўйнади, мен ҳатто йиғладим” деганди. Ҳақиқатан ҳам у Нурғозини жуда зўр ижро этган.
Ёдгоранинг энг катта орзуларидан бири — театримизнинг бир асрлик тўйини кўриш эди. “Баҳодир ака, 100 йиллик юбилейгача етиш насиб қилсин, бирлигимиз йўқолмасин” деб кўп айтарди. Мен, Шамсиқамар Мансурова, Ёдгора, Фарида Умарова, Ҳакима Отахонова, Венера Сафянова каби театрдаги катта авлод вакилларининг аҳил бўлиши ҳам унинг учун жуда муҳим эди. Уч йилдан сўнг, яъни 2028-йилда театримизнинг 100 йиллик юбилейи нишонланади. Ёдгора шу кунларни кўришни жуда хоҳларди. Афсуски, бу орзусига ета олмади.
Кўплаб болалар сингари мен ҳам кичиклигимдан Ёдгора опанинг “Оқшом эртаклари”ни олиб борганини кўриб улғайганман. Йиллар ўтиб, у киши билан бир театрда ижод қилиш насиб этди. Ўн йилдан ортиқ бирга фаолият юритдик. Шу вақт давомида она-боладек бўлиб қолгандик. У мени “болам” дерди, мен эса “онам” деб мурожаат қилардим.
Ўтган давр мобайнида “Жадидлар. Сўнгги кунлар”, “Барҳаёт чинор”, “Қизил қалпоқча” сингари бир қанча спектаклларда бирга ишладик. У киши ҳар бир спектаклда ўзига хос образларни маромига етказиб ижро этарди. Айниқса, “Қизил қалпоқча”да жуда яхши рол ўйнаган.
Ёдгора опа билан ишлаш жараёнида ҳеч қачон келишмовчилик бўлмаган. У мени ҳамиша қўллаб-қувватлар, яхши сўзлар айтарди. “Омад, омад, болажоним” деб, руҳлантирарди. Менга нисбатан муносабати жуда самимий ва бошқача эди.
Аммо сўнгги пайтларда улар билан етарлича гаплашмаганимдан афсусланаман. Сўнгги марта 13 ёки 14-сентабр куни кўришгандик. Баъзан инсон ёнида турган одамнинг қандай ҳолатда эканини, унга нимадир етишмаётганини сезмай қоларкан. Бу менинг катта афсусларимдан бири бўлиб қолди.
Инсон ким билан мулоқот қилмасин, у билан худди охирги марта суҳбатлашаётгандек гаплашиши керак экан.
Ҳар бир мулоқотга шундай муносабатда бўлиш керак экан.
Ёдгора опа билан ўтказган ўн йилдан ортиқ вақт мен учун жуда қадрли. У кишини онамдек кўрдим, мени ўз фарзандидек яхши кўрди ва ҳурмат қилди.

